Ҳусийлар яна бир кема томон ракета учирди

Олам

image

Ямандаги ҳусийлар United контейнер кемасига қарши ракета билан ҳужум қилди. Бу ҳақда ҳаракатнинг расмий вакили Яҳё Сария маълум қилди.

“Яман ҳарбий-денгиз кучлари United тижорат кемасига қарши операция ўтказди ва унга ракеталар билан ҳужум қилди”, дейди у.

Яҳё Сарияга кўра, кема экипажи йўналишни ўзгартириш талабига уч марта жавоб қайтармаганидан сўнг, ҳусийлар контейнер кемасига ҳужум қилган. Шунингдек, у Қизил денгизда сузиш эркинлигини таъминлаш учун АҚШ ҳомийлигида халқаро коалиция тузилганига қарамай, ҳусийлар Исроил билан боғланган тижорат кемаларини нишонга олишда давом этишини айтган.

Marine Traffic хизмати маълумотларига кўра, United контейнер кемаси Либерия байроғи остида сузмоқда. Охирги марта кема ўзининг жойлашуви ҳақидаги маълумотларни 26 декабрь куни маҳаллий вақт билан 16:12 да узатган. Ўшанда у Қизил денгизнинг жанубий қисмида, Яманнинг Ходейда порти яқинида жойлашган эди. Хизмат веб-сайтида ҳозирда ҳам кеманинг навигация ҳолати "двигателдан фойдаланилмоқда" сифатида кўрсатилмоқда.

Бунгача Бирлашган Қироллик денгиз савдо операциялари (UKMTO) Ходейдадан тахминан 50 ва 60 денгиз мили (тахминан 93 ва 111 км) узоқликда содир бўлган иккита денгиз хавфсизлиги ҳодисаси ҳақида хабар берган. Бундан ташқари, UKMTO Ходейда яқинида жойлашган кемадан 5 денгиз мили (тахминан 9 км) узоқликда дронлар қулаганидан кейин иккита портлашни қайд этган.

Маълумот учун, Ғазо секторида Фаластин-Исроил можароси авж олганидан сўнг, ҳусийлар Исроил ҳудудига ҳужумлар уюштиришини ва Фаластин анклавида уруш тугамагунча Исроилга алоқадор кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига рухсат бермаслигини айтди. Ноябрь ойи ўрталаридан бери Қизил денгиздаги бир қанча савдо ва ҳарбий кемалар Яманнинг ҳусийлар назорати остидаги ҳудудидан ҳужумга учради. Бундан ташқари, ҳусийлар бортида 20 дан ортиқ экипаж аъзоси бўлган Galaxy Leader юк кемасини қўлга олди.

Ҳусийларнинг ҳаракатларига жавобан АҚШ расмийлари халқаро коалиция тузилгани ва Қизил денгизда навигация эркинлигини таъминлаш ва кемаларни ҳимоя қилиш бўйича операция тайёрланаётганини эълон қилди. Операция иштирокчилари орасида Баҳрайн, Буюк Британия, Испания, Италия, Канада, Нидерландия, Норвегия, Сейшель ороллари ва Франция ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер мазкур операцияда қатнашишга 20 дан ортиқ давлатлар рози бўлгани, бироқ уларнинг камида саккизтаси давлат номини ошкор қилинишидан бош тортганини маълум қилганди. Бу Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш туфайли минтақавий таранглик кучайиб бораётгани сабабли Қизил денгиздаги операцияга нисбатан сиёсий сезгирлик белгисидир.


Мақола муаллифи

Теглар

Яман Қизил денгиз Ҳусийлар United

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг