Лифтдан аёлнинг жасадини топган ким?

3-саҳифа

Кеча, 28 июль куни 32 ёшли аёл Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасидаги янги қурилган кўп қаватли уйларнинг бирида электр токи узилиши оқибатида лифтда қамалиб қолиб, вафот эгани ҳақида хабар берган эдик.

QALAMPIR.UZ аёлни лифт ичида ўлик ҳолда кўриб, ички ишлар ходимларига мурожаат қилган гувоҳдан воқеа тафсилотларини сўради. 

“7-қаватда яшайман. 27 июль куни кечаси оилам билан уйдан чиқдик. Лифт ишламаётган эди. Юқори қаватдан пастга тушаётганимизда 1-қаватда лифт эшиги очиқ экан. Лифт ичида ётган аёлга кўзимиз тушди. Қўшниларни чақирдик. 102 рақамига қўнғироқ қилдик, ички ишлар ходимлари келмагунча лифт ичига ҳеч кимни киритмадим. Прокуратура ходими келиб, суратга олиб, тегишлича чора кўрди. 

Аёл душанба (24 июль) куни лифтга кирган. Пайшанба (26 июль) куни кечқурун 22:00 лар атрофида топилди. Бир неча кундан бери лифт ишламаётган эди. Душанба куни лифтда Error-9 ёзуви бор эди. Error-9 бу – лифт 9 қаватда тўхтаганини билдиради. Пайшанба куни FA-1 ёзувини кўрдим. Лифтнинг эшиги очиқ ҳолатда 1-қаватда тўхтаган эди.

Мен эрталаб кетиб, кечқурун келаман. Уйда ҳам одам бўлмайди. Айнан 24 июль куни чироқ ўчганми, деган саволга камера қайдларидан жавоб олиш мумкин. Ички ишлар ходимлари камера қайдларини кўрган вақтида чироқ ўчмаган эди”, дейди Акбархўжа Шадихўжаев.

Гувоҳнинг айтишича, лифт бузилиши ёки унда одам қамалиб қолиш бу уйда яшовчилар учун янгилик эмас.

“Лифт бир ҳафта ишласа кейинги ҳафта яна бузилади. Бу носозликлар одамларнинг ҳам жонига теккан. Кимга мурожаат қилишни билмаймиз. Уй қурган ташкилотга қўнғироқ қилсак, ТСЖ га тўнкайди, улар эса қурувчи ташкилотга. Лифтнинг созлик ҳолатини қабул қиладиган ташкилотлар борми йўқми буни билмадим.

Аввал ҳам уста қамалиб қолганди. Уни ёнида шериги бўлгани учун одам чақириб чиқариб олишган. Бир нарсани айтиш керак, бу аёл эшикни тақиллатгани эшитилмади. Кундузи ишда бўлган бўлсак, кечқурун таққиллатса ҳам эшитилган бўлар эдик”, дейди гувоҳ.

4 кун давомида лифтда қамалиб қолиб, вафот этган аёлнинг ўлими юзасидан қўшимча маълумот берган Бош прокуратура маскур ҳолат юзасидан текширув бошланганидан сўнг, Саноат хавфсизлиги қўмитаси ҳолатга изоҳ берганини айтмоқда.

“Саноат хавфсизлиги қўмитаси “28 июль куни мутахассислар томонидан жойига чиқиб ўрганилганида, лифт қурилмасининг хавфсизлик мосламалари ишчи ҳолатдалиги юзасидан бирламчи кўрик ишлари амалга оширилди ва уларни ишчи ҳолатдалиги аниқланди” деб расмий муносабат билдирган.

Ваҳоланки, лифт 24-28 июль кунлари ишламаётганлигини воқеа гувоҳлари, уй яшовчилари ўз тушунтиришларида, шунингдек, воқеа жойида холис суриштирув олиб борган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистларнинг видеорепортажларида тўлиқ ўз тасдиғини топган”, дейилади Бош прокуратура баёнотида.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг