Ҳукуматнинг 2000 га яқин қарори ўз кучини йўқотди

Жамият 5575
image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўз аҳамиятини йўқотган айри қарорларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан, 1887 та ҳукумат қарорининг аксарияти тўлиғича, баъзилари қисман ўз кучини йўқотди.

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, бугунги кунда амалда бўлиб турган 35 мингдан ошиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўлиб, бу қонуности ҳужжатларнинг кўплиги қонунчиликдаги такрорланишларга, тафовут ва чалкашликларга сабаб бўлмоқда.

Бу эса ўз навбатида ҳуқуқни қўллаш амалиётини мураккаблаштиради, улардан фойдаланишда ноқулайликлар келтириб чиқаради.

Чунки бир масалани тушуниш учун юзлаб ҳужжатларни кўриб чиқишга тўғри келади.

Қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ёки бошқа сўз билан айтганда уларни камайтириш:

•    биринчидан, фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан айнан қайси ҳужжатдан фойдаланса, тўғри бўлади деган саволга ечим топилади;
•    иккинчидан, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишда ва ҳуқуқшунос хизматлари билан боғлиқ сарф-харажатлар қисқаришига хизмат қилади;
•    учинчидан, қонунчиликдаги такрорланишлар ва тафовутларнинг бартараф этилишига олиб келади.

Вазирликнинг маълум қилишича, 500 га яқин ҳужжатларни бекор қилишни назарда тутган 2020 йил 27 сентябрдаги 6075-сонли Президент фармони ҳамда ҳукуматнинг мазкур қарори вазирлик томонидан олиб борилаётган қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштиришнинг биринчи босқичи ҳисобланиб, иккинчи босқичда қонунчилик ҳужжатларини соҳалар кесимида бирлаштириш режа қилинган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 130
Рейтинг: 3
Теглар
t
×