Бир балоси бўлмаса... Ҳокимбувага совға қилинган Mercedes'нинг ортида коррупция бор...ми?

Жамият

Аввалроқ, фуқаро Тошкент шаҳар ҳокимлигига нархи 250 минг АҚШ доллари атрофида бўлган Mercedes Benz S500 Hybrid русумли автомобилини совға қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу қимматбаҳо совға ижтимоий тармоқларда муҳокамага келтириб чиқарди. Бу ҳадя ортида коррупция аломати йўқмикан, дея Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг муносабатини кутганлар ҳам бўлди.

QALAMPIR.UZ Тошкент ҳокимлигига қимматбаҳо автомобиль совға қилинишига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги қандай муносабатда эканини билиш учун ташкилот раҳбари Акмал Бурҳоновга микрофон тутди.

“Албатта, хабаримиз бор. Бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон қонунчилигида давлат идораларига тадбиркорлар ёки фуқаролар, жисмоний шахслар томонидан совғалар берилиши ёки ҳомийлик қилиниши тақиқланмаган. Шунингдек, совға ёки ҳомийликнинг миқдори ҳам белгиланмаган. Бугунги кунда нафақат Тошкент шаҳрида, балки бошқа вилоятларда ҳам ҳомийлик қилинаётганди. Маҳаллий ҳокимликларга қимматликларни жисмоний шахслар ёки тадбиркорлар томонидан берилиши ёки қурилиш ишларига кўмаклашиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Буларнинг барчаси ҳам холис, ҳеч қандай манфаатсиз амалга ошириляпти, деб айтишимиз қийин. Шу сабабли ҳам халқаро тажрибани кўрадиган бўлсак, бу каби масалалар аниқ тартибга солинган. Яъни шахсий бизнес билан давлат фаолияти ўртасидаги ҳолатларга аниқ чегара қўйилган ёки совға сиёсати, ҳатто, ҳомийлик ҳам аниқ тартибга солинганини кўришимиз мумкин”, дейди Бурҳонов.

У сўзида давом этиб, бугунги кунда давлат раҳбаридан Ўзбекистондаги манфаатлар тўқнашувини аниқ тартибга солиш бўйича топшириқ бўлганини қўшимча қилди. 
Бурҳоновга кўра, қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва жамоатчилик муҳокамасига ҳам қўйилган. Қонун лойиҳасида давлат хизматига ишга қабул қилиш, мансаб пиллапояларидан кўтарилишда уруғ-аймоқчиликка йўқ қўймаслик ва унга жавобгарлик борлиги ҳам аниқ белгилаб қўйилган.

Агентлик директори ҳокимликка автомобиль совға қилиш каби ҳолатлар Ўзбекистон қонунчилигида аниқ тартибга солинмаганини таъкидлаб, шундай деди:

“Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳомийлик масаласи тартибга солинган. Шаҳар ҳокимлигига автомобиль бериш каби ҳолатлар эса аниқ тартибга солинмаган. Германия тажрибасини ўрганган ҳолда, ҳомийлик тартибини ҳам қайта кўриб чиқиш кераклигини билдик. Айни шу каби ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги, нима сабабдан бу совға берилаётгани, манфаатлар тўқнашуви бор-йўқлиги каби ҳолатлар ўрганилади.

Шаҳар ҳокимияти билан боғлиқ ҳолат ҳам Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўрганилди. Ҳеч қандай қонун бузилиш ҳолати йўқ. Бу воқеани ҳам бошқа ҳолатларга гувоҳ бўлганимиздек, қайсидир бинони таъмирлаб бериш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳомийлик каби қабул қилинишини хоҳлардим. Лекин айтилганидек, қонунчиликда бўшлиқ бор. Юқоридаги ҳолат ҳам қонун билан тақиқланмагандан кейин бу вазиятни коррупция деёлмаймиз”.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция

Баҳолаганлар

1089

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг