Муассасада носоғлом муҳит ҳукм сурмоқда — Болалар омбудсмани Самарқанддаги мактаб-интернатда ўрганиш ўтказди
Жамият
−
28 Май 2021
8603Жорий йилнинг 24 май куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти 63-сонли ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат тарбияланувчиларининг юз қисми кўкарган, шикастланган ва йиртиқ-ямоқ кийимларда юрган ва кир ювишга мажбур қилинаётганлиги холатлари акс этган расмлар кенг тарқалиб жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан назоратга олиниб, ўрганиш ўтказилган.
Ҳолат жорий йилнинг 25 май куни Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Самарқанд вилоятидаги Минтақавий вакили Н.Раббимова, Самарканд вилояти хокими Э.Турдимов, туман хокими Н.Сулаймонов, туман прокурори Д.Кубаев, туман ИИБ бошлиғи Б.Ибрагимов, Вилоят Халк таълими бошкармаси бошлиғи З.Шодиева, бошкарманинг масъул ходимлари томонидан ўрганилган.
Минтақавий вакилнинг аниқлашича, Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидаги ушбу муассасада тарбияланаётган суратдаги 2 нафар бола отаси томонидан уйига қайтариб олиб кетилган, кўзи кўкарган бола эса 11 март куни тенгдоши билан уришганлиги ва ўшанда кўзи кўкарганини айтган. Бу ҳолат боланинг тиббий анкетасида ҳам қайд этилган.
“Тоғорада кир юваётган 4-синф боласининг онаси билан суҳбат қурилганида бу каби ҳолатлар 4 йил давомида умуман кузатилмагани ва ушбу расмни кўриб тушунишмаганини билдирган... Албатта, бу ҳолат ўрганилиб, унга ойдинлик киритилгач, бола ҳуқуқларини таъминлашда, уларнинг таълим олиши, соғлиғини сақлаш масалаларида йўл қўйилган камчиликлар аниқланса, уларга тегишли чоралар кўрилади”, дейилади омбудсман хабарида.
Самарқанд вилоятидаги Минтақавий вакили Н.Раббимованинг сўзларига кўра, муассасада носоғлом муҳит ҳукм сурмоқда. Ходимлар ўртасида ўзбошимчалик, раҳбарларга бўйсунмаслик, лавозим вазифаларини бажармаслик, ўз ишига эътиборсизлик билан қараш ҳолатлари кўзга ташланмоқда.
Мазкур масала Самарқанд вилояти ҳокими назоратига олиниб, муассасадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича катъий вазифа ва топшириклар берилган.
LiveБарчаси