АҚШ Ўзбекистонни огоҳлантирди. Россия агрессияси Марказий Осиёда такрорланадими?
Таҳлил
−
03 Март 2023
31107Ўзбекистон ва АҚШ. Бу доим ўзбекистонликларнинг диққатини тортувчи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик 2016 йилгача вақти-вақти билан ўзгарувчан аҳамиятга эга бўлган. Ислом Каримов даврида Марказий Осиё ва АҚШ ҳамкорлиги иникоси бўлган С5+1 форматидаги илк йиғилиш 2015 йилнинг 1 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтди. Ушбу формат навбатдаги саммитга эса жори йилнинг 28 февраль куни Қозоғистоннинг Остона шаҳри мезбонлик қилди. Унда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Бахтиёр Султонов, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен иштирок этди.
Шу куннинг ўзида саммит якунларига бағишланган Матбуот анжмунида қатнашган АҚШ Давлат департаменти раҳбари Тошкентга йўлга чиқди, уни Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида Бахтиёр Саидов кутиб олди. Муҳими шундаки, Ўзбекистонда АҚШ давлат дапартаменти раҳбари 2021 йилдан буён биринчи марта ташриф буюрмоқда. Сўнгги бор Ўзбекистонга Майкл Помпео 2021 йилнинг февраль ойида келган эди.
1 март куни Блинкеннинг ташрифи расмий тадбирлари бошланди. У Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасига бориб, Ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Бахтиёр Саидов билан музокаралар ўтказди. Аввалига делегациялар оммавий ахборот воситалари гувоҳлигида салом-алик қилди, ундан сўнг суҳбатни ёпиқ эшиклар ортида давом эттирди.
Шундан сўнг Америка дипломатияси раҳбари Ҳазрати Имом мажмуасига бориб, у ердаги мақбаралар, Ислом цивилизацияси маркази билан танишди.
У Жаҳон тиллари университетида бўлиб, тил ўрганаётган ўқувчи ва талабалар билан суҳбатлашди.
Ташрифнинг асосий тадбири – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан мулоқот эса куннинг иккинчи ярмида ўтказилди.
Барча учрашув ва музокаралардан кейин Блинкен оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашиб, Ўзбекистонга ташрифи мақсади, расмийлар билан мулоқот мавзулари ва Президент Мирзиёев билан суҳбатда кўтарилган масалаларни очиқлади.
У сўзи аввалида Ўзбекистонга киритилаётган сармояларга тўхталди.
Сўнгги беш йил ичида Қўшма Штатлар инглиз тилидаги таълимга 25 миллион доллар сармоя киритди. Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда 15 минг инглиз тили ўқитувчисининг малакасини ошириш ва 10 мингга яқин мактабни инглиз тилидаги дарсликлар билан таъминлашга киришганмиз.
Бугун мен инглиз тилида таълим олаётганига бор-йўғи уч-тўрт ой бўлган ва ҳозир жуда равон сўзлашадиган баъзи ёшлар билан дарсда ўтириб, бугунги кунда амалга ошираётган ишларимизга гувоҳ бўлиш имконига эга бўлдим.
Бу шунчаки инглиз тилини ўрганиш эмас, балки ўзбекистонликларнинг ёш авлодини иш ўринлари билан рақобатга тайёрлаш, минтақа бўйлаб инглиз тилида сўзлашувчилар билан алоқа ўрнатиш, Қўшма Штатларда академик лидерлик алмашинув дастурлари эшикларини очишдир.
АҚШ Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳот дастурларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бунинг марказида эса меҳнат ҳуқуқлари ҳам бор.
Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқлари ушбу ислоҳотлар нақадар самарали эканлигини кўрсатди. 11 йил давомида 300 дан ортиқ халқаро компаниялар болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат туфайли ўз маҳсулотларида Ўзбекистон пахтасидан фойдаланишдан воз кечганди. Ўзбекистон ҳуқумати маҳаллий ва Халқаро меҳнат ташкилоти билан нафақат янги меҳнат кодексини қабул қилиш, балки уни амалда тадбиқ қилишни таъминлаш орқали ҳам бу қонунбузарликларни бартараф этиш учун иш олиб борди.
Бу тарихий ютуқ ва бошқа мамлакатларга намунадир. Бу ўзбекистонлик меҳнаткашлар, корхоналар, фермерлар, оилалар ҳаётини сезиларли даражада ўзгартирмоқда. Иш ҳақи ошди, суистеъмоллик камайди, инвестициялар ортиб бормоқда. Ҳар хил ёшдаги одамлар, жумладан, болалар ҳам оғир шароитда пахта теримига мажбурланмаяпти.
Блинкен Президент билан дин эркинлиги ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида ислоҳотларни тўлиқ амалга оширишни муҳокама қилган. 2022 йилнинг июль ойида рўй берган Нукусдаги тартибсизликлар чоғида куч ишлатар идоралар ходимлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар Ўзбекистон томонидан тўлиқ ва шаффоф тергов қилиниши тарафдори эканини билдирган.
Албатта, Блинкеннинг учрашувида Россия-Украина уруши масаласи ҳам кўтарилмай қолмади. Бу борада Америка расмийси Тошкентдагиларга етарлича месежлар берган. Уларнинг аксари уруш ва уни бошлаганлар, алоқадор компанияларни қўлламаслик, санкциялардан қочишларига йўл очмаслик ҳақида.
Ниҳоят, минтақага бу ташриф Путиннинг Украинага қарши агрессиясининг бир йиллиги фонида амалга оширилмоқда. Бу бутун дунёда, жумладан, Марказий Осиёда ҳам одамлар учун қийинчиликларга сабаб бўлиб қолмоқда. Бу тажовузнинг иккинчи ва учинчи даражали оқибатлари ҳали ҳам сезилмоқда. Дарҳақиқат, уруш Марказий Осиёдаги минтақалар, жумладан, озиқ-овқат ва энергия нархларининг ошиши давом этаётган Ўзбекистонга кўпроқ таъсир кўрсатди. Ҳар доимгидек, бу энг заифларга энг оғир таъсир қилади. Шунинг учун АҚШ бу минтақага 16 миллион доллардан ортиқ шошилинч озиқ-овқат ёрдами жўнатди.
Бу машаққатларга қарамай Ўзбекистоннинг ҳам саховатпеша экани янада эътиборга сазовор. Ҳукумат, Ўзбекистон халқи Украинага озиқ-овқат ва тиббий ёрдам кўрсатишни кучайтирди. Мамлакат Президент Путин уруш бошлаганидан кейин Россияни тарк этган ўн минглаб Россия фуқароларини ҳам қабул қилди.
Россия босқини бу минтақада кенг тарқалган ишончсизлик ҳиссини янада кучайтирмоқда. Ахир, агар қудратли давлат суверен қўшнисининг чегараларини куч билан йўқ қилишга уринишга тайёр бўлса, уни бошқаларга ҳам шундай қилишига нима тўсқинлик қилади? Буни Марказий Осиё мамлакатлари ҳам, Қўшма Штатлар ҳам, бутун дунёдаги шериклар ва иттифоқчилар ҳам тушунади. Айнан шунинг учун биз нафақат Украина, балки Марказий Осиё мамлакатларининг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ва бутун дунё давлатлари учун мустақиллик тарафдори бўлганмиз ва шундай бўлиб қоламиз.
Блинкеннинг фикрича, уруш ё бугун, ё эртага тугайди, агар Путин хоҳласа. Лекин гап урушнинг қачон тугашида эмас, балки қандай тугашида. Америка томони уруш Путин қўяётган ва халқаро нормалар зид шартлар асосида эмас, балки БМТ принципларига кўра якун топиши тарафдори.
Ҳеч ким тинчликни Украина халқидан кўра кўпроқ хоҳламайди. Улар ҳар куни Россия агрессиясининг қурбони бўлишади. Биз ҳаммамиз оддий ҳақиқатни биламиз: агар Президент Путин шундай қарор қилса, уруш эртага ё бугун тугаши мумкин. Урушни Путин бошлади, у буни тўхтата олади. Бу, бир қараганда, шунчалик оддий. Ва биз бу ҳақиқатни ҳеч қачон йўқотмаслигимиз керак. Бизнинг тажовузкоримиз ва қурбонимиз борлигини ҳеч ким эътибордан четда қолдирмаслиги керак ва бу иккиси ўртасида ҳар қандай тенглик, жумладан, тинчликка ким кўпроқ содиқ эканини таклиф қилиш, менимча, жуда нотўғри.
Иккинчидан, агар Россия, Президент Путин тажовузни тўхтатиш учун зарур бўлган мазмунли дипломатия билан шуғулланишга чин дилдан тайёр бўлса, албатта, биз биринчи бўлиб бу иш билан шуғулланар эдик. Аммо бунга ҳеч қандай далил йўқ. Аксинча, далиллар бошқа йўналишда. Шунчаки Президент Путиннинг сўзларини эшитинг. Битта мисол келтирсак: у яқинда ва очиқчасига, агар Украина ўзи айтган “янги ҳудудий воқеликлар”ни тан олмас экан, яъни бошқача қилиб айтганда Россиянинг Украина ҳудудларини олиб қўйганини “очиқчасига тан олмаса биз гаплашмаймиз”, деб айтди. Бу, шубҳасиз, нафақат Украина ёки биз, балки бутун дунё мамлакатлари учун Россиянинг мақсади ҳақида ҳеч қандай савол қолдирмайди. Бу гаплар Марказий Осиёда ҳам ўз акс-садосини топмоқда. Ўйлайманки, Марказий Осиё давлатлари ўз ҳудудий яхлитлиги, суверенитетини жуда жиддий қабул қилади. Чунки булар осон қўлга киритилмаган ва мустақиллик нима эканини яхши ҳис қиладилар.
Шундай қилиб, асосий савол – Россия ўзининг тажовузкорлигини тўхтатишга ва буни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига ва айнан шу тамойилларга мос келадиган тарзда амалга оширишга чин дилдан тайёрми ё йўқ? Шу боис, менимча, сиз – бутун дунё бўйлаб эшитган ва БМТ Бош Ассамблеясида 141 давлат томонидан қабул қилинган резолюцияда ўз аксини топган асосий нарса – бу тинчликка, лекин адолатли ва мустаҳкам тинчликка интилишдир. БМТ Низомининг ҳудудий яхлитлик, суверенитет ва мустақиллик тамойилларига мос келиши ва юқорида айтиб ўтганимдек, Россия бу операцияни қайта такрорлаши мумкин эмаслигига ишонч борми? Бир, икки ёки уч йил ўтгач, у дам олади, қайта қуролланади ва яна ҳужум қилади. Шундай экан, ўйлайманки, диққатимизни айнан шу нарсага қаратишимиз керак.
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 23 февраль куни Украина бўйича махсус сессияси чоғида Россиянинг Украинага бостириб киришига бир йил тўлишига бағишланган Россияга қарши резолюцияни қабул қилди. Овоз бериш жараёнида Хитой бетераф қолди, бироқ орадан бир кун ҳам ўтмай ўзининг 12 банддан иборат урушни тўхтатиш таклифларини ўртага ташлади. Бу эса урушни қоралаш даврида уни бошлаган Россияга нисбатан бетараф қолган Хитойнинг ҳақиқатан ҳам Украина ва унинг қурбон бўлаётган халқига нисбатан жафокашлигини шубҳа остига қўйди. Қолаверса, Хитой билдирган таклифларнинг аксарияти урушни Россиянинг қўли баланд келиши орқали тугатишни тасдиқлайди. Жумладан, Блинкен ҳам шундай фикрда:
Хитой илгари сурган таклифга келсак, мен айтганимдек ва ҳукуматдаги бошқалар айтганидек, у ерда баъзи ижобий жиҳатлар бор, жумладан Хитойнинг ўзи ҳам ўтмишда бир неча бор айтганидек, бу таклифни Президент Зеленский бир муддат олдин илгари сурган. Аммо агар Хитой бу масалада чин дилдан жиддий бўлса, у илгари сурган биринчи тамойил – суверенитет бўлиб, у ўтган йилни тўлиқ Украинанинг суверенитетини тиклашни қўллаб-қувватлашга сарфлаган бўлар эди. Лекин у бунинг тескарисини қилмоқда. У Россиянинг уруш ҳақидаги дезинформациясини хаспўшлаяпти, халқаро ташкилотларнинг Россияга қарши санкцияларини блокламоқда, яқинда Россияга ҳалокатли қуроллар тақдим этиш режалари маълум бўлди.
Хитойнинг иккита йўли бор: биринчиси тинчлик тарафдори бўлиш, иккинчиси олов устига ёғ сепиш.
Блинкен ташриф баҳонасида Марказий Осиё мамлакатларига 25 миллион доллар ажратилаётганини айтди. Хўш, нима эвазига? Қарздор бўлиб қолмаймизми? АҚШ Ўзбекистондан қандай жавоб, қандай шерикликни кутяпти? Блинкеннинг айтганларидан тушуниладики, АҚШ ёрдам орқали Марказий Осиёни камроқ Путиннинг қўлига, айниқса, унинг энергетика сиртмоғига қарам қилмоқчи.
Биз биламизки, МО дунёнинг мураккаб бир ҳудудида жойлашган. Узоқ йиллар давомида турли мамлакатлар билан тарихий ва географик муносабатлар ўрнатган. Шу билан бирга, бу ердаги ҳар бир мамлакат ўз муносабатларини бошқа давлатлар билан, жумладан, АҚШ билан мустаҳкамлашни истайди. Ўз навбатида АҚШ ҳам изчил шерик бўлишни ва бу йўлда янги имкониятлар яратишни хоҳлайди.
Юқорида Россия агрессиясининг Марказий Осиёда ҳам такрорланмаслигига қандай кафолат бор, деб айтдик. Бу биринчи ўринда энергия ва озиқ-овқат нархларининг ошишига, инфльяцияга олиб келади. Мана, Украинада ҳам шундай оқибатларга олиб келди. Бундаги оддий ишора шуки, Путин энергия тақчиллигини қурол сифатида ишлатмоқчи ва озиқ-овқат маҳсулотларининг эспорт қилинишига тўсқинлик қилмоқда. Биз эса дунё бозорида етарли энергия русурслари бўлишига ҳаракат қиляпмиз. Путин энергияни қурол сифатида ишлатаётган мамлакатларга ёрдам беришга уриняпмиз. Шунингдек, озиқ-овқатни ҳам Путин қурол сифатида ишлатиб, асосий озуқа бўлган буғдойнинг Украинадан экспорт қилинишига тўсқинлик қилмоқда. БМТ ва Туркиянинг воситачилигида биз Дон йўлагини очишга ҳаракат қилдик.
Санкциялар масаласига келсак, фақат АҚШ эмас, бошқа кўплаб мамлакатлар Россияга санкция эълон қилган. Аслида санкция эълон қилиш ва экспортни назорат қилиш ҳақидаги қарорлар осонликча қабул қилинмайди. Бу Россия Украинага тажовуз қилгани сабабли Украинани ҳимоялаш, Россияга ўзининг хулқ-атворини ўзгартириш, урушни давом эттиришга қийинчилик туғдириш учун қўйилган. Шунинг учун биз санкциялар ишлашига ёрдам бераётган давлатларга миннатдорлик билдирамиз. Биз минтақа бўйлаб ҳукуматлар билан иш олиб боряпмиз ва ушбу санкцияларни тушунтириб беряпмиз. Шунингдек, уларга бўлаётган салбий оқибатларни бартараф этишга ёрдам бермоқчимиз. Бунинг учун экспорт лицензияларини беришга ёрдам берамиз.
Сўзим якунида шуни айтмоқчиманки, бу минтақани ўз савдо йўлларини диверсификация қилишдан иборат ва бошқа мамлакатлардан, жумладан АҚШдан ҳам савдо кўламини оширишлари тарафдоримиз. Бунда мамлакатлар ҳеч бир мамлакатга қарам бўлмасликни таъминлаши лозим. Айни пайтда МО давлатларининг ўзаро савдо алоқаларини ҳам ривожлантиришга ёрдам беряпмиз. Бунда кўплаб ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилишининг тарафдоримиз. Қанча кўп ҳамкорлик бўлса, ташқаридан ҳам шунча кўп сармоя кираверади.
Блинкен Президент Мирзиёев билан суҳбатлашган мавзулар орасида Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги масаласи ҳам бор. Хўш, томонлар бу борада қандай хулосалар қилди?
Президент бу ерда илгари сурган ислоҳотлар дастури ҳақида гап кетганда, биз бугун учрашувимиз чоғида бу ҳақда узоқ гаплашдик. Қабул қилинган қадамларни олқишладик. Мен нафақат кучли истиқболга эга бўлиш, балки уни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини ҳам таъкидладим ва бу, албатта, давом этаётган муҳим иш бўлиб қолмоқда. Биз оммавий ахборот воситалари эркинлиги, фуқаролик жамияти учун кучли майдонга эга бўлиш муҳимлиги ҳақида суҳбатлашдик, шунингдек, конституциявий ислоҳотлар жараёнини қисқача муҳокама қилдик.
Россия оммавий ахборот воситалари, айниқса, сўнгги бир йилда Путин пропогандасини амалга ошираётгани, “махсус ҳарбий операция” ниқоби остидаги урушни дезинформация орқали ёқлашга уринаётгани ҳеч кимга сир эмас. Машина ўз ишини ортиғи билан уддалаётган ҳолатлар ҳам талай. Ҳар ҳолда ушбу пропаганданинг ортидан урушга бориб, ўлиги келган йигитлар ҳақидаги хабарлар қулоғингизга чалингандир. Албатта, уруш қурбонсиз бўлмайди, лекин улар мажбур қилинган ёки пул эвазига қурол кўтарганлар. Хўш, Марказий Осиёда Россия пропагандасига қарши қандай ҳимояланиш маъқул?
Бу маълумотлар орқали одамлар нима тўғри ва нима нотўғри, нима яхши сиёсат ва нима ёмон сиёсат, қайси йўналиш тўғри ёки йўқлиги ҳақида ўз қарорларини қабул қилсин. Лекин, албатта, Россия жуда кучли ва узоқ давом этадиган ташвиқот ва нотўғри маълумот тизимини яратган, у бу ерда ва дунёнинг бошқа қисмларида ҳам сезилади. Ва бунга энг яхши жавоб, албатта, ҳақиқатан ҳам эркин, мустақил, очиқ оммавий ахборот воситаларининг одамларга фактларни етказиши ва ўз қарорларини қабул қилишларига имкон берадиган энг кучли муҳитдир.
LiveБарчаси