Қамоқхонадаги овқатлар талабга жавоб берадими?
Интервью
−
28 Ноябрь 2020
24731Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, захирадаги прокуратура полковниги Сайёра Хўжаева QALAMPIR.UZ билан суҳбатда Жазони ижро этиш муассасаларида бўлгани, бу ерда маҳкумларнинг овқатланиш шароитлари билан танишгани ва 1948 йилда қамоқхоналарда маҳкумлар учун бир кунлик нон ҳажми 600 гр бўлгани, лекин ҳозирги кунду бу 350 грни ташкил қилиши ва Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги қарори айни шароитга умуман тўғри келмаслиги ҳақида айтган эди.
Куни кеча “Тараққиёт стратегияси” марказида “Жазони ижро этиш тизими фаолияти: халқаро стандартлар ҳамда хорижий ва миллий тажриба” мавзусида ўтказилган семинарда QALAMPIR.UZ ушбу масалани кўтариб, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) котибияти мудири Саидбек Aзимовга юзланди.
ЖИЭМларда озиқ-овқат таъминоти борасида Азимов нима дейди?
“Буни инсон ҳуқуқи бузилиши деб айтолмайман, лекин Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилнинг 7 июлида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида ва тергов ҳибсхоналарида сақлаб турилган шахсларнинг, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкумларнинг таъминоти меъёрларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳозирги шароитга умуман тўғри келмайди. Бу муассасанинг айби эмас, сабаби Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқлаган рўйхати бор. Бу ишлар айнан шу рўйхат асосида амалга оширилади.
Бир нарсани янгилик сифатида айтишим керак. Ўтган ҳафтада ИИВдан Вазирлар Маҳкамасининг қарорига ўзгартириш киритиш тўғрисида йўриқнома келди. Бунда озиқ-овқат билан боғлиқ масалаларни қайта кўриб чиқиш ҳақида айтилган. Aлбатта, муаммо бор ва биз унинг ечими устида ишлаяпмиз.
Сайёра Отахоновна Хўжаева билан бирга Жазони ижро этиш муассасасига борганимизда, биз билан бирга Болалар ҳуқуқи бўйича Омбудсман Алия Юнусова ҳам боргандилар. Aлбатта, у ердаги шароит билан танишдик. Муаммолар бор. Ўзимиз гувоҳи бўлган муаммолар ечимини сўраб, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга мурожаат қилганмиз”, дейди Омбудсман котибияти мудири Саидбек Aзимов.
Қайд этилишича, маҳкумларга яратилган шароит, уларни озиқ-овқат билан таъминлаш биринчи ўринда туради. Маҳкумларнинг кунлик рационларини кўриб чиқиш бўйича ҳам Ҳукуматга қатъий таклифлар берилган. Маҳкумларга бериладиган, салат, нон, гўшт барча озиқ-овқат маҳсулотларига яхши эътибор бериш, бунда қўшни давлатлар тажрибасини ҳам ўрганиш зарурлиги, маҳкумларнинг таомланишини Қозоғистон Республикаси ҳам қайтадан кўриб чиқиб, Низомга ўзгартириш киритгани айтилди.
“Пандемия вақтида маҳкумларга яқин қариндошлари томонида йўқловлар киритиш ман этилган эди. Бир нарсани айтиш керак, уларга борадиган йўқловлар ҳам анча далда бўларди. Ҳозирги кунда йўқловлардан қатъи назар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига ўзгартириш киритилади. Бу ерда бизни позициямиз аниқ қўйилган. Озиқ-овқат маҳсулотларини халқаро тажрибани инобатга олиб кўпайтириш жуда зарур.
Маҳкумларга бериладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг яхшиланишида Жазони ижро этиш муассасалари (ЖИЭМ) ҳам манфаатдор. Маҳкумларга яратилган шароит қанча яхши бўлса, лўнда қилиб айтганда, уларнинг “қулоғи тинч бўлади”, муаммолар ечимини топса, маҳкумлар орасида ҳам норозиликлар кам бўлади”, деб қўшимча қилди Саидбек Aзимов.
Унинг таъкидлашича, кўп йиллар давомида Жазони ижро этиш тизими ёпиқ бўлган, муаммолар очиқ айтилмаган. Ҳозирги кунда бу тизим анча очилган. Бугунги кунда Жазони ижро этиш муассасасига нафақат Омбудсман, балки миллий превентивный механизм доирасида фуқаролик активлари ҳам кириб, муаммолар билан танишишлари мумкин.