ЎзДЖТУда талаба ўз жонига қасд қилди...ми? Дастлабки тафсилотлар
Жамият
−
29 Апрель 2022
15428Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида талаба ўзини ўқув биносининг тўртинчи қаватидан ташлаб, жонига қасд қилгани ҳақида хабар берган эдик. QALAMPIR.UZ тезкор жамоаси воқеа жойига етиб борди.
Маълумотларга қараганда, талаба бугун, 29 апрель куни соат 08:10 ларда Учтепа туманида жойлашган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети биносининг 4-қаватидан ўзини пастга ташлаб, жонига қасд қилган. Йигит 2-курс Инглиз филологияси факультетида таҳсил олган. Ўқитувчиларнинг айтишига қараганда, у яхши хулқли аъло баҳоларга ўқиган талаба бўлган.
Университет ҳудудидага етиб келган ички ишлар ходимлари расмий маълумот беришни исташмади. Талабалар орасида ҳам вафот этган йигитни танийдиганлар учрамади.
“Расмий муносабатда айтилганидек, талаба ўз жонига қасд қилиб эрталаб 8:10 лар атрофида ўзини 4 қават ойнасидан ташлаб, вафот этган. Уни ичкаридан ҳеч ким итариб юбормаган. Йигит аудиторияда ёлғиз бўлган. Хонадаги кузатув камераларидан кўриш мумкинки, у ўзини ташлашга уринган, орқага қайтган охир оқибат ўзини ташлаган. Видео ёзувлар ва талабанинг телефони ички ишлар ходимларига тақдим этилди. Қўшимча маълумотларни тергов ҳаракатлари давомида тақдим этамиз. Талаба вилоятдан бўлгани туфайли унинг ота-онасига қўнғироқ қилиб, фарзандини тоби йўқлигини айтдик. Улар Тошкентга келишяпти. Ота-онасининг руҳий ҳолатини жойга қўйиб, ундан кейин вафот этгани ҳақида айтамиз. Ҳозир талабанинг дўстлари, курсдошлари терговга талаба ҳақида маълумот беришяпти”, дейди ЎзДЖТУ ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлими бошлиғи Соҳиб Эгамов.
Ҳозирда содир этилган ҳодисанинг сабабларини аниқлаш, иш учун аҳамиятли бўлган из, далил ва бошқа муҳим буюмлар инсон таъсири оқибатида йўқолиши ёки шикаст етказилишини олдини олиш мақсадида, жиноят процессуал қонунчилигига риоя қилган ҳолда Учтепа туман прокуратураси томонидан текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.