Яманда авиазарбалар оқибатида 25 киши ҳалок бўлди (видео)

3-саҳифа

−

visibility2066 timer2 дақиқа

image

Яманнинг жануби-ғарбидаги Лаҳж вилоятида автобус ва юк машиналарига берилган авиазарбалар оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди ёки бедарак йўқолди, яна олти киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Gulf news” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳужум бугун, 24 ноябрь куни Вади Мабақ ҳудудида амалга оширилган. Зарба оқибатида автобус ва юк машиналари нишонга олинган. Билдирилишича, ҳудудда Саудия Арабистони ҳарбий самолётларининг парвозлари давом этаётгани қутқарув ишларига тўсқинлик қилмоқда.

Кеча, 23 ноябрь куни ҳусийларнинг ҳарбий вакили Яҳё Сарий мазкур ҳужум ҳақида хабар берган, бироқ қурбонлар сонини очиқламаган эди. У ҳужум жавобсиз қолмаслигини билдирган.

Шунингдек, олдинроқ Яманнинг қўшни Ҳудайда вилоятига берилган алоҳида зарбалар оқибатида 17 киши ҳалок бўлган, бир нечта бино вайрон бўлган. Бу ҳақда ҳусийлар назоратидаги телекоммуникациялар вазирлиги маълум қилган.

Маълумот учун, Яманда ўн йилдан ортиқ вақтдан бери фуқаролар уруши давом этмоқда. 2026 йил июль ойида ҳусийлар ва Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаётган ҳукумат ўртасидаги сулҳ бузилганидан сўнг, мамлакатдаги можаро АҚШ ва Эрон ўртасидаги кенгроқ қарама-қаршиликка ҳам қўшилиб кетган.

БМТнинг сўнгги маълумотларига кўра, шундан буён мамлакатдаги тўқнашувлар оқибатида 1 600 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 300 мингдан зиёд одам эса уй-жойини тарк этишга мажбур бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматини қўллаб-қувватловчи Саудия Арабистони бошчилигидаги Араб коалицияси Эрон томонидан дастакланаётган ҳамда Саудия Арабистони ва Яман учун таҳдид солаётган ҳусийлар объектларига қарши кенг кўламли операция бошланганини эълон қилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг