Ҳусийлар Исроил томон сузаётган яна бир кемага зарба берди
Олам
−
15 Декабрь 2023
8269Ямандаги ҳусийлар Исроилга кетаётгани тахмин қилинган “Maersk Gibraltar” юк кемасига зарба берди. Бу ҳақда ҳаракат вакили Яҳё Сария маълум қилди.
“Яман ҳарбий-денгиз кучлари Исроилга йўл олган “Maersk Gibraltar” контейнер кемасига қарши операция ўтказди. Кема учувчисиз самолёт ҳужумига учради”, деган Сария.
Унинг сўзларига кўра, “Maersk Gibraltar” экипажи ҳусийларнинг йўналишни ўзгартириш талабига жавоб бермаганидан кейин кема нишонга олинган. Шунингдек, Сария сўнгги 48 соат ичида ҳусийлар Исроил портларига йўл олган бир нечта кемаларнинг ўтишига тўсқинлик қилганини айтган.
"Данмаркс" радиосининг хабар беришича, Уммондан Саудияга йўл олган “Maersk Gibraltar” Боб ал-Мандеб бўғозида ракета ҳужумига учраган. Унинг маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган – ракета кемага тегмаган, балки ундан тахминан 50 м узоқликда қулаган.
Буюк Британия Ҳарбий-денгиз кучларининг денгиз савдосини мувофиқлаштириш маркази (UKMTO) ҳам Боб ал-Мандеб бўғозида жойлашган кемадан 50 метр узоқликда портлаш содир бўлганини билдирган. UKMTO кема экипажи ўзларини мамлакат денгиз флоти вакиллари деб даъво қилган шахслардан йўналишни ўзгартириш ва Яман қирғоқлари томон йўл олиш буйруғини олгани тўғрисида маълумот берган.
Ғазо секторида Фаластин-Исроил можароси авж олганидан сўнг, ҳусийлар Исроил ҳудудига ҳужумлар уюштириши ва унга алоқадор кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига йўл қўймасликларини эълон қилганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Яман ҳусийлари Қизил денгизда Исроил юк кемасини қўлга олиб, Яман қирғоқларига тортиб олиб кетган. Исроил мудофаа кучлари мусодарани "глобал миқёсдаги ҳодиса" деб атаган. Кейинчалик Яман қирғоқларида Исроилнинг Zodiac Maritime компаниясига тегишли бўлган “Central Park” танкери қўлга олинганди. АҚШнинг USS Mason эсминеци номаълум шахслар томонидан ҳужумга учраган "Central Park" кемасининг фавқулодда чақирувига жавоб қайтарган. Шундан сўнг Ямандан USS Mason эсминеци томон икки баллистик ракета учирилди. Декабрь ойида ҳусийлар Исроилнинг Unity Explorer ва Number Nine номли иккита кемасига ҳужум қилган. Илгари ҳусийлар фақат Исроил билан боғлиқ кемаларга таҳдидларни эълон қилган. Бироқ, 12 декабрда улар Норвегиянинг “Strinda” савдо кемасига ҳужум қилган. Кеча, 14 декабрь куни эса АҚШнинг USS Mason эсминеци Қизил денгизда Ямандаги ҳусийлар назорати остидаги ҳудуддан учирилган дронни уриб туширди.