Ички ишлар муаммо эмас, уни айтганлар кетига тушди. 103 ҳайдовчилари Учтепа ИИБга олиб кетилди
Жамият
−
10 Январь 2023
25657Кеча, 9 январь куни йўллардаги қоидабузарликлар учун жарима баённомаларини олаётгани ҳақида видеомурожаат билан чиққан 9 нафар тез ёрдам ҳайдовчилари ва Махсуслаштирилган автокорхона (103 автомобиллари гаражи)нинг 3 нафари ходими Учтепа тумани ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Ҳолат кеча, 9 январь куни ОАВ ходимлари иштирокида ўтган матбуот анжуманидан сўнг содир бўлган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га ИИБга кириб чиққан ҳайдовчилардан бири хабар берди. Ушбу маълумотни Махсуслаштирилган автокорхона раҳбари Баҳодир Тешабоев тасдиқлади.
Хабарингиз бор кеча, 9 январь куни Тошкентда тез ёрдам ҳайдовчилари видеомурожаат билан чиқиб, уларга Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан тез ёрдам автомобилидаги қоидабузарликлари учун камералар орқали тузилган маъмурий баённомалар бўйича жарима маълумотномалари келаётгани, улар аҳолининг соғлигини сақлаб қолиш учун йўл қоидаларини бузиб, энди ўз чўнтакларидан жарима тўлай олмасликлари ҳақида айтишган эди.
Ҳолат юзасидан Махсуслаштирилган автокорхона (103 автомобиллари гаражи)да матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтди. Унда автокорхона раҳбари Баҳодир Тешабоев, Республика тез ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғафуров, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқарма бошлиғи Илҳом Идиров қатнашди.
QALAMPIR.UZ’га маълум қилинишича, ушбу матбуот анжуманидан кейин 9 январь куни соат 18:40 да видеомурожаат билан чиққан 8 ҳайдовчи, уларни видеога олган ҳамкасби ва автокорхонанинг 3 нафар ходими Учтепа тумани ИИБга олиб кетилган. Автокорхона раҳбари Баҳодир Тешабоевнинг маълум қилишича, ҳайдовчилар қўйиб юборилган, видеони тасвирга олган ҳайдовчи ҳамон Учтепа туман ИИБда қолмоқда.
“Республика тез ёрдам директори, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқарма бошлиғи ва оммавий ахборот воситалари иштирокидаги матбуот анжуманидан сўнг биз билан алоҳида суҳбат ўтказилди. Биздан нима учун видео олганимиз ва интернетга чиқарганимиз қайта сўралди. Мажлисда нафақат Махсуслаштирилган автокорхона (103 автомобиллари гаражи) раҳбари Баҳодир Тешабоев, балки 102 ходимлари ҳам иштирок этди. Бизга Президентнинг сиёсатига қарши чиқиб, нотўғри маълумот тарқатганимизни айтиб, ҳаммадан икки нусхадан тушунтириш хати олишди”, дейди 103 ҳайдовчиси.
Унинг қўшимча қилишича, содир этилган ҳолат юзасидан маълумот бериши учун кеча, 9 январь куни Учтепа тумани ИИБга бориши айтилган. 9 нафар ҳайдовчи, Махсуслаштирилган автокорхона техник ходими ва юристи ИИБга олиб борилган.
“Соат 18:40 лар атрофида видеомурожаатда чиққан Миразиз, Баҳодир, Шуҳрат, Асад, Абдурауф, Сатурин, Баҳодир, Турғун дода ва Тўлқин (видеода қатнашган ва видеога олганлар)ни Учтепа туман ИИБга олиб кетишди. Жиноятчилардек расмга тушдик ва бармоқ изларимизни ҳам олишди. Ишхонада ёзган тушунтириш хатидан ИИБда ҳам ёздик.
ИИБга киришда телефонларимизни олиб қолишганди. Ичкарига кираётганимни онамга ҳам айта олмадим. Уйдагилар ИИБдан чиқиб келгунимча ҳамма жойни қидиришган. Онам мени тополмагач, қон босимлари кўтарилиб, шифохонага тушиб қолганлар.
Биз билан гаплашганларнинг ҳаммаси формада эди. Улардан бири келиб, бизни 15 суткага қамаши мумкин эканини айтди. Ички ишлар ходимлари биз Президент сиёсатига қарши иш қилганимиз ва ўзимизга тегишли бўлмаган жарима қоғозларини кўтариб ёлғон видео тайёрлаганимизни айтди.
Сўроқ-савол вақтида гуруҳ бўлиб 15 суткага қамалсак қийин бўлиши, кимдир бўйинига олишини айтишганди мурожаатимизни видеога олган Миразиз Самиков “мен қоламан” деди ва Учтепа туман ИИБда қолди ва бугунгача телефонлари ёқилгани йўқ. Қолганлар эса 22:00 лар атрофида чиқиб кетдик”, дейди ҳайдовчи.
103 ҳайдовчисининг QALAMPIR.UZ журналистига айтишича ИИБда уларга жисмоний куч ишлатилмаган.
“Видеода қатнашган 8 нафар ҳайдовчи қўйиб юборилиб, видеони суратга олган Миразиз Самигов, Махсуслаштирилган автокорхона техник ходими ва юристи ИИБда қолди. Миразиз аканинг телефонлари ҳали ҳам ўчиқ, уйдагилар ҳам уни қидиряпти.
Биз ҳайдовчилар савобли ишда ишлаймиз. Кимнидир онаси, кимнидир боласи касал бўлганда унинг ҳаёти учун курашамиз. Биз жарималарни тўламаган тақдиримизда ҳам қоғозбозликни бизга юклашларини хоҳламаймиз. Тан олиш керак, ҳайдовчилар орасида жарималарни тўлаганлар ҳам бўлган. Ҳамма ишини йўқотишдан қўрқиб бу гапларни айтолмайди”, дейди 103 ҳайдовчиси.
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Махсуслаштирилган автокорхона (103 автомобиллари гаражи) раҳбари Баҳодир Тешабоев билан боғландик. Бошида ходимлар ишда эканини айтган Тешабоев “Ҳайдовчилар ички ишларга чақирилдими?” деган саволни берганимиздан сўнг, ҳақиқатдан ҳам ҳайдовчилар Учтепа туман ИИБга бориб, ариза ёзганларини тасдиқлади.
“Кеча ҳайдовчилар ва корхонанинг уч ходимини Учтепа туман ИИБга олиб кетишди. Мен ИИБ ходимларининг ишига аралашолмайман ва нега олиб кетишганини ҳам билмайман. ИИБга борган ҳамма кечқурун қўйиб юборилганидан хабарим бор. Кечаси билан ишда бўлдим ва уйга кетмадим.
Бугун эрталабдан корхона механиги Дилшод Қосимов, Камол Мирзаев ва ҳайдовчи Миразиз Самигов (видеони тасвирга олган – таҳр.)ни чақиришди.
Кеча, ҳайдовчилар Миразиз Самигов видео мурожаатни тайёрлашни ташкил қилганини ёзиб беришганди. У шу сабабли ИИБга қайта чақирилган. Олиб қолишмайди, келади”, дейди Махсуслаштирилган автокорхона (103 автомобиллари гаражи) раҳбари Баҳодир Тешабоев.
Эслатиб ўтамиз, мурожаат юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида Махсуслаштирилган автокорхона (103 автомобиллари гаражи) раҳбари Баҳодир Тешабоев ва Республика тез ёрдам маркази раҳбари Абдувоитжон Ғафуров ҳайдовчиларнинг фаолиятига ҳеч ким халал бермаслиги ва уларнинг хавфсизлиги таъминланишига ваъда берганди.
Ҳозирча Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилгани ёки ҳайдовчилар Учтепа тумани ИИБда сўроқ қилингани ҳақида маълумот бергани йўқ.
LiveБарчаси