Марҳаматда ўқитувчилар сазойи қилингани учун суд “замҳоким”ни жазолади
Жамият
−
30 Март 2022
8279Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 72-ИДУМ ўқитувчилари ўқувчиларнинг ота-онасидан узр сўрашга мажбурлангани ортидан суд туман ҳокимининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Мухтор Қурбоновга жазо тайинлади. Бу ҳақда вилоят суди Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Қайд этилишича, Мухтор Қурбонов Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-5-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, унга базавий хисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида (2 700 000 сўм) жарима жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 февраль куни Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида бош эгиб, кечирим сўрашга мажбур қилинганди.
9 февраль куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳолатга муносабат билдириб, ўқитувчилардан узр сўради.
Энг аҳамиятлиси шундаки, Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов Марҳамат туманида ўқитувчиларни ўқувчиларнинг ота-онасидан узр сўратиш туман ҳокими Бобуржон Йўлдошевнинг ташаббуси бўлганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар йиғилиши Марҳамат тумани ҳокимидан чиққан ташаббус бўлиб барча мактабларда ўтказишга топшириқ берилган. Шу сабабдан ХТБ бошлиғи туман ҳокимининг мазкур ҳолат бўйича шахсан ўзининг муносабат беришини қатъий талаб қилган.
Кейинчалик эса Мухтор Қурбонов лавозимидан озод қилинди, туман ҳокими Бобур Йўлдошевга эса фақатгина “ҳайфсан” интизомий жазоси тайинланди.