Бугун энг қадимий теннис мусобақасининг ярим финал баҳслари якунланади

Спорт 704
image

Теннис бўйича Лондон шаҳрида давом этаётган “Катта дубулға” туркумига кирувчи “Уимблдон” турнири ўзининг ҳал қилувчи палласига етиб келди. Соврин жамғармаси 48 миллион доллардан зиёд бўлган турнир аёллар ўртасида финалчилар номи аниқ бўлди. 

Ярим финал баҳслари кеча, 8 июль куни бўлиб ўтди. WTA’нинг биринчи рақамли теннисчиси австралиялик Эшли Барти германиялик Анжелик Керберни икки сетда (6:3, 7:5) мағлуб этиб, финалга йўл олди. Иккинчи баҳсда Чехия вакиласи Каролина Плишкова беларуслик Арина Соболенкони 5:7, 6:4, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратди. Финалда Барти ва Плишкова тўқнаш келадиган бўлди. Ўзаро беллашувларнинг бештасида Эшли, икки марта Каролина ғалаба қозонган. Ҳал қилувчи баҳс эртага, 10 июль куни ўтказилиши режалаштирилган.

Шунингдек эркаклар ўртасид бугун, 9 июль куни ярим финал ўйинлари ўтказилади. 

Дунёнинг биринчи рақамли ракетка устаси Новак Жокович ATP (Теннис профессионаллари ассоциацияси) рейтингида 12-поғонани эгаллаб турган канадалик теннисчи — 22 ёшли Денис Шаповалов билан баҳс олиб боради. Бунга қадар ўтказилган олтита баҳснинг барчасида Новак ғалаба қозонган.

Ярим финал босқичининг иккинчи беллашувида Маттео Берреттини ва Хуберт Хуркач тўқнаш келади. Теннисчиларнинг ўзаро учрашувларда ҳар иккиси бир мартадан ғалаба қозонган. Ярим финал ўйинлари бугун, 9 июль куни ўтказилиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, теннис бўйича ўтказиладиган мусобақаларда ATP (эркаклар) ва WTA (аёллар) рейтинги учун очколар ва пул мукофотлари тақдим этилади. Энг нуфузли тўртта мусобақа “Катта дубулға” туркумига киради. Булар: “Австралия очиқ чемпионати” (Мельбурн, қаттиқ қопламали), “Ролан Гаррос” (Париж, қум қопламали), “Уимблдон” (Лондон, майса қопламали), “АҚШ очиқ чемпионати” (Нью-Йорк, қаттиқ қопламали).

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 7
Рейтинг: 2.8
t
×