Ҳусийларнинг ҳужумларига қарамай, Осиё Кубогига тайёргарлик давом этмоқда

Спорт

−

image

Саудия Арабистонида 2027 йилда бўлиб ўтадиган Осиё Кубогига тайёргарлик мамлакатда ҳусийлари томонидан уюштирилган ҳужумларга қарамай, тасдиқланган жадвал асосида давом этмоқда. Бу ҳақда маҳаллий мусобақа ташкилотчилари маълум қилди.

Саудия Арабистонининг SPA ахборот агентлиги хабар беришича, турнирни ташкил этиш ишлари Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) билан яқин ҳамкорликда олиб борилмоқда. Ташкилотчилар қитъа миқёсидаги мусобақани муваффақиятли ўтказиш учун зарур ресурсларни сафарбар этиш ва ишларни давом эттиришга содиқ эканликларини билдирган.

Аввалроқ, Швейцариянинг Цюрих шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро футбол федерацияси (FIFA) кенгаши йиғилишидан сўнг, ОФК президенти Салмон бин Иброҳим Ал Халифа Осиё Кубогини бошқа муддатга кўчириш эҳтимолини истисно қилмаган эди. Бироқ бу борада ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган.

Унинг айтишича, вазият тез ўзгариши мумкинлиги сабабли, қарор қабул қилишдан олдин ноябрь ойининг охиригача кутиш мақсадга мувофиқ. Кўриб чиқилаётган вариантлардан бири – турнирни 2028 йилга қолдириш.

Осиё Кубогининг финал босқичи 2027 йил 7 январдан 5 февралга қадар Саудия Арабистонида ўтказилиши режалаштирилган. Учрашувлар Ар-Риёд, Жидда ва Ал-Хубар шаҳарларида бўлиб ўтиши керак.

Маълумот учун, жорий йилнинг 10 октябрь куни Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бошқармаси Ар-Риёд аэропортига қилинган ҳужум оқибатида 12 киши ҳалок бўлгани ва 309 киши жароҳатланганини маълум қилган. 11 октябрь куни эса қурбонларга сабаб бўлган яна бир ҳужум ҳақида хабар берилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг