Энди тадбиркорлар ўрнатган радарлар ҳам камар тақмаганларни аниқлайди
Local
−
12:59 1203 2 minutes
2026 йил 1 ноябрдан тадбиркорлар томонидан ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камаридан фойдаланмаслик ҳолатини аниқлашга рухсат берилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 октябрдаги “Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 596-сон қарорида белгиланган.
Қарор билан йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги 232-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Янги тартибга кўра, тадбиркорлар ўрнатган радарлар ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслигини ҳам қайд этиши мумкин.
Бунда тизим умумий техник талабларга жавоб бериши лозим. Хусусан, хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидалари бузилган ҳолатлар бўйича “Маъмурий амалиёт” модулига қуйидаги маълумотларни автоматик равишда узатиш имконияти бўлиши керак:
- метрологик қиёслаш гувоҳномасининг рақами ва амал қилиш муддати;
- қоидабузарлик аниқланган сана ва вақт;
- қоидабузарлик содир этилган жойнинг аниқ координаталари.
Шунингдек, электр тармоғида узилишлар юз берганда тизим фаолиятини 8 соатдан кам бўлмаган вақт давомида таъминлайдиган захира электр манбаи билан жиҳозланган бўлиши шарт.
Фото ва видео қайд этиш тизими орқали хавфсизлик камаридан фойдаланмаслик ҳолатини қайд этишда ҳайдовчининг юз кўриниши ҳамда хавфсизлик камаридан фойдаланган ёки фойдаланмагани юқори сифатли фотосуратларда акс эттирилиши шарт.
Live
All