Кредит чангали, советдан қолган тизим, рўзғор ташвишидаги мигрантлар – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

image

Ўзбек боксининг афсонавий вакилларидан бири, мамлакат тарихидаги илк жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев 76 ёшида вафот этди. Ҳаётининг охирги йилларида у оғир касаллик билан курашиб келаётган эди. Шунингдек, Президентнинг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Русланбек Давлетов лавозимидан озод этилди ва Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори этиб тайинланди. Маслаҳатчи лавозимини эса Навоийшунос олим Олим Давлатов эгаллади. “Президент Администрацияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун Президент томонидан қабул қилинди ва кучга кирди. Бу ҳафта давомида содир бўлган воқеаларнинг қисқача ахбороти эди. Эфирда QALAMPIR.UZ’нинг Ҳафта таҳлили ва муҳим воқеаларнинг тўлиқ тафсилоти билан кўрсатув давомида танишасиз.

Россия аллақачон мигрантлар учун жозибадорлигини йўқотган, меҳнат муҳожирларига ҳайвондек муносабатда бўлинадиган, тинимсиз рейдларда уларнинг оддий ҳуқуқлари ҳам поймол қилинадиган мамлакат бўлибгина қолмай, энди у ўта хавфли жойга айланиб бормоқда. Бунгача айрим ўзбекистонлик мигрантлар урушга боришга мажбурланаётгани, таклифни қабул қилмаса, қамоқ билан таҳдид қилинаётганидан ёзғирган бўлса, энди урушга бормай, рўзғор дардида юрганларга дайди ўқ келиб уриляпти.

Татаристонда шу ҳафта бошида содир бўлган ҳолатдан хабарингиз бор. Украина Қуролли кучларининг дрон билан Нижнекамск шаҳрига уюштирган ҳужуми қурилиш корхонасида ишлаган саккиз ўзбекистонлик, бир тожикистонликнинг бошига етди. Жами 13 киши қурбон бўлди, улар орасида кичик ёшдаги қизалоқ ҳам бор. Яна 27 нафар хорижий фуқаро шифохонага ётқизилган, уларнинг айримлари ўзбекистонликлар.

Татаристон раҳбари Рустам Миннихонов Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмонга ҳамдардлик телеграммасини йўллади. Унда қурбонлар ва жабрланганларнинг оилаларига зарур ёрдам кўрсатилиши айтилган.

Татаристон Ҳукумати қурбонларнинг оилаларига 2 миллион рубль – тақрибан 23 минг 700 АҚШ доллари ёрдам ажратиш ҳақида қарор қабул қилди. QALAMPIR.UZ’нинг Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланиб, аниқлик киритишича, ушбу қарор хорижий фуқароларга ҳам тегишли бўлиб, вафот этган ўзбекистонликларнинг яқин қариндошларига ҳам компенсация пуллари ажратилади.

Жабрланганларга эса жароҳатнинг оғирлик даражасига қараб 300 минг рублдан 600 минг рублгача тўланади. Бундан ташқари, қисман ва тўлиқ йўқотилган мол-мулк учун ҳам тўлов назарда тутилган: биринчи даражали зарурий мол-мулк тўлиқ йўқотилганда – 156,7 минг рубль, қисман йўқотилганда – 78,4 минг рубль. Молиялаштириш Татаристон Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан амалга оширилади.

Татаристон ушбу қурбони кўп ҳужумни террорчилик сифатида баҳолади. Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Республикада мотам эълон қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди. Ҳодисадан икки кун ўтиб, фожиада қурбон бўлган ўзбекистонликларнинг жасади махсус авиарейсда Тошкентга олиб келинди.

Федерация Президенти Владимир Путин ушбу ҳодиса ҳақида лом-мим демади, таъзия ҳам билдирмади. Россия сиёсий элитаси номидан сўз олган ягона шахс Ташқи ишлар вазирлиги воизи Мария Захарова бўлди. Унинг айтишича, Украинанинг Нижнекамскка ҳужуми Москванинг дўст мамлакатлар билан қардошлик муносабатларига нифоқ солиш учун мақсадли равишда амалга оширилган.

Айни вақтда Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар неча миллиондан ошади, деб ўйлайсиз? 2, 3, 4. ? Бир миллионга ҳам бормайди мен сизга айтсам. Ҳозирда Россияда 834 мингдан сал ошиқ ўзбекистонлик қора қозонини қайнатиш учун меҳнат қилмоқда. Аммо бу Марказий банк берган рақам ва нисбий. Негаки, бугунгача хориждаги ўзбекистонликларнинг сонини ҳеч қайси бир ташкилот аниқ айтолмаган. На Ташқи ишлар вазирлиги, на миграция агентлиги ва на бошқа такшилотлар… Давлат идоралари очиқлайдиган рақамлар бир-биридан кескин фарқ қилади. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Асосий важ – ўзбекистонлик ўзи борган мамлакатда расмий ҳужжатлар асосида ишламаслиги ёки консуллик ҳисобидан ўтмаслигида.

Марказий банкнинг Миграция агентлиги маълумотларига асосланиб айтишича, ҳозирги кунда 40 га яқин давлатда тахминан 1,4 млн нафар ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда. Россияни айтдим, Қозоғистонда 84,4 минг нафар ўзбекистонлик бор. Туркияда 72,1 минг ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда. Жанубий Кореяда 46,4 минг нафар ўзбекистонлик қора қозон учун тер тўкмоқда. Европада жами 258 минг ўзбекистонлик бор. Номи айтилмаган яна бошқа давлатларда 100 мингга яқин ўзбекистонлик рўзғор дардида юрибди. Бироқ, бу рақамлар мутлақ тўғри дегани эмас.

Жорий йилнинг ярим йилида чет элдан Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга (1,1 млрд доллар) кўпайиб, 9,3 млрд долларни ташкил қилган. Ҳисобот даврида жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг 4,3 млрд доллари ёки 46,7 фоизи анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали, 4,8 млрд доллари ёки 51,7 фоизи хориждан ўзбекистонлик жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан тўғри – P2P ўтказмалар орқали ҳамда 142 млн доллари ёки 1,6 фоизи банк ўтказмаси орқали амалга оширилган.

Шунингдек, жорий йилнинг етти ойи давомида хорижда мураккаб вазиятга тушиб қолган 2 888 нафар Ўзбекистон фуқароси ортга қайтарилди. Уларнинг 1 306 нафари мураккаб молиявий аҳволда қолган шахслар, 518 нафари болали аёллар, 1 022 нафари вояга етмаганлар ва 42 нафари махсус тиббий ёрдам орқали олиб келинган фуқаролар. Уларни қайтариш учун Миграция жамғармасидан 9 млрд 936 млн сўм маблағ сарфланган.

Ўзбекистон қонунчилигидан “диний экстремизм” атамаси чиқариб ташланди, унинг ўрнини “экстремизм” атамаси эгаллади. Бу энди экстремизм муайян дин билан боғланмайди дегани.  Сенатнинг 18-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда қабул қилинди.

Ўзгартириш киритишнинг асосий сабаби бугунги кунда экстремизмнинг шакл ва кўринишлари ўзгариб, унинг хавфи нафақат диний, балки бошқа экстремистик ғоя ва ҳаракатлар орқали ҳам намоён бўлаётганида. Шу сабабли экстремизмнинг барча кўринишларига қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш зарурати пайдо бўлган.

Қолаверса, жамоат хавсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишда иштирок этган шахс агар у ҳокимият органларига ўз вақтида хабар бериш ёки бошқа усул билан оғир оқибатлар юзага келишининг олдини олишга кўмаклашган бўлса, бу шахснинг ҳаракатларида жиноятнинг бошқа таркиби бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод этилади.

Энг асосий қисмини айтайми? Энди экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик бекор қилиниб, маъмурий жавобгарлик киритилмоқда, такроран содир этилган тақдирдагина жиноий жавобгарлик юзага келиши қайд этилмоқда.

Марказий Осиёнинг тўрт давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда кенг кўламли электр энергияси узилишлари юз берди.

Қозоғистоннинг Олма-ота, Жамбил, Туркистон, Қизилўрда вилоятлари “свет”сиз қолди. Энергетика вазирлиги мамлакатдаги электр узилишларини Марказий Осиё энергетика тизими томонидан электр энергияси оқимининг кескин ўзгариши билан изоҳлаган.

Қирғизистон Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, 14 август куни соат 15:34 да Қозоғистондаги юқори волтли тармоқда ташқи ўчиш содир бўлгач, мамлакат энергетика тизими вақтинчалик изоляция қилинган режимда ишлашга ўтган.
 

“Узилиш Қозоғистон энергетика тизимининг шимолий ва жанубий қисмларини боғлайдиган тармоқда содир бўлди. Натижада Марказий Осиё бирлашган энергетика тизими изоляция қилинган энергетика тугунига ажралиб чиқди, автоматик тизим эса ускуналарни сақлаб қолиш учун регламентга мувофиқ ишга тушди”, деб расман изоҳ берган Қирғизистон энергетика вазирлиги.

Тожикистонда эса Душанбе, Кўлоб, Хўжанд, Ваҳдат, Норак, Ҳисор, Шаҳринав, Бобожон Ғафуров тумани, Роғун ва бир қатор бошқа ҳудудлар аҳолиси электр энергиясисиз қолган. Мамлакат Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги кенг кўламли узилишга гўёки “Норак” ГЭСдаги авария сабаб бўлгани ҳақида тарқалган маълумотларни рад этган.

Ўзбекистонда узилишлар асосан, Сурхондарё вилоятига таъсир кўрсатган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги қўшни давлатнинг энергетика тизимидаги авария Марказий Осиё энергетика тизимига таъсир кўрсатганини, оқибатда минтақанинг ягона энергