Янги Ўзбекистонга мерос қолган эски суд тизими

Жамият

“Полный программа”да тергов қилинган тадбиркор оқланди. Туҳматчи ва буюртмачилар ҳамон очиқда қолмоқда north_east

“Полный программа”да тергов қилинган тадбиркор оқланди. Туҳматчи ва буюртмачилар ҳамон очиқда қолмоқда

Бугун, 29 ноябрь куни QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова мурожаатчи Бахтиёр Ханазаровнинг Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича кассация судининг оқлов ажрими устидан ёзган кассация шикояти юзасидан суд мажлисида қатнашиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судига борди.

Соат 11:30 да бошланиши белгиланган суд мажлиси, орадан 2 соат ўтса ҳам бошланмади. Суд зали олдида бир эмас, бир нечта фуқаро ва адвокатлар ўз иши бўйича суд мажлиси бошланишини кутарди.

Олий суд ходимлари суд мажлислари кечикишининг сабаби кўриладиган ишлар кўплиги ва ҳар бир жараёнда адвокат ёки аризачиларнинг узоқ маъруза қилишида эканини, баъзи вақтларда эса прокурорларнинг кеч келишида эканини айтиб ўтди.

Орадан 2,5 соат вақт ўтиб, суд зали эшиги очилганида аввалги иш кўриб бўлинганини пайқадик. Ичкаридан эса "тушлик қилиб, қолган ишни давом эттирамиз", деган овоз эшитилди. Суд залига кириб судьядан изоҳ сўраганимизда иш кўплиги, тушлик вақти бўлгани учун овқатланиб келишларини айтишди. Орадан вақт ўтиб, қўшимча изоҳ олиш имконияти пайдо бўлди.

“Биз ҳам худди сизга ўхшаган инсонмиз. Синглим бир дона “перашки” билан бир пиёла чой ичиб келаман. Сизга тушунтиришимга ҳам вақт кетяпти. 15-20 дақиқада келамиз ва бошлаймиз. Суд мажлислари кеч бошланишини тан оламиз. Бу ишни кўплигидан. Судьялар бир кунда бештадан ортиқ иш кўриши керак эмас, деган қонун чиқиши керак. Биз юзлаб иш кўрамиз. Қонунчиликка ўзгартириш киритиш керак. "Нима учун судьяларни қийнаяпсизлар", деб чиқинглар”, дейди судья.

QALAMPIR.UZ журналисти "суд мажлислари доим кеч бошланадими?", деган савол билан бир нечта адвокатга микрофон тутишни истади аммо, улар интервью беришни хоҳлашмади.

Уларнинг айтишича, суд мажлислари нафақат Олий судда балки туман судларида ҳам ўз вақтида бошланмайди. Адвокатлар бу ҳолатга бир неча бор эътироз билдиришган лекин фойда бўлмаган. Адвокатлардан бирининг айтишича, у муаммоларни айтиб, интервью берса, бошқа бир баҳона билан лицензиясидан ҳам айрилиши ҳеч гап эмас. Адвокатлар вақти ўғирланаётгани ҳам майли шу кунга белгиланган бошқа ишларига, масалан, бир инсон ҳаёти ҳал бўладиган терговга ҳам тайёргарликсиз боришга мажбур бўлишлари ҳақида айтишди.

QALAMPIR.UZ суд мажлисларининг ўз вақтида бошланмаслигига биринчи марта гувоҳ бўлаётгани йўқ. Мажлислар сурункали равишда кечикади ва бу нафақат Олий судда балки ҳудудий судларда ҳам кузатилган.

Суд мажлиси вақтида бошланишини кутаётганлар ОАВ ходими, фуқаро ёки адвокат – ким бўлиши муҳим эмас, асосийси уларнинг вақти ўғирланмаслиги ва ҳуқуқлари бузилмаслиги керак. Янги Ўзбекистонни эски суд тизими ёки эскича иш режалари билан қуриб бўлмайди.

Сиз қатнашган суд мажлислари ўз вақтида бошланганми?


Мақола муаллифи

Теглар

суд адвокат судтизими янгиўзбекистон

Баҳолаганлар

174

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг