Хива Ислом дунёсининг туризм пойтахти номини олди
Жамият
−
28 Июнь 2022
8801Бакуда ўтаётган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XI сессияси доирасида илк бор Ўзбекистон шаҳарларидан бири – Хива 2024 йил “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” дея эълон қилишга доир қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ғалабанинг асосий омиллари сифатида виза режимининг соддалаштирилиши, маданий меросни сақлаш, тарихий шаҳарларни ободонлаштириш каби кўплаб ислоҳотларни эътироф этган.
Шу ўринда Хива шаҳрининг тарихий қиёфаси тикланиши, реставрация ва консервацияга оид амалга оширилган ишлар, қолаверса, электр устунларнинг демонтаж қилингани, сайёҳларнинг катта оқимини қабул қилиш учун яратилган шароитлар, инфратузилманинг яхшилангани, 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши ҳамда бутик-отел ва ҳостеллар қурилиши фаол давом этаётгани алоҳида қайд этилган. Бундан ташқари, туризм ва унга ёндош соҳалар тадбиркорлари учун яратилган қулай шароитлар юқори баҳоланган.
“Ислом дунёсининг туризм пойтахти йили доирасида Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида ИҲТга аъзо 57 давлатнинг туризм вазирлари ва туристик маъмуриятлари раҳбарларининг йиғилиши юқори даражада ўтказилади. Шу билан бирга, Ислом олами ва зиёрат туризми салоҳиятини очиб берувчи илмий-амалий анжуманлар, фотокўргазмалар ва арт-экспозициялар бўлиб ўтади. 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган “Ипак йўли” халқаро туризм университети базасида ИҲТ давлатлари олим ва тадқиқотчилари иштирокида таълим соҳасидаги имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади”, дейди Ўзбекистон делегацияси раҳбари – Бош вазир ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов.
Ислом дунёсининг туризм пойтахти номинациясига 5 давлатдан шаҳарлар номзоди қўйилган бўлиб, булар:
• Абу-Даби (БАА);
• Шанлиурфа (Туркия);
• Лаос (Нигерия);
• Душанбе (Тожикистон);
• Хива (Ўзбекистон).
Эслатиб ўтамиз, хорижий мамлакатлар раҳбарларининг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифлари иккинчи куни айнан Хивада кечаётган эди. Жорий йилнинг март ойининг охирида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Шавкат Мирзиёев ва оиласи ҳамроҳлигида Хивага борган бўлса, июнь ойида қўшни мамлакат – Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон Хивада юксак ҳурмат ва эътибор билан кутиб олинди. Хива шаҳрини зиёрат қилиш Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг 21-22 июнь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифидан ҳам ўрин олди.