“Жарима” деб жар солган 103 ҳайдовчиси судда гапидан тонди

Жамият

Суд йўллардаги қоидабузарликлар учун жарима баённомаларини олаётганини айтиб видеомурожаат қилган тез ёрдам ҳайдовчиларидан бирига огоҳлантириш берди. Бу ҳақда суд мажлисида қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова хабар берди.

Ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИБда олиб борилган терговга қадар суриштирувлар асосида иш ҳужжатлари судга тақдим этилган. ИИБ тақдим этган тергов ҳужжатлари асосида кеча, 11 январь куни, Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида суд мажлиси бўлиб ўтди.

Соат 16:00 да бошланиши айтилган суд мажлиси 19:32 да ўз ишини бошлади. Суд ходимларининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, ҳуқуқбузарларни судга олиб келиш, ички ишлар томонидан таъминланиши лозим. 103 ҳайдовчиси Миразиз Самиговнинг айтишича, ИИБ ходимлари у ва Махсуслаштирилган автокорхона механиги Дилшод Қосимовга суд мажлиси соат 10:00 га белгилангани ҳақида хабар берган.

“Бизни соат 10:00 га чақиришган эди. Ўз вақтида келдик. Суд мажлиси қолдирилганини айтишди. Соат 10:00 да суд бўлиши ҳақида ИИБ хабар берди ва Дилшод акам билан бирга келганмиз. “Суд 16:00 га кўчирилди”, деб ҳеч ким айтмади. Бугун суд бўлмаслигини айтишгандан кейин дам оламан, деб телефонимни ҳам ўчириб қўйдим. Ҳозиргача ўчиқ”, дейди ҳайдовчи Самиқов.

Ҳайдовчиларнинг мурожаатини видеотасвирга олган Миразиз Самиқов бошқа ҳамкасбларига қараганда Учтепа туман ИИБда кўпроқ ушлаб турилди. Ҳамкасблари улар ИИБга кириб кетаётгани ҳақида оила аъзоларини хабардор қилишга имкон берилмагани, қайтиб чиққанларидан сўнг ичкарида қолган Самиқовнинг турмуш ўртоғи уни қидириб иш жойига келганини айтишганди. Хўш, Миразиз Самиқовга руҳий ёки жисмоний тазйиқлар бўлдими? Унга оила аъзоларини огоҳлантириш учун имкон берилдими?

“Йўқ ҳеч қандай тазйиқ бўлгани йўқ. Ҳолат ҳақида ариза сўрашди ва ёзиб бердим. Оила аъзоларимга ҳам қаердалигим ҳақида маълумот бердим. Мен ўғлимга телефон қилганим учун турмуш ўртоғим бехабар қолган ва қидириб келган”, дейди Миразиз Самиқов.

Терговолди суриштирув ҳужжатларига кўра, тез ёрдам ҳайдовчиси Миразиз Самиқов ва Махсуслаштирилган автокорхона механиги Дилшод Қосимов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) билан ҳуқуқбузар деб топилган. Суд мажлиси давомида ҳуқуқбузарлар ҳам тингланди.

“Мени вазифам автомобилларнинг техник ҳолатини текшириш, шифокор кўригидан ўтган ҳайдовчиларни йўналишга чиқишлари учун рухсат беришдан иборат. Ҳайдовчилар ишда бўлган вақтида жаримага тушса, у қоғозлар менга келади ва қоидабузарликни аниқлашлари учун жарима қоғозини ҳайдовчиларга бераман. Видео тарқалган куни ҳам жаримага тушган ҳайдовчиларнинг ҳар бирига ўзларига тегишли қоғозларни бергандим. Тарқалган видеони олишгани ҳақида кейин хабар топдим”, дейди Дилшод Қосимов.

Ҳайдовчи Самиқовга кўра, тарқалган видео ҳазил учун олинган ва ўзаро ҳайдовчилар гуруҳига юборилган. Қолаверса, ҳайдовчилар чақириқда бўлган вақтларида содир этилган қоидабузарлик учун жарималарни тўлашдан озод этилган.

“Видеони мен олганим рост. Доимгидек иш кунимизни бошладик. Механикимиз томонидан жарима қоғозлари ўз эгаларига берилди. Ҳазил-ҳазил билан видеони олдик ва гуруҳимизга юбордик. Бу видеони тасвирга олишда ғаразли ниятимиз бўлмаган. Ҳаммаси ҳазил эди. Ҳайдовчилар орасида “жаримани тўлаганман” деганлари ҳақида гап айланган эди. Бу бошқа шофёрлар томонидан бошқача талқин қилинди ва “паника”га тушиб қолдик. Ҳазил қилиб ишимизни бошладик. Аниқланишича, ҳозиргача жарима тўлаганларнинг ҳаммаси ишдан ташқари (ёнилғи, машина устаси ёки бошқа сабаб) ҳолатлар билан жарима содир этган ҳайдовчилар экан. Мен қилган ишимдан пушаймонман”, дейди тез ёрдам ҳайдовчиси Миразиз Самиқов.

Суд ҳуқуқбузарлар билан бирга гувоҳ сифатида қатнашган Махсуслаштирилган автокорхона раҳбари Баҳодир Тешабоевни ҳам эшитди. Тақдим этилган ҳужжатлар ва ҳуқуқбузарларнинг кўрсатмалари тингланиб, қарор қабул қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судининг 2023 йил 11 январдаги қарори билан Дилшод Қосимов (Махсуслаштирилган автокорхона механиги)нинг ҳаракатларида МЖтКнинг 183-моддаси ва 202-2-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аломатлари йўқлиги сабабли унга нисбатан юритилган маъмурий иш МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан ҳаракатдан тугатилди.

Мурожаатни видеотасвирга олган тез ёрдам ҳайдовчиси Миразиз Самиқовнинг ҳаракатларида МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли ишнинг шу қисми МЖтКнинг 27-1-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 1-бандига асосан ҳаракатдан тугатилди.

Ҳайдовчи Миразиз Самиқов МЖтКнинг 202-2-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, у МЖтКнинг 21-моддаси (ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш)га асосан маъмурий жавобгарликдан озод этилди ва огоҳлантирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд 103 ҳайдовчиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг