Ортиқхўжаев Бош вазирга “зам” бўлдими?
Таҳлил
−
16 Март 2023
16588Жорий йилнинг 16 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида энергия ресурслари таъминоти юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда “оёғи ердан узилган” деган тамға билан лавозимидан озод этилган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан кетса ҳам одамлар эътиборидан қолмади.
Тармоқларда Ортиқхўжаевни у ёки бу чиқишлари доим муҳокама бўлади. Шу кеча-кундузда ҳам собиқ пойтахт ҳокими Вазирлар Маҳкамасида иш бошлагани, Бош вазир Абдулла Ариповга маслаҳатчи бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ҳатто, собиқ депутат, Табиат ресурслари вазири маслаҳатчиси бўлган Расул Кушербоев ҳам бу ҳақдаги хабарни ўзининг Telegram-каналига жойлаштирди.
QALAMPIR.UZ Бош вазир Абдулла Ариповнинг матбуот котиби Бекзод Шукуров билан боғланиб, ҳолатни аниқлашга уринди.
“Лавозимга тайинлаш қайсидир даражадаги ҳужжат билан амалга оширилади. Лавозим даражасига қараб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, қарори ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори, фармойиши чиқиши керак. Ҳозирча бундай ҳужжат мавжуд эмас”, деди Шукуров.
Тармоқларда гап болалагандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг матбуот хизмати расмий маълумот бериб, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси лавозимига тайинлангани ҳақидаги хабарлар ёлғон экани ва тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.
16 январь куни бўлиб ўтган танқидий йиғилишдан сўнг Ортиқхўжаев тармоқларда маълум муддат кўриниш бермади.
Орадан бироз вақт ўтиб, аниқроқ айтганда 3 март куни футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 1-туридан ўрин олган “Пахтакор” ва “Олимпик” жамоалари ўртасидаги ўйинга Ортиқхўжаев ҳам боргани ҳақидаги маълумот ва расмлар тармоқларда пайдо бўлди. Маълумки, собиқ ҳоким Тошкентнинг “Пахтакор” клуби эгаси ҳисобланади.
Тошкент аҳолиси ва меҳмонлари Ортиқхўжаевнинг кетишига қандай муносабат билдиради? Ҳокимликнинг 5 йили мобайнида унинг қандай хато-камчиликлари ва ютуқларини айта олади? Айни шу саволлар билан QALAMPIR.UZ 17 январь куни пойтахт кўчаларида ўтказган сўровномадан жавоб топасиз. Видеони QALAMPIR.UZ'нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.
LiveБарчаси