Машиналарини қайтараётган “UzAutoMotors”, муҳожирларнинг янги патенти, терговдан қутилган Биринчи Президент... Бугун нималар бўлди?

Таҳлил

image

Якунига етаётган 21 декабрь Ўзбекистон ва халқаро майдонда қатор муҳим воқеалар юз бергани билан ёдда қолмоқда. QALAMPIR.UZ дайжестида куннинг энг муҳим воқеалари қисқача тафсилоти билан танишинг.

Жамият 

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 14 фоизли кредитлар ажратилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида: 

а) лойиҳаларни молиялаштириш учун мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ресурслари тижорат банкларига йиллик 10 фоиз ставкада жойлаштирилади;

б) имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада.

“UzAutoMotors” учта моделдаги машиналарини чақириб оляпти

“UzAutoMotors” АЖ жорий йилнинг 5-17 декабрида ишлаб чиқарилган Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобилларини “Чақириб олиш” дастурини эълон қилди

Компания Матбуот хизматининг хабар беришича, бу “Чақириб олиш” дастури автомобилларнинг орқа ойна иситиш тизимини текшириш зарурати билан боғлиқ.

Барча ишлар “UzAutoMotors” АЖ ходимлари томонидан дилерлик марказларининг сервис хизматида ишлаб чиқарувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

“UzAutoMotors” ишлаб чиқарилаётган автомобиллар сифати ва мижозлар талабини қондиришни ўзининг асосий устувор вазифаси деб билади. “UzAutoMotors” АЖ бош директори Бо Андерссон бу йил компанияга келганида сифатни кескин оширишни ва ҳар қандай камчиликларга мутлақо муросасиз муносабатда бўлишни эълон қилди”, дейилади хабарда.

Тошкент вилояти Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ходими $3,4 млнга ер сотаётганда ушланди

Ноқонуний ер савдоси билан шуғулланган Тошкент вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ходими қўлга олинди. Тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилди.

Вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ходими ҳамда Тошкент шаҳар Яккасарой туманида рўйхатдан ўтган масъулияти чекланган жамиятнинг норасмий эгаси ўзаро тил бириктириб, Қибрай тумани ҳудудида жойлашган мазкур МЧЖга тегишли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган 13,7 гектар унумдор ер майдонини харидорга 3 млн 425 минг АҚШ долларига сотишга келишган.

Қашқадарёда маст эр хотинини ўлдириб қўйди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида аёл эри томонидан ваҳшийларча ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси Матбуот котиби QALAMPIR.UZ’га расмий маълумот берди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 21 октябрь куни Яккабоғ тумани “Уйғур” маҳалласида яшовчи фуқаро У.Э. маст ҳолатда турмуш ўртоғи Г.Х. билан ўзаро жанжаллашиб қолган. Шунда маст эр хотинини бир неча бор уриб, тан жароҳати етказган. Оқибатда аёл вафот этган.

Хабарга кўра, мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 22 октябрь куни Яккабоғ туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича У.Э.га Жиноят кодексининг 97-моддаси билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

“Face of Asia” гўзаллик танловида Ўзбекистон вакиласи ғолиб бўлди

Ўзбекистонлик Маргарита Муҳамеджонова Жанубий Кореяда бўлиб ўтган нуфузли “Face of Asia” гўзаллик танловида ғолиб чиқди. Бу йилги танлов пандемия сабаб онлайн шаклда ўтказилди. Саралаш уч босқичдан иборат бўлиб, финалга учта иштирокчи йўл олди. Шулардан бири Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этаётган Маргарита Мухамеджонова бўлди.

Маргарита ҳозир 25 ёшда у ташқи кўриниш, тилларни билиш, моделчилик саноатидаги тажрибаси ва бошқа ҳужжатлар кўрсаткичи бўйича тўлақонли мос келган. У 15 ёшида  моделлик билан шуғулланишни бошлаган. Ҳозирда “JModels” агентлигида модел бўлиб ишлайди. Маргарита турмушга чиққан, фарзанди ҳам бор.

Олам

Янги буйруқ: мигрантларнинг РФда бўлиш муддатини қисқартирувчи ҳолатлар тасдиқланди

Мажбурий бармоқ изларини олиш, суратга олиш ва тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган хорижий фуқароларнинг Россия Федерациясида вақтинча бўлиш муддати қисқартирилади. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг буйруғидан келиб чиқиб хабар берилган.  

“Агар чет эл фуқароси гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш, психотроп моддаларни шифокор рецептисиз олиш фактининг мавжудлиги ёки йўқлиги учун бармоқ изини давлат рўйхатидан ўтказиш, фотосуратга олиш ва тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортса, чет эл фуқаросининг Россия Федерациясида вақтинча бўлиш муддати қисқартирилади”,
дейилади ҳужжатда. 

Кутилган янгилик: турк лираси доллар ва еврога нисбатан бирдан мустаҳкамланди

Туркияда Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг мамлакат иқтисодиётининг келажаги ҳақидаги баёнотларидан сўнг миллий валюта — турк лираси доллар ва еврога нисбатан бирдан мустаҳкамланди. Савдо маълумотларига кўра, доллар курси лирага нисбатан пасайиб, Америка валютаси бирлиги учун 12,32 лирага етди.  

Кеча, 20 декабрь куни савдолар давомида максимал курс бир доллар учун 18,36 лирагача кўтарилди. Турк пул бирлиги 9 фоиз қийматини йўқотди. Евро кун давомида 20,68 лира бўлган бўлса, айни дамда у 13,64 лирагача арзонлашди. 

Маҳаллий экспертлар бундай тўсатдан ўзгарувчанликни Эрдўғаннинг мамлакатдаги иқтисодий вазият кун тартиби бўлган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан кейинги баёнотлари билан боғламоқда. У бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун шароитларни сақлаб қолишини айтган. 

Россия меҳнат муҳожирларига янгича патент жорий қилмоқда

Россияда меҳнат муҳожирларига юзининг электрон тасвири ва бармоқ изларини ўз ичига олган чипли карта кўринишида патент бериш бошланади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг мамлакат ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган буйруғида сўз боради.

“Россия Федерациясига визани талаб қилмайдиган тартибда келган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга электрон маълумот ташувчиси бўлган карта кўринишида берилган патент шакли тасдиқлансин”, дейилади ҳужжатда.

Собиқ Президент Акаев Жапаров ва Путинга миннатдорлик билдирди 

Қирғизистоннинг Биринчи Президенти Асқар Акаев Ватанида энди унга қарши даъволар йўқлигини ва унга қарши барча ишлар ёпилганини маълум қилди. Бу ҳақда у Россиянинг “Московский Комсомолец” нашрига берган интервьюсида гапирган.

“Энди мен ҳам Қирғизистоннинг бошқа фуқаролари каби исталган вақтда у ерга боришим мумкин”, деган Акаев.

Собиқ Президентнинг сўзларига кўра, у “Қумтор” ишида гувоҳ ва айбланувчи сифатида иштирок этган.

“Бишкекда менга берилган саволларнинг аксарияти айнан шу иш билан боғлиқ эди. Ахир, мен бу корхона ҳақида кўпроқ биламан, айнан мен 1990-йиллар бошида инвестор топганман”, деган Акаев. 

Ҳар йилгидан ўзгача: Елизавета II Рождество байрамини қаерда ўтказиши айтилди

Буюк Британия қироличаси Елизавета II Рождество байрамини Виндзор қасрида ўтказади. Бу ҳақда “Sky News” Букингем саройига таяниб хабар берган.  

“Қиролича Рождество байрамини анъанавий тарзда байрам нишонланадиган Сандрингем саройида эмас, Виндзор қасрида ўтказади”, дейилади телеканал хабарида. 

Таъкидланишича, дам олиш кунларида қироллик оиласи аъзолари ҳам Виндзорга келади, саройда зарур хавфсизлик чоралари кўрилади.

Спорт

Хави “Севилья”га қарши ўйин ҳақида гапирди

“Барселона” бош мураббийи Хави Испания чемпионатидан ўрин олган “Севилья”га қарши ўйин ҳақида фикр билдирди.

“Бизда катта ўсиш бор, аммо бу ўйинда ғалаба қозониш жуда қийин бўлади. Биз ажойиб ташкилотчиликка эга ажойиб жамоага қарши ўйнаймиз. Бўлажак учрашувнинг мураккаб эканини англашимиз керак”. “Севилья”дан ўрнак олишимиз керак – улар нафақат майдонда, балки кийиниш хонасида ҳам жуда кучли. Мончи (спорт директори) эса ўз соҳасининг етакчи мутахассисларидан бири”, дейди Хави.

 “Бавария” ярим ҳимоячиси “Реал”га ўтиши мумкин

“Бавария” ярим ҳимоячиси Корентен Толиссо “Реал Мадрид”га ўтиши мумкин. Бу ҳақда “Marca” нашри хабар бермоқда.

Футболчининг мюнхенликлар сафидаги ҳолати йнинг Мадридга ёки Англия Премьер лига клубига ўтишини тобора ойдинлаштирмоқда. Толиссонинг “Бавария” билан шартномаси жорий мавсум охиригача амалда бўлади. У шартномани узайтиришни истамаслигини аллақачон маълум қилган.

Футболчининг хизматларига “Қироллик клубидан”  ташқари ПСЖ, “Атлетико”, “Тоттенхэм” ва “Ювентус” ҳам қизиқиш билдирган.

UFC чемпиони промоушендаги сўнгги жангини ўтказади

UFC оғир вазн тоифаси чемпиони Франсис Нганну (16-3) UFC 270 турнири доирасида франциялик Сирил Ганга (10-0) қарши октагонга кўтарилади. Ташкилот президенти Дана Уайтнинг маълум қилишича, промоушен билан тузилган шартномага кўра бу 35 ёшли камерунлик Нганну учун охирги жанг ҳисобланади.

“Оғир вазн тоифасидаги чемпионимиз шартномаси учун курашади. Баъзида шунга ўхшаш нарсалар содир бўлиб туради. Одамлар билан келишиб олиш ҳар доим ҳам мумкин эмас. Жангчи бўлсангиз ҳам атрофдагиларни эътибор билан танлашингиз керак. Менимча, Франсисда энг яхши менежерлар бўлмаган. Агар биз билан бўлишни истаса, уни олиб қолишдан хурсанд бўламиз. Агар аксинча бўлса, муаммо йўқ”, дейди Уайт.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

35

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг