Сатторий иши ортида ким турган бўлса, бутун мамлакат имижига доғ туширадиган иш қиляпти – Ташанов
Интервью
−
12 Май 2021
26329Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, қамалиши ўзбек жамоатчилиги томонидан қизғин муҳокама қилиниб, турли фикрлар билдирилди. Сатторийнинг қамалиши ортидан Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўқ экан, гапириш мумкин эмас, дегувчилар ҳам топилди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Aбдураҳмон Ташанов QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова билан суҳбатда кун тартибига кўтарилган "Сатторий иши", бу жиноий ишнинг Ўзбекистон имижига таъсири ҳақида фикрларини билдириб ўтди.
Абдураҳмон Ташанов дастлаб мамлакатдаги сўз эркинлиги билан боғлиқ умумий ҳолатга тўхталиб, бу борада сезиларли ижобий ўзгаришлар бўлаётганини қайд этди.
“Сўз эркинлиги тўла таъминланди деб айтмайман. AҚШнинг Freedom House ташкилотининг маълум қилишича, охирги 10 йилликка қараганда Ўзбекистонда жуда яхши кўрсаткичлар қайд этилмоқда, демак умид бор.
Лекин бир блогер сал бебошлик қилиб этикага амал қилмай гапириб қўйгани учун унга нисбатан 10-11 йил қамоқда ўтирасан деб юбориш, сўз эркинлигини шубҳа остида қолдирадиган жараёнлардан бири. Бу блогер Отабек Сатторий ишида ҳам намоён бўляпти”, деди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов.
Шундан сўнг, мутахассис Сатторийга 11 йил берилиши, умуман ОАВга ва бошқа журналистларга босим бўлиши мумкинлиги ҳақида мулоҳазаларини билдириб, сўз эркинлиги неъматми, деган саволга ҳам жавоб қайтарди.
“Албатта, неъмат. Ижтимоий тармоқларда “Тиррақи бузоқ подани бузади” деган битта пост ёздим . Худди шу каби, Сатторий иши ортида ким турган бўлса, бутун мамлакатни имижига доғ туширадиган иш қиляпти. Президент БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий кенгашида, биз энди қийноқларни тугатамиз, деб ваъда бериб турганда битта “тиррақи бузоқ” келиб бировни бошига битта уриб, ўлдириб қўйди. Энди-чи, энди халқ ишонмайди. Халқаро жамиятни олдидаги обрўйимиз кетади. Президент сўз эркинлиги беряпмиз, ҳақиқатни айтган журналистлар ортида мен турибман деётган вақтда, иккинчи “тиррақи бузоқ” чиқиб бир журналист учун 11 йил сўраб юборди. Катта-катта жиноят қилганлар, миллиард-миллиард пулларни ўғирлаганлар қутилиб қоляпти-да, гапиргани учун журналист 11 йил оляпти. Бу кетишда одамлар адолатга ишонмай қолади”, дейди Абдураҳмон Ташанов.
Унинг сўзларига кўра, Отабек Сатторийни ҳимоя қилган адвокат, унинг қўл остида фаолият юритади. Мазкур ишни кўриш жараёнида адвокатга таҳдид ҳам қилинган.
“Aдвокат Умид Давлатовга Миллий гвардия ва ички ишлар ходимларининг кўз ўнгида таҳдид қилишган. У профессионал адвокат, ортиқча гап сўзларга эътибор бермайди. Aдвокатга одамлар кўз олдида таҳдид қилишса, судга иши тушиб келган оддий фуқарони уриб, ўлдирарканда булар?”, дейди Ташанов бўлган ишларга муносабатини билдириб.
Эслатиб ўтамиз, 10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида Отабек Сатторийга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Суд ҳукми билан блогер 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Аввалроқ, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) сурхондарёлик блогернинг қамалиши бўйича муносабат билдириб, бу Ўзбекистонда Президент сайлови арафасида матбуотни қўрқитиш эканини таъкидлаганди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов билан интервьюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видеоплеерда ва YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
*Абдурамҳмон Ташанов билан суҳбат Отабек Сатторийга ҳукм ўқилишидан 2 кун аввал бўлиб ўтганди.