Боламнинг ўлигини ташлаб қўймайман

Таҳлил

Қамоқхона, маҳкумлар ва ичкаридан ўлик чиқиши яна кун тартибида. Икки кунда жазони ижро этиш колониясидан 2 та ўлик чиқди. 17 февраль куни Инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг Олмалиқдаги 14-сонли колониясидан 21 яшар маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиққани ҳақида ёзди.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг ёзишича, жамиятга марҳумнинг онаси мурожаат қилган. Йигит 2024 йилнинг қишида уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Маҳкумнинг онасига кўра, маҳкум шу йил августда манзил-колонияга чиқиши керак бўлган. Она маҳкум фарзандини охирги марта шу йилнинг 26-28 январь кунлари узоқ муддатли учрашувда кўрган. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизматининг хабар беришича, ҳолат омбудсман томонидан ўрганилган.

“Жорий йилнинг 14 февраль куни соат 22:45 да жазо муддатини ўтаётган маҳкум соғлиғида ўзгариш сезгани сабабли колония шифокорларига мурожаат қилган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг ҳам унинг ҳолати яхшиланмагани сабабли, у Олмалиқ шаҳар марказий шифохонасига ётқизилган. Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, маҳкум 15 февраль куни соат 01:00 да шифохонада гипертония ва бирламчи юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этган. Маълумотларга кўра, марҳумга суд-тиббий экспертизаси тайинланган”, дейилади Омбудсман хабарида.

Марҳумнинг онаси январь ойида фарзандининг ҳолати яхши бўлгани, у доимий спорт билан шуғуллангани учун юрак билан боғлиқ муаммоси бўлмаганини айтмоқда. Қолаверса, жазони ижро этиш колониясида сақланган фарзанди тоби қочиб шифохонага олиб борилганини ва у вафот этиб шифокорлар уни ёриб кўрган вақтида ҳам оила аъзолари бу ҳолатдан хабардор қилинмаганидан норози бўлмоқда. Онанинг иддао қилишича, маҳрумнинг баданида қийноқ излари, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар бўлган.

“Бизда шубҳа туғдирган ҳозирча ягона жиҳат колония маъмуриятининг маҳкумнинг оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида унинг яқинларига хабар бермаганлигидир”, деб ёзган Абдураҳмон Ташанов.  

Омбудсман ахборот хизматига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат ўрганилмоқда. Шунингдек, Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили марҳумнинг оила аъзолари билан учрашиб, таъзия билдирган. Шу билан бирга ҳолат юзасидан Бош прокуратурага мурожаат юборилган. Бош прокуратуранинг билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан воқеа жойи ва мурда кўздан кечирилиб, мутасадди ходимлар ва шифокорлардан ҳолат юзасидан тушунтиришлар олинган ва ўлим сабабини аниқлаш учун судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, марҳум юрак ишемик касаллигининг ўткир шакли, юрак мушакларида қон кетиши “миокард инфаркти”дан вафот этганлиги кўрсатилган.

“Ҳозирги кунда терговга қадар текширув ҳаракатлари Тошкент махсус прокуратураси томонидан олиб борилмоқда”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Ҳолат ЖИЕДга қарашли колонияда содир бўлганига қарамасдан ҳозиргача на ИИВ на ЖИЕД ҳолатга муносабат бергани йўқ. Бермаса ҳам керак!

Колониядан ўлик чиққанини эшитиб, ҳали шок ҳолатига улгурмасдан Бош прокуратура яна бир ахборот билан чиқди. Унга кўра, жазони ижро этиш колониясида вафот этган маҳкум фақат 21 яшар Муҳаммадқодир Пўлатов эмас. Бош прокуратурага кўра, 2025 йил 11 февраль куни Товоқсойда жойлашган 7-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаган маҳкум Мустафо Турсунбоев бир қаватли бинонинг деворларини бузаётган вақтида девор қисми қулаб, босиб қолган.

“Маҳкум М.Турсунбоев зудлик билан шифохонага жойлаштирилган. Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан маҳкум 16 февраль куни шифохонада вафот этган. Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Тошкент махсус прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Омбудсман бу ҳолатни ҳам назоратга олганини айтиб чиқди. Бош прокуратура хабарини тўлдириш билан тақдим этган омбудсман ахборотига кўра,  11 февраль куни тахминан соат 16:10 да маҳкум М.Т. колония ҳудудидаги эски ошхона биносида ободонлаштириш ишларига жалб этилган. Деворни бузиш жараёнида эҳтиётсизлик сабабли унинг бир қисми маҳкум устига қулаган, натижада оғир тан жароҳати олган.

“Колония шифокорлари маҳкумга зудлик билан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиб, уни Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасининг “Қўшма жароҳатлар ва ўткир қон-томир касалликлари” марказига олиб боришган. Маҳкумга кўп сонли травма, бош мия ёпиқ жароҳати, кўкрак қафаси ёпиқ жароҳати, травматик шок III босқич, геморрагик шок III босқич, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган.

