Фаолиятини тўхтатган “Юрак амри”, Қудратхўжага мерос қолган қарзлар, ЕИни судга берган Усмонов... ҳафта дайжести

Таҳлил 10810

Якунига етиб бораётган ҳафтада Ўзбекистон ва хорижий давлатларда кўплаб муҳим ва кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлган воқеалар юз берди. Сардор Раҳимхон бошчилигидаги “Юрак амри” хайрия жамоат фонди фаолиятини тўхтатиши, Фирдавс Абдухолиқов асос солган Ассоциация ўзининг янги раиси Шерзод Қудратхўжага қарийб 3 миллиард қарз билан мерос қолгани, Алишер Усмонов ЕИни судга бергани шулар жумласидандир.

Ҳафта давомида содир бўлган энг муҳим воқеалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZʼда танишинг.

Путин 9 майда Украинага расман уруш эълон қилиши мумкин — CNN

Россия Президенти Владимир Путин 9 майдаёқ Украинага расман уруш эълон қилиши мумкин. Бу ҳақда CNN америкалик ва ғарблик амалдорларга таяниб хабар берди. 

Расмийлар битта сценарийни муҳокама қила бошладилар, яъни Путин 9 май куни Украинага расман уруш эълон қилади. Ҳозирда Россия расмийлари можаро шунчаки “денацификация” мақсадида амалга оширилган “махсус ҳарбий операция” эканини таъкидлаган.

Ўзбекистон сўз эркинлиги “бўғилган” давлатлар қаторидан чиқди

“Чегарасиз репортёрлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингини эълон қилди. Рейтингга 180 давлат сўз эркинлиги даражаси бўйича яхши, қониқарли, муаммоли, мураккаб ва жуда жиддий тоифаларга бўлинган.

Ўзбекистон рейтингда ўз кўрсаткичларини бирдан 24 позицияга яхшилаб, 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилди. Ўзбекистон глобал рейтингда 45,74 балл тўплаган. Шу тариқа Ўзбекистон сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият жуда жиддий бўлган давлатлар қаторидан чиққан ва мураккаб мамлакатлар қаторига қўшилган.

Ўзбекистонлик шахматчи қиз жаҳон чемпиони бўлди

Грециянинг Родос шаҳрида рапид ва блитс йўналиши бўйича ФИДЕ 2022-йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати якунланди.

Рапид йўналишида Ўзбекистон вакили Умида Омонова олтин медални қўлга киритди. У блитс йўналишида ҳам 9 та имкониятдан 8,5 балл тўплаб биринчи ўринни эгаллади.

Шу тариқа, Грецияда Умида Омонова “16 ёшгача бўлган қизлар” гуруҳида икки йўналиш, яъни рапид ва блитс бўйича чемпион бўлди.

Ўзбекистонлик чегарачи Афғонистон билан чегарадаги отишмада ўлдирилдими? ТИВ баёнот берди

Айрим ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 4 май куни ўзбек-афғон чегарасида отишма содир бўлгани ва унинг оқибатида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, тарқатилган хабарлар умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Чегарада вазият осойишталигича қолмоқда, жанубий сарҳадларни қўриқлаш одатдаги тартибда олиб борилмоқда.

Расман: Сардор Раҳимхоннинг “Юрак амри” фонди фаолиятини тўхтатди

“Юрак амри” хайрия жамоат фонди раиси, 60 кабутар, 25+ каби лойиҳалар муаллифи, собиқ хонанда Сардор Раҳимхон “Юрак амри” фонди фаолияти тугатилганини эълон қилди.

Тан олиш керак шахсан мен ўзим ҳам, жамоамиз ҳам бундай катта кўламга тайёр эмасдик. Тайёр эмас эканмиз! Айниқса, минглаб инсонларнинг омонатлари, эҳсонлари ҳақида гап кетганда, бизни ҳам жисмоний, ҳам руҳий имкониятларимиз етишмаслигини ҳис қилдик. Шу сабаб катта хатоларнинг олдини олиш мақсадида юртимиз, азиз халқимиз, юртбошимиз олдида юзимиз ёруғ бўлсин деган мақсадда вақтинчалик фаолиятимизни тўхтатишга қарор қилдик. Яъни янада кучга тўлиш, хатоларимизни ислоҳ қилиш, расмий фаолиятга тайёргарлик кўриш мақсадида мана шундай қарорга келдик.

Эслатиб ўтамиз, Сардор Раҳимхон бошчилигидаги “Юрак амри” хайрия жамоат фонди томонидан Бўка туманида қуриб битказилган 30 та хонадан кам таъминланган оилаларга барча шароитлар – уй жиҳозлари, мебеллар, маиший техникалар билан топширилган эди. QALAMPIR.UZ ушбу уйлар билан танишиб, Сардор Раҳимхондан интервью олишга муваффақ бўлганди. Эксклюзив суҳбатда фонд раҳбари ўзига нисбатан фитна ва туҳматлар борлигига ҳам шаъма қилганди.

Абдухолиқовдан қарздан бошқа нима қолди? 

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси номи Ўзбекистон Миллий медиа ассоциациясига ўзгартирилди. Шунингдек, Ассоциациянинг янги Низоми тасдиқланди.

Ассоциация янги раисининг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг таниқли медиамагнати Фирдавс Абдухолиқов асос солган ва 19 йил раҳбарлик қилиб келган Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ўзининг янги раиси Шерзодхон Қудратхўжага қарийб 3 млрд сўм қарз билан мерос қолган. Қудратхўжага аъзоларга қарзни тўлашни ваъда қилди ва қарзни ундириш мақсадида судга мурожаат қилмаганлари учун раҳмат айтди.

Алишер Усмонов ЕИни судга берди

Асли келиб чиқиши ўзбек бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов Европа Иттифоқининг санкциялари рўйхатига киритилганига норозилик билдириб, Европа судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. 

Қайд этилишича, Алишер Усмоновнинг Европа Иттифоқига қарши даъвоси асосида 29 апрель куни иш қўзғатилган. Даъвогар Кенгашнинг унга нисбатан чеклов чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилишни ва суд қарори чиқарилгунга қадар тақиқловчи чораларни қўллашни тўхтатиб туришни талаб қилмоқда.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида нима бўлди?

Жорий йилнинг 5 май куни Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон билан чегарада ушбу давлатнинг уч нафар фуқаросини ўточар қурол билан жароҳатлагани, оқибатда улар вафот этгани ҳақида хабар берилди.   

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг расмий баёнотига кўра, жорий йилнинг 5 май куни ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Оқтом қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида бир гуруҳ номаълум шахслар Ўзбекистондан Қирғизистонга  ноқонуний равишда кўп миқдордаги товар-моддий бойликларини олиб ўтаётгани аниқланган. Ўзбек чегара нарядлари томонидан ушбу қонунбузарликни олдини олиш бўйича чоралар кўрган.

Чегара наряди томонидан Давлат чегараси бузғунчиларини қўлга олиш вақтида, қоидабузарларнинг бир гуруҳи ҳарбий хизматчиларга нисбатан қаршилик кўрсатиб, куч ишлатиб, тан жароҳатлари етказган ва қуролларни олиб қўйишга ҳаракат қилган.
Ушбу ҳолатда ҳарбий хизматчилар қонунчиликда белгиланган тартибда қурол қўллашга мажбур бўлган. Натижада, 3 нафар шахс яраланиб, уларнинг жиноий шериклари томонидан Қирғизистон ҳудудига олиб кетилган.

Ҳодиса тафсилотларини аниқлаш мақсадида, 5 май куни зудлик билан Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикасининг ҳудуд бўйича чегара вакиллари ўртасида учрашув ўтказилган. Шунингдек, 6 май куни Фарғона водийси йўналиши бўйича  ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти бўйича чегара вакилларининг учрашуви бўлиб ўтган.

Таъкидланишича, ҳозирда ҳар икки томон ҳолат бўйича текширувларни давом эттирмоқда, чегарада вазият барқарор.

Ўзбекистонда журналистларга тўсқинлик ва тазйиқ учун жавобгарлик кучайтирилиши кутилмоқда

Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, каби ҳаракатлар содир этилгани учун жавобгарлик кучайтирилади. Бу ҳақда Президент Администрацияси раиси ўринбосари – Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов 4 май куни бўлиб ўтган “Олтин қалам” XVI Миллий мукофоти халқаро танлови ғолибларини тақдирлаш маросимидаги нутқида сўз очди.

Президент Матбуот котиби оммавий ахборот воситалари фаолияти кафолатларини кучайтириш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини ошириш, ОАВни қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантиришга доир қонун ва қонуности ҳужжатлар тайёрланаётганини маълум қилди. 

“Амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш каби ҳаракатлар содир этилгани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича бугун керакли ишлар бошланган”, дейди Асадов.

У сўзи сўнггида қайси мамлакатда матбуот эркин ва кучли бўлса, ўша ерда ислоҳотлар бардавом бўлишини урғулади.

QALAMPIR.UZ ходимлари “Олтин қалам” совриндори бўлди

4 май куни XVI “Олтин қалам” Миллий мукофоти халқаро танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда кўплаб журналистлар қаторида QALAMPIR.UZ ходимлари ҳам тақдирланди. Хусусан QALAMPIR.UZ Бош муҳаррири ўринбосари Феруза Нажмиддинова “Озарбайжоннинг Шуша шаҳри ҳақида энг яхши материал учун” номинациясида ғолибликни қўлга киритди. 

Қолаверса,  Нозима Назирова  “Ўзбекистон-Туркия дипломатик алоқалари ҳақидаги энг яхши материал учун” номинациясида ғолиблар сафидан жой олди.

Нозима Назирова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 54
Рейтинг: 3
t
×