Ҳам “хўрдани", ҳам “бурда”ни. Амалдорликни ҳам, тадбиркорликни ҳам дўндирганлар
Таҳлил
−
05 Январь
16764Билсангиз керак, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида Давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар аниқ қилиб ёзилган.
Ушбу моддага асосан мансабдор шахснинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқнинг намунавий қоидалари”нинг 13-бандида давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланмаслиги белгиланган.
Буни қарангки, бизнинг “уддабурон” амалдорларимиз, давлатнинг ишини ҳам, шахсий бизнесларини ҳам дўндиришади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ижтимоий тармоқларда Давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг айрим мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганига оид хабарлар тарқалганидан кейин, очиқ маълумотлар асосида ўтказган ўрганишлари давомида бир қатор мансабдор шахслар тадбиркорлик субъектларида таъсисчи ёки улушга эга экани маълум бўлди.
Қайд қилинишича, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини бартараф этиш юзасидан агентлик томонидан чора кўрилган. Натижада, қуйидаги мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик ва раҳбарлик фаолияти тугатилган.
Агентлик берган рўйхатда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Мамадаминов Умид Маҳмудович ҳам бор.
Очиқ маълумотлар қидирув бўлимига Мамадаминов Умид Маҳмудович деб ёзсангиз унинг бир эмас, нақд 7 та масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси эканини кўрасиз. Уларнинг 100 фоизлик улуши ҳам айнан “зам министр”нинг ўзига тегишли. Бир МЧЖда таъсисчи деб кўрсатилган Умид Мамадаминов, яна бирида ҳам таъсисчи ҳам директор сифатида қайд этилган.
2023 йилнинг 23 февраль куни Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, шу йилнинг 17 август куни Энергетика вазири ўринбосари лавозимида иш бошлаган Мамадаминовнинг таржимаи ҳолида ҳам у хусусий корхона эгаси бўлгани айтилган.
Мансабдор 7 508 555 100 сўмлик устав фонди билан 2017 йилда очилган ва ҳозиргача тегирмон-ёрма саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган “JIZZAKH AGRITRADE“ МЧЖни 47.80 фоиз улушига эгалик қилгани кўрсатилган. Статистика қўмитаси берган 2024 йил 4 январдаги маълумотда эса мансабдор эгалик қилган 47.80 фоизлик улуш бошқа одамга бериб юборилган.
Умид Мамадаминов 100 фоиз улуш билан очган кейинги МЧЖ эса 2018 йилда ташкил этилган “GOLDEN HARVEST FARM“ МЧЖ.
2019 ва 2022 йилларда 2 тадан ташкил этилган МЧЖларда ҳам 100 фоизлик улуш айнан Энергетика вазири ўринбосарига тегишли эканини кўриш мумкин. Бу корхоналар, комплекс маъмурий-бошқарув хизмати кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш, қуруқлик транспорти соҳасида хизматлар кўрсатган. Ҳа кўрсатган. Чунки, бугунги кунда мансабдорга тегишли бўлгани айтилиб, бошқа одамга ўтказилган “JIZZAKH AGRITRADE“ МЧЖдан бошқа барча корхоналар фаолияти тугатилган. Қачон ва нима учунлиги айтилмаган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тадбиркорлик билан шуғулланган деб айтган навбатдаги мансабдор Тошкент шаҳри Миробод тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов.
Сайфутдинов 2023 йилнинг 7 октябрь куни Миробод тумани ҳокими лавозимига тайинланган. Унга қадар, аниқроқ айтганда, 2019 йилнинг сентябрь ойидан Яккасарой тумани ҳокими лавозимида ишлаган.
Туман ҳокими Анвар Сайфутдиновнинг МЧЖ таъсисчиси экани 2023 йилдаги очиқ маълумотлар порталида ёзилган. Унда, тошни кесиш, ишлов бериш ва пардозлаш билан шуғулланадиган “SANICO GROUP“ МЧЖнинг 17 фоиз улуши айнан Миробод туман ҳокимига тегишли экани ёзилган. Буни қарангки, 2024 йил 4 январдаги Юридик шахс тўғрисида маълумотлар портали эса ҳокимнинг таъсисчилар қаторидан чиққанини кўрсатмоқда. МЧЖ ҳозирги вақтда ҳам фаолиятини давом эттирмоқда.
Тадбиркорлик билан шуғулланган кейинги давлат хизматчиси 2021 йилнинг 24 август куни Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими сифатида иш бошлаган Санобархон Носировадир.
Очиқ маълумотларга кўра, ҳокима 2019 йилнинг 24 июнида ташкил этилган Транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш билан шуғулланадиган “QORASUV AVTO SCHOOL“ МЧЖнинг 9 фоизлик улуш билан таъсисчиси ҳисобланади.
Бундан ташқари, ҳокимликка тайинланишидан бир йил олдин, 2020 йилнинг 3 июль куни таъсис этилган “SMART KIDS 777" МЧЖ мактабгача таълим муассасасининг 100 фоизлик улуш билан таъсисчиси ва раҳбари ҳисобланади. Бугунги кунда ҳар иккала МЧЖнинг фаолияти тугатилган.
Тадбиркорлик билан шуғуллангани айтилаётган Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси раҳбари Шерали Абдужабборовнинг маълумотлари ҳам очиқ маълумотлар порталида бор.
Портал маълумотларига ишонадиган бўлсак, Абдужабборов 2015 йил ноябрь ойида ташкил этилган “OʼZPAXTASANOATEKSPORT“ холдинг компанияси ва 2016 йилнинг бошларида таъсис этилган ”LIONS FRUIT“ МЧЖ соҳиби бўлган. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси раҳбари юқоридаги корхоналарнинг бирида 100 фоиз, иккинчисида 40.10 фоизлик улушга эга таъсисчи ва директор ҳисобланади. Ҳозирги кунда ҳар икки муассаса фаолияти тўхтатилган.
2022 йилнинг июнь ойида Миллий антидопинг агентлиги раҳбари бўлган Абдушукур Содиқовнинг ҳам тадбиркорлик билан шуғуллангани аниқланди.
2018 йилдан юқоридаги лавозимга тайинлангунига қадар МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори лавозимида ишлаган Содиқов ҳақидаги маълумотлар ҳам очиқ маълумотлар порталидан топилади. Унга кўра, Содиқов 2008 йилнинг июль ойида таъсис этилган, ихтисослашган дўконларда мотор ёқилғиси чакана савдоси билан шуғулланадиган “PERFEKT-PETROL“ хусусий корхонаси ва 1995 йилнинг ноябрида ташкил этилган ”ALI-F“ хусусий корхонаси таъсисчиси ва директори ҳисобланади. Ҳозирги кунда ҳар иккала корхона фаолияти тўхтатилган.
Давлат хизматчиси бўлиш билан бирга тадбиркорлик билан шуғуллангани айтилган Марказий банк Ахборотлашув бош маркази раҳбари Дилшод Сарихўжаев ҳақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмас.
Тасдиқланмаган маълумотларда, 2023 йилнинг август ойи ўрталаригача Президент Администрацияси раҳбари ёрдамчиси лавозимида ишлаган Суннатилла Ҳусанович Бекенов билан қариндошлиги айтиладиган Туризм қўмитаси ҳузуридаги Миллий PR-маркази директори Дилфуза Самандарованинг тадбиркорлик билан шуғулланиши аниқлангани ёдингизда бўлса керак. Ўшанда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан берилган тақдимномага биноан, Дилфуза Самандарованинг “Avtoimkon trade” МЧЖ таъсисчилигидаги фаолиятини тугатиш, тадбиркорлик билан шуғулланмаслик ва келгусида шу каби ҳолатларга йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантириш бериш ва тушунтириш ишларини олиб бориш айтилган эди.
Хизмат текшируви ўтказилиб, огоҳлантирилган чоғи Самандарова тадбиркорлик фаолиятини тўхтатган. Бу ҳужжатда. Аслида тўхтатдими ёки йўқми, бу бизга қоронғи. Самандарова МЧЖдаги 50 фоизлик улушини ўша вақтда директор бўлган Зиятов Нодиржон Тахировичга берган кўринади.
Юридик шахс тўғрисида маълумотлар порталида келтирилишича, бугунги кунда “Avtoimkon trade” МЧЖ фаолиятини давом эттирмоқда ва МЧЖ таъсисчилари ёки директори рўйхатида Дилфуза Самандарова йўқ.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тадбиркорлик билан шуғулланаётган амалдорлар қаторида Самандарова борлигини ҳам айтган. Аммо айнан қайси тадбиркорлик фаолияти эканини очиқламаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизовни ҳам тадбиркорлик билан шуғуллангани айтилмоқда.
Очиқ маълумотлар порталининг эски маълумотларида, у 2022 йилда ташкил этилган тошни кесиш, ишлов бериш ва пардозлашга ихтисослашган “CONSTR” МЧЖнинг 100 фоизлик таъсисчиси экани ёзилган. Статистика қўмитасининг 4 январь 2024 йилдаги маълумотида эса МЧЖ таъсисчиси Азизова Умида Бахтиёровна эканини кўрасиз. Фамилияни солиштирганда катта эҳтимол билан бу аёл агентлик директорининг ё хотини ёки онаси.
Ўзи бизда СССРдан қолган одат бор ва бу МДҲ мамлакатларида урчиган. Буни сиз ҳам инкор қилмасангиз керак. Эркаклар бошига иш тушиш хавфи бўлса, топганини турмуш ўртоғи ё онасининг номига ўтказади. Аёллар – эрлар учун энг яхши бизнес ҳамкор.
Аслида амалдорлар мана шундай “манёвр” қилмаслиги учун Президент Шавкат Мирзиёев фармон имзолаган.
Юқорида айтганимиздек, ижтимоий тармоқларда давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг айрим мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётгани ҳақида хабарлар тарқалгани учун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги текширув ўтказган ва юқорида гувоҳ бўлганингиз амалдорларнинг тадбикорлик билан шуғулланганини аниқлаган. Бу ҳали бутун бошли айсбергнинг кўзга кўринган қисми. Эҳҳе ҳали қанчадан қанча “каттакон”ларнинг “бизнесча”ларини билмаймиз. Билганлар ҳам кўз юмади. Ҳар ҳолда у ресторан фалончи, бу дўкон пистончи акахонлар-у опахонларники эканини эшитиб қоламиз.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдорларнинг хурмача қилиқларини очиқлагани яхши. Энди бир нарсани эслатиб қўйсак! Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан амалдорларнинг мол-мулки декларация қилиниши айтилган эди. Бу талаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 6 июлда қабул қилган ва 7 июлдан кучга кирган “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида назарда тутилган.
Президент Фармонида 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими ҳам жорий этилиши белгиланганди.
Бироқ, мана 2024 йилни ҳам бошлаб олдик, ҳалигача унинг ижросидан дарак йўқ! Ҳурматли, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва унинг раҳбари Акмал Бурхонов, Фармоннинг ижросини таъминлаш ҳақидаги “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб, уни Вазирлар Маҳкамасига киритиш вақти келиб, ўтиб ҳам кетти чоғи.
LiveБарчаси