Шифохонада маҳкумга жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Шифохонада кўрсатилган муолажаларга қарамасдан маҳкум 16 февраль куни соат 17:00 да вафот этган. Ушбу ҳолат Омбудсман Девони ходимлари ва Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилди”, дейилган омбудсман хабарида. 

Омбудсман берган хабарда марҳумнинг отаси Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасида 5 кун давомида ўғлининг ёнида бўлгани айтилган.

Икки ҳодисада вафот этиш ҳолати фарқли, лекин иккала ўлик ҳам жазони ижро этиш колониясидан чиққан. Биринчи ҳолат содир бўлганидан 3 кун, иккинчиси 2 кун ўтиб жамоатчиликка маълум бўлди. Шу вақтгача на ИИВ ва ЖИЕД ва на бошқа ташкилотлар негадир миқ этгани йўқ. Бир ҳафтада колонияда икки нафар одам ўлиши даҳшатли статистика. Албатта, бу жамоатчиликка очиқлангани. Беркитилган ҳолатлар бор ё йўқлиги бизга қоронғи. Омбудсман берган икки баёнот ҳам 18 февраль куни бир неча соатли фарқ билан эълон қилинди. Унда Бош прокуратура берган ахборот бироз тўлдирилганини кўрасиз. Лекин эътиборимизни тортган ва ажаблантирган ҳолат битта – омбудсман ўз ахборотида Товоқсойдаги колонияда девор босиб қолиб, бир неча кун шифохонада ётган маҳкумнинг отаси у билан 5 кун давомида бирга шифохонада бўлганини айтган. Бирламчи юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этган маҳкумнинг онаси эса фарзанди шифохонага боргани, вафот этгани ва уни экспертизага олиб бориб, жасадини ёриб кўришганидан кейин хабари бўлганидан норозилигини билдирган. Бир мақомдаги шахсга икки хил муносабат.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 13-моддасида Маҳкумларнинг асосий мажбуриятлари келтирилган. “Маҳкумларнинг ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажармаслиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади”, дейилади айни шу моддада. Агар 21 яшар маҳкум бетоблик сабаб вафот этди дейдиган бўлсак, колония ҳудудидаги эски ошхона биносида ободонлаштириш ишларига жалб этилган ва девор бузиш жараёнида оғир тан жароҳати олиб вафот этган маҳкум учун ким жавоб беради? Маҳкумлар колония қоидаларини бузмаслиги, барча талабларни бажариши билан баробар, уларнинг хавфсизлиги колония томонидан таъминланиши ҳам жуда муҳим.

Албатта, жазони ижро этиш муассасалари ёпиқ ташкилот. У ерга истаган одам кириб чиқолмайди, нафақат одам, бизнинг қамоқхоналардан ортиқча гап ҳам чиқмайди. 2022 йилнинг ноябрь ойидаги маълумотларга кўра, Республикада 54 та жазони ижро этиш колонияси бор. Уларнинг 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил-колония ва 11 таси тергов ҳибсхоналари ҳисобланади. Ўша вақтда Ўзбекистон қамоқхоналарида 26 мингдан зиёд маҳкум сақланаётгани айтилганди. 2024 йилдаги маълумотларда Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар сони ҳар 100 минг аҳолига ҳисоблаганда 68 нафарни ташкил этиши очиқланган.

Афсуски, колониядан маҳкум ўлиги чиқиши биринчи ҳолат эмас. 2024 йилнинг 23 май куни Наманган вилояти Поп туманида жойлашган 6-сонли қамоқхонада 24 ёшли маҳкум ўз жонига қасд қилганди. Ўшанда ҳам омбудсман муносабат берган ва ҳолат тўлиқ назоратга олинганини айтиб чиққанди. 

Жамоатчилик орасида бир маҳкум ўзини осганига нима сабаб бўлгани, унинг бу ҳолати эътибордан четда қолиши ва колонияда бир маҳкумнинг ўз жонига қасд қилиш учун шароитнинг борлиги кўп муҳокама қилинади. 

Ўзбекистонда нафақат колония, балки ички ишлар органларига кирганларнинг ҳам ўлиги чиқади ва айнан тергов ҳибсхоналари ва ички ишлар бўлимларида қийноқ ва ўлим ҳолатлари кўп учрайди. Бунга 2023 йилнинг 3 июнь куни Тошкент вилоятининг Бўка туманида фуқаро ИИБ ходимларининг ноқонуний сўроқ қилиши ва жароҳат етказиши оқибатида вафот этганини мисол сифатида келтириш мумкин…

2022 йилнинг 30 октябрь куни QALAMPIR.UZ сайтида “Ичкаридаги ишлар” номли махсус фильм эълон қилинган эди. Ушбу фильмда Навоий шаҳар бешинчи минтақавий ҳудуд 4-сон жазони ижро этиш колониясидан ўлиги чиққан Оятулло Раҳматулла ўғли Махсумов ҳақида сўз борган. 

Махсус фильмни QALAMPIR.UZʼнинг YouTubeʼдаги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ Омбудсман Қамоқхона маҳкум ўлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг