Ҳукуматнинг яна бир қарори амалга ошмай ўзгартирилди
Жамият
−
16 Июль 2019
8253Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига республика олий спорт маҳорати мактаблари ва мактаб-интернатларининг фаолиятини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Ўзгартиришларга мувофиқ 2020/2021 ўқув йилида Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати ҳузурида Олимпия захиралари марказлари ташкил этилади. Аввалбошдан уларни 2019/2020 ўқув йилида ташкил этиш режалаштирилганди.
"Норма"нинг хабар беришича, Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларининг 6-синфига қабул қилишни ҳам 2020/2021 ўқув йилидан бошлайдилар. Республика олий спорт маҳорати мактабларида ўқув йили 1 январдан бошланади (қолган спорт мактабларида, илгаригидек, 2 сентябрдан бошланади).
Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари (600 киши) ва Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида (750 киши) ўқувчилар сони бўйича амалдаги норматив 2019/2020 ўқув йилда ҳам сақланиб қолади. Кейинчалик РИОЗМга 700 та ўқувчи қабул қиладилар. Тойлоқ ИОЗМ умумий контингенти – 600 киши.
Ўқувчиларни ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига қабул қилиш, аттестациядан ўтказиш, уларнинг ўқишини бошқа таълим муассасасига кўчириш, шунингдек овқатлантириш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўлови тўлашнинг умумий тартиби спортнинг олимпия ва миллий турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб- интернатларига татбиқ этилган. Бунда улар 5-синфдан қабул қилинади, кам таъминланганлар эса ўқувчилар умумий сонининг 15 фоизи доирасида ота-оналар тўловини тўлашдан озод этилади.
Энди олимпия захиралари спорт мактаблари директори лавозимига номзодлар Миллий олимпия қўмитаси билан келишилмайди, бироқ унинг вакиллари сайлаш, тайинлаш ва аттестациядан ўтказишда иштирок этади. Шунингдек, МОҚ олимпия захиралари марказларига нисбатан ташкилий-тасарруф этиш ваколатларидан маҳрум бўлди.
Олимпия захиралари мактаб-интернати бинолари, иншоотлари ва жиҳозларини жорий таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш бўйича техник ходимлар штат бирликларини киритиш нормативлари ва ўқувчилар учун суткалик озиқ-овқат нормасига (буғдой майсалари кукуни маҳсулоти қўшилди) бироз тузатиш киритилди.
Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари битирувчиларига тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун аттестациядан ўтказишни соддалаштирдилар. Таълим муассасаларини тамомлагандан кейин уч йил мобайнида улар аттестациянинг I (базавий назарий билимларни баҳолаш) ва II (спортнинг оммалаштирилаётган турига оид назарий ва амалий билимлари бўйича синовдан ўтиш) босқичидан ўтган деб ҳисобланадилар. Бошқа ОТМларининг жисмоний тарбия-спорт факультетларини тамомлаганлар учун шарт ўзгармади, улар фақат аттестациянинг I босқичидан озод этиладилар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Вазирлар Маҳкамасининг автомобиль чироқларини ёқиб юриш шартлиги ва мажбурий мактаб формалари ҳамда ЙПХ ходимларининг хизмат вақтида бодй камералар фаолият юритиши тўғрисидаги қарорларига қабул қилинганидан кўп ўтмай ўзгартириш киритилганди.