Боди-камера 1 январдан ишлайдиган бўлди - Ҳукумат қарори
Жамият
−
03 Июль 2019
8774Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йил 1 июлдан ЙПХ ходимлари боди-камера билан фаолият олиб бориши, угбу мосламага эга бўлмаган ходимларга бўйсунмаслик мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик. Бу орада ташкилий ишлар бироз вақт олаётгани важи билан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорини ўзгартириш, боди-камера билан фаолият юритиш муддатини 1 июлдан 2020 йил 1 январга қадар узайтириш таклифини берганди.
Бугун, 3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мазкур масалага оид барча маълумотларни ўрганиб чиқиб ўзининг янги “Ички ишлар органлари ходимларини мобил видеокузатув воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 556-сонли қарорини қабул қилди.
Мазкур қарор талабларига кўра, йўл патруль хизмати инспекторларини боди-камералар билан таъминлаш ҳамда уларни ишга тушириш муддати 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.
"Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4075-сонли қарорида айнан шу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳамда уларнинг ижрочилари, бу ишга масъуллар, бажариш муддатлари белгилаб берилган. Қарор ижроси бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилди. Боди-камералар харид қилинадиган ташкилот аниқ бўлди. Энди бутун диққат-эътибор маълумотларни сақлаш қурилмаларини харид қилиш, дастурий таъминотни ишлаб чиқишга қаратилган. Бу вазифанинг ҳам асосий қисми бажарилган. Эртага йўлларда турли келишмовчиликлар ва зиддиятлар, бахс мунозаралар келиб чиқмаслиги айнан мана шу дастурий таъминотни тўғри ва аниқ ишлашига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Кези келганида шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ҳар бир ҳаракат иштирокчиси йўл ҳаракати қоидаларини пухта ўрганиб, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга ўз хиссасини қўшадиган бўлса, бу фақат фойда келтиради. Шу сабабли биз ҳаракат иштирокчиларидан ортиқча эҳтиросларга берилмасдан қоидалар талабларини бажаришларини сўраб қолган бўлардик", дейди ЙҲХББ матбуот хизмати вакили.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь