Бизнес муҳитига тоза ҳаво кириб келди – Шуҳрат Илҳомов
Бизнес
−
18:10 986 7 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳар йилнинг август ойида тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларига қулоқ тутиши, масалаларини ечиши, бизнес муҳитини янада ривожлантириш, бюрократияни озайтириш, солиқ юкини қисқартириш, ортиқча қоғозбозлик ва текширувлар, жарималардан озод қилиш борасида таклифларини эшитиши анъанага айланган.
Кутилаётган навбатдаги учрашув олдидан QALAMPIR.UZ бундай мулоқотларда доимий равишда иштирок этиб, ўз таклифларини билдириб келаётган тадбиркорларга микрофон тутмоқда. Навбатдаги суҳбатдошимиз, 26 йилдан буён Ўзбекистон бозорида муваффақиятли фаолият юритиб келаётган “Navruz International Corp.” таъсисчиси Шуҳрат Илҳомов.
.png)
Холдингга 2000 йилда ака-ука Шуҳрат ва Шавкат Илҳомовлар томонидан асос солинган бўлиб, у Ўзбекистоннинг етакчи ичимликлар ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири. Компания йилига 600 млн литрдан зиёд тайёр маҳсулот ва дистрибуция тармоғи орқали мамлакат бозорида кенг турдаги ичимликларни тақдим этиш қувватига эга.
10 йилда муҳит ўзгарди, тоза ҳаво кирди
2017 йилдан бошланган янги ислоҳот даври Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳитини тубдан ўзгартирди. Холдингимиз фаолиятига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатган энг муҳим ислоҳотларни мен қуйидагиларда кўраман:
Валютани конвертация қилиш эркин бозор курси асосида очилиши – бу орқали хорижий таъминотчилар билан ҳисоб-китоб муаммоси тугади, халқаро бозорларга чиқиш имкониятимиз кенгайди. Биласиз, бу кўп йиллар давомида тадбиркорларни қийнаб келган масала эди.
Солиқ тизимининг ислоҳ қилиниши, солиқ маъмуриятчилигининг рақамлаштирилиши ва текширувлар тизимининг такомиллаштирилиши бизнес учун анча шаффоф ва прогноз қилинадиган муҳитни шакллантирди. Тадбиркорлар текширувлардан қўрқмаяпти, аксинча, ҳалол ва шаффоф ишлаш учун ўзида ҳам ўзгаришлар қиляпти, ривожланяпти.
Тадбиркорлар билан мунтазамлик касб этган очиқ мулоқотларда бизнес вакиллари ўз муаммоларини бевосита етказиш ва уларнинг ечимини топиш имкониятига эга бўлди. Бу платформа анъанавий тус олгани, Президентимизнинг ўзи ҳар йили муаммоларга қулоқ тутаётгани, янги ечимлар топилаётгани, бизнес муҳитига тоза ҳаво кириб келганини англатади.
Давлат хизматларининг рақамлаштирилиши эса лицензия, рухсатнома ва кўплаб хизматларни онлайн олиш имкониятини пайдо қилиб, тадбиркорларнинг вақт ва харажатларини қисқартирди. Аввалгидек, оддий ҳужжатлар тақдирини шахслар эмас, компьютер ҳал қиляпти.
.png)
Битта музлатгич учун 3 ой сарсон бўлардик
Қатор учрашувларда кўтарилган муаммолар вақти-соати билан ўз ечимини топиб келаётганини ўз Холдингимиз мисолида ҳам гувоҳи бўляпмиз. Айтишга арзигулик мисоллар кўп, улардан Холдингимиз фаолиятига ижобий таъсир кўрсатган баъзи ечимларни санаш ўринли, деб биламан.
Маҳсулотларни сетификатлаш масаласидаги мурожаат тизимли ҳал қилинди. Озиқ-овқат маҳсулотлари учун техник регламентлар ва стандартларнинг мажбурийлиги бекор қилинди. Уларнинг ўрнига озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари асосий талаб сифатида қўлланадиган бўлди. Аввал иккита орган билан ишланган бўлса, ҳозир СЭСнинг ўзидан олиняпти. Натижада вақт ва ресурс қисқарди.
Салқин ичимлик ишлаб чиқарувчилари томонидан савдо нуқталарида маҳсулотларни сақлаш ва намойиш қилиш учун импорт қилинадиган витрина музлатгичларини сертификатлаш жараёнини соддалаштириш масаласи кўтарилган эди. Аввал ушбу жараённи амалга ошириш учун тахминан 3 ой вақт талаб этилар, бу эса импорт қилинган жиҳозларнинг узоқ вақт туриб қолишига ва қўшимча харажатларга олиб келар эди. Кўз олдингизга келтиряпсизми, битта музлатгич учун 3 ой сарсон бўлинарди. Мурожаатимиз натижасида сертификатлаш жараёни соддалаштирилиб, ҳозирда ушбу жараён 10 кун атрофида амалга оширилмоқда. Натижада жараённинг давомийлиги қарийб 9 бараварга қисқарди.
Сув таъминоти ва оқова сув бўйича мурожаатимиз ҳам эътиборсиз қолдирилмади. Корхонамиз томонидан сув таъминоти ва оқова сув хизматлари бўйича бир неча бор кўтарилган масала ижобий ҳал этилди. Масалан, корхонага етказиб берилган ичимлик сувининг ҳажми сув ҳисоблагич орқали аниқланар эди. Бироқ оқова сув хизмати учун ҳам худди шу ҳажмда тўлов ундириларди. Ушбу масалани олиб чиққанимиздан кейин, оқова сув учун ҳақ тўлаш тартиби қайта кўриб чиқилиб, масала ижобий ҳал этилди.
.png)
Сервис ва умумий овқатланиш соҳасида солиқ юкини камайтириш ҳам тадбиркорлар томонидан кўтарилган муҳим масалалардан бири эди. Ушбу таклифнинг амалий ечим топганидан сўнг, компанияларимиз таркибидаги 3 та корхонани 6 фоизлик соддалаштирилган ҚҚС тартибига ўтказдик. Бунинг натижасида ушбу 3 та корхона бўйича йиллик солиқ юки қарийб 3 млрд сўмга камайиши кутилмоқда. Биз буни қабул қилинган қарорнинг бизнес учун аниқ ва ўлчанадиган самараси сифатида баҳолаймиз. Солиқ юкининг камайиши корхоналарнинг айланма маблағларини ошириш, хизматлар сифатини яхшилаш ва бизнесни янада ривожлантириш учун қўшимча ресурс яратади. Ва албатта, бунинг ижобий натижаларини жамоамиз, ходимларимиз ҳам ўз ҳаётлари, рўзғорларида сезишади.
Ҳали ечимини кутаётган масалалар мавжуд
Бугун тадбиркорликни бошлаш аввалги йилларга нисбатан анча осонлашди. Бироқ, йирик ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва халқаро рақобатда иштирок этиш учун ҳали ечимини кутаётган масалалар мавжуд. Очиғи, давлатимиз раҳбари ҳар йилги учрашувларда биздан жўяли ва фақат шахсий бўлмаган, кўпчиликка дахлдор муаммолар бўйича таклифларимизни кутадилар. Биз тадбиркорлар берадиган таклифларимиз устида бош қотирамиз. Узоқ йиллик фаолиятимиз ва имкониятлардан келиб чиқиб, ҳозир қуйидаги таклифлар устида ишлаётганимизни айтишим мумкин:
- Биринчидан, саноат корхоналари учун узоқ муддатли ва нисбатан арзон молиявий ресурсларга бўлган эҳтиёж юқори;
- Иккинчидан, малакали муҳандислар, технологлар, автоматлаштириш ва рақамли технологиялар бўйича кадрлар тайёрлаш масаласи долзарблигича қолмоқда;
- Учинчидан, ишлаб чиқариш учун муҳим бўлган айрим хомашё ва бутловчи қисмларни импорт қилишда логистика харажатлари ҳамда ташқи бозорлардаги беқарорлик бизнес харажатларига таъсир кўрсатмоқда;
- Тўртинчидан, маҳаллий корхоналарнинг инновация, маҳсулот ишлаб чиқиш ва халқаро брендлар билан рақобат қилиш салоҳиятини янада ошириш муҳим ҳисобланади.
Шу билан бирга, хусусий сектордаги корхоналар ҳам рақобатбардошликни ошириш учун корпоратив бошқарув, рақамлаштириш, самарадорлик ва экспортга йўналтирилган иш услубини янада кучайтириши лозим.
Бир ёқадан бош чиқариш керак
Ҳали олдимизда турган режалар кўп. Давлатимиз катта ривожланиш босқичини бошдан кечиряпти. Ва ҳар қандай ислоҳотлар замирида иқтисодни юксалтириш, бизнес муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва либераллаштириш ғояси ётганини кўряпмиз. Тадбиркорлар ҳам бунга жавобан ўзини ривожлантириш устида тинимсиз ишлаяпти, деб ишонч билан айта оламан. Ана шу изланишларимиз, ўрганишларимиз натижасида ҳозир биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб, кейинги босқичда эътиборни қуйидаги масалаларга қаратиш мақсадга мувофиқ, деб биламан:
Солиқ ва божхона қонунчилигидаги ўзгаришларнинг барқарорлигини таъминлаш, бизнесга узоқ муддатли режалаштириш имконини бериш;
- Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорларга чиқишини янада қўллаб-қувватлаш, экспорт логистикаси ва савдо инфратузилмасини ривожлантириш;
- Озиқ-овқат саноати учун инновацион технологиялар ва энергия тежовчи ускуналарга инвестицияларни рағбатлантириш;
- Дуал таълим ва саноат эҳтиёжларига мос касб-ҳунар тайёрлаш тизимини кенгайтириш;
- Давлат органлари фаолиятида "регулятор таъсирини баҳолаш" амалиётини янада кучайтириш, янги талаблар жорий этилишидан олдин уларнинг бизнесга таъсирини муҳокама қилиш.
Бу чоралар хусусий сектор инвестицияларини янада фаоллаштириш ва иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
.png)
Дунёдаги хатарлар бизни ҳам ўйлантиради
Халқаро майдондаги вазиятни кўриб турибсиз. Энергетика инқирози, логистика занжирларининг узилиши, хавфсизлик масалалари ва иқтисодий беқарорлик бизнесни қўрқитиб қўяди. Бу жараёнлар тадбиркордан пухта режалар тузиш билан биргаликда, вазиятга осон ва тез мослашишни ҳам талаб этади.
Озиқ-овқат ва ичимликлар саноатида яқин йилларда бир вақтнинг ўзида катта имкониятлар ҳам, жиддий чақириқлар ҳам мавжуд.
Агар асосий трендлар сифатида аҳоли даромадларининг ўсиши ҳисобига қўшилган юқори қийматли маҳсулотларга талабнинг ортиши, соғлом овқатланиш ва табиий маҳсулотларга бўлган қизиқишнинг кучайиши, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва автоматлаштиришнинг ишлаб чиқаришга кенг жорий қилиниши, экспорт бозорларида Марказий Осиё маҳсулотларига қизиқишнинг ўсишини келтириш мумкин.
Албатта, олдимизда турган хавфлар ҳам йўқ эмас. Глобал иқлим ўзгариши туфайли қишлоқ хўжалиги хомашёси нархларининг кескин ўзгариши, энергия ва логистика харажатларининг ўсиши, халқаро бозорларда рақобатнинг кучайиши, айрим импорт хомашёларига юқори даражада боғлиқлик – бизни ўйлантирадиган масалалар.
Бизнингча, ушбу чақириқларга жавоб сифатида маҳаллий хомашё базасини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, энергия самарадорлигини ошириш ва экспорт географиясини диверсификация қилиш стратегик аҳамиятга эга бўлади.
Live
Барчаси