Си Цзиньпин ва Путинсиз саммит. Дунё етакчилари “Толибон” билан ҳамкорлик қиладими?
Олам
−
13 Октябрь 2021
10027Кеча, 12 октябрь куни Италия томонининг ташаббуси билан Катта йигирма (Г20) мамлакатлари раҳбарларининг навбатдан ташқари виртуал саммити очилди, унда Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди. Ушбу мамлакатдаги ҳолат гуманитар фалокатга яқинлашиши фонида кўплаб жаҳон сиёсатчилари “Толибон”нинг янги ҳукумати билан ҳамкорлик муқаррар эканини қайд этди. Бу ҳақда BBC ёзмоқда.
Германия канцлери Ангела Меркель халқаро ҳамжамиятни Афғонистоннинг тартибсизликлар ичида қолишидан огоҳлантирди. У саммит иштирокчиларига “Толибон” ҳукумати даврида бу мамлакат иқтисодиёти қуласа, дунё ҳеч нарсага эришмаслигини айтган.
Ўз лавозимидан кетиш арафасидаги Меркель Германия Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами учун 600 миллион евро ажратишга тайёрлигини тасдиқлаган.
Дунё раҳбарлари, жумладан АҚШ Президенти Жо Байден, Афғонистон учун ажратиладиган молиявий ёрдам тўғридан-тўғри “Толибон”га эмас, балки мустақил халқаро ташкилотлар орқали кўрсатилиши кераклигини таъкидлаган.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен эса Афғонистонга бир миллиард долларлик ёрдам пакетини ажратишни таклиф қилган ва шундан 300 миллиони гуманитар ҳалокатни олдини олиш учун йўналтирилишини айтган. Бироқ, у қолган сумма нимага сарфланишига аниқлик киритмаган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бошлиғи Антониу Гутерриш ҳам Афғонистоннинг янги ҳукуматига тўғридан-тўғри маблағ ўтказилишига қарши чиққан ва мамлакат иқтисодиётига ёрдам беришни таклиф қилган.
Саммит иштирокчиларининг бир қисми Афғонистонга ёрдам кўрсатиш “Толибон”нинг инсон ҳуқуқларига риоя қилишига боғлиқ бўлишини таклиф қилган.
“Мен, айниқса, толибларнинг қизлар ва аёлларга берган ваъдалари бажарилмаётганидан қўрқяпман”, дейди Гутерриш.
Кузатувчиларга кўра, Ғарб олдида деярли имконсиз вазифа турибди: кўплаб мамлакатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган “Толибон” билан бевосита алоқани четлаб ўтиб, оддий афғонларга ёрдам бериш.
“Бизда ўйлашга вақт йўқ. Ҳаракат қилишимиз ва буни тез амалга оширишимиз керак”, дейди Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель.
Қайд этиш керакки, Катта йигирматаликка Россия ҳам аъзо бўлса-да, унда Владимир Путин иштирок этмади. Песковнинг таъкидлашича, тезкорлик билан бошланган ушбу саммит Россия Президентининг иш графигига тўғри келмаган. Бундан ташқари, Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳам ушбу саммитда иштирок этмаяпти. Бироқ, саммит ташкилотчилари ҳар икки томонга ҳам таклифнома берилганини қайд этган. Ўз навбатида, Италия Бош вазири Марио Драги Россия ва Хитой етакчиларининг саммитда иштирок этмаётганига ҳеч қандай сиёсий асос йўқлигини ҳамда ушбу давлатлардан бошқа вакиллар саммитда қатнашаётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Путин билан Си Цзиньпин Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига бормаган, бироқ онлайн иштирок этганди.
Маълумот учун, мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган толиблар, 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди.
LiveБарчаси