Ерни сунъий силкитиш мумкинми?

Жамият

Одамлар орасида “Бир неча кун олдин Афғонистон ва Тожикистонда содир бўлган, Ўзбекистонда сезилган зилзила сунъий бўлиши мумкинми?” деган саволлар пайдо бўлди. Ҳозиргача табиий офат экани айтилган Туркиядаги вайронкор зилзила ҳам уюштирилган деб тахмин қилаётганлар ҳам топилади. QALAMPIR.UZ зилзилани сунъий йўл билан ҳосил қилиш мумкинми деган саволлар билан мутахассисга юзланди. 

“Куни кеча Тожикистон ва Афғонистонда кузатилгандек кучли зилзилаларни сунъий амалга ошириб бўлмайди. Балки кучсиз тебранишларни турли қуроллар ёрдамида ҳосил қилиш мумкиндир. Менда бу ҳақда маълумот мавжуд эмас. Инсоният қўли билан яратилган техноген зилзила ҳам бор. Бундай зилзилани нотўғри қурилишлар оқибатида вужудга келтириш мумкин. Мисол тариқасида айтишим мумкин, тоғли ҳудудларда жойни ўрганмай туриб, сув омбори қуриш ёки бошқалар, техноген зилзилаларни келтириб чиқаради. Куни кеча кузатилган зилзила табиий содир бўлди. Бу баллдаги зилзилани сунъий равишда амалга ошириш имконсиз”, дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев.  

Туркияда содир бўлган зилзиладан сўнг ижтимоий тармоқларда турли видеолар тарқалди. Унда осмонда чақнаш акс этган. Ундан сўнг одамларда “зилзила сунъий амалга оширилди” деган тахминлар ҳам пайдо бўлди. ФВВ расмийсига кўра осмоннинг чақнаши табиий жараён, яъни табиат ҳодисаси. 

“Чақмоқ чақнайдиган ҳолат бор. Ҳаводаги, булутлардаги энергия ер билан туташади ва чақмоқ ҳодисаси, ортидан гумбурлаш овози келади. Ер ёриғидаги тўпланган энергия ҳаво билан боғланади ва Туркияда зилзиладан аввал осмонда содир бўлган ёруғлик каби осмоннинг ёришиб кетиш ҳодисаси ҳосил бўлади. Буларнинг барчаси табиат ҳодисаси”, дейди Самандар Ҳикматуллаев.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев билан тўлиқ интервьюни QALAMPIR.UZ'нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг