Ўзбекистон маҳкумларга қўллайдиган усулларнинг биридан воз кечяпти

Жамият

Шу вақтгача колонияларда жазо ўтаётган ва жазавага тушган маҳкумларга (рубашка) тинчлантириш кўйлаги қўлланилган. Эндиликда эса Ички ишлар вазирлиги бу каби тинчлантириш усулидан воз кечиляпти. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Тарбиявий ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йилнинг 18-19 ноябрь кунлари бўлиб ўтган 35-ялдпи мажлисида "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжат ИИВ томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш, уларни сақлаш шарт-шароитларини янада яхшилашга қаратилган.

"Бугунгача жазони ижро этиш колонияларида сақланаётган маҳкумлар жазавага тушганда тинчлантириш кўйлаги қўлланилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 70-моддасида жазавага тушган маҳкумга нисбатан тинчлантириш кўйлаги қандай ҳолатда қўлланилиши белгиланган. Маҳкум жазавага тушганда ўзини бошқара олмайди ва қилаётган хатти-ҳаракатларига жавоб бермайди. Бундай ҳолатларда у ўзи ва бошқа маҳкумларга жароҳат етказиши мумкин. Шу вақтгача жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга юқоридаги ҳолатларда тинчлантириш кўйлаги қўлланилган", дейди Султонов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда.

Унинг қўшимча қилишича, тинчлантириш кўйлаги тиббий ходим иштирокида қўлланилган ҳамда уни қўллаш муддати икки соатдан ошмаслиги керак. Ички ишлар вазирлиги халқаро тажрибани ўрганган ҳолда Жиноят-ижроия кодексининг 70-моддаси (Тинлантириш кўйлагини қўллаш)ни олиб ташлаш таклифи билан чиққан. Шунингдек, маҳкумлар жазавага тушганда қўллаш учун тинчлантириш кўйлаги эмас балки халқаро тажрибада қўлланиладиган махсус хоналар ҳам тайёрлаб қўйилган.

“Жиноят-ижроия соҳасидаги халқаро тажриба ўрганилганда, бугунги кунда тинчлантириш кўйлагини қўллаётган давлатлар саноқли қолганига гувоҳ бўлдик. Халқаро тажрибада бу кўйлак руҳий носоғлом шахсларга нисбатан қўлланилади.

Инсон қадрини улуғлаш таомили асосида ҳар битта жазони ижро этиш муассасасида юмшоқ қопламали камералар тайёрланди. Бу хоналар маҳкум жазавага тушганда ўз-ўзига тан жароҳати етказишига имкон бермайди. Маҳкум жазавага тушганда икки соатгача шу камерага киритилади ва тинчланиб, руҳий зўриқишлардан ҳоли бўлганидан кейин камерадан чиқади”, дейди ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Тарбиявий ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов

Сенатининг 35-ялпи мажлисида қабул қилинган Қонунга маҳкумларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бир нечта ўзгаришлар киритилган. Улар қўйдагилар:

•  озодликдан маҳрум этилган I ва II гуруҳ ногирони бўлган шахслар учун мўлжалланган умумий турар жойлар, махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозланган бўлиши;

•  маҳкумларнинг тўғри йўлга қайтаётганини баҳоловчи мезонлар белгиланиши. Озодликдан маҳрум этилганларни рағбатлантириш масалалари, уларни ишдан бўш соатларда, тунги дам олиш учун ажратилган вақтдан ташқари, кинофильмлар ва телекўрсатувлар кўриш ҳуқуқлари;

•  маҳкумларнинг таржимон билан бир қаторда, Сурдо-таржимон хизматидан фойдаланиши;

•  озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг қамоқда ҳақ тўланадиган ишлаш даври умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланиши.


Мақола муаллифи

Теглар

Ички ишлар вазирлиги қамоқ маҳкумлар

Баҳолаганлар

136

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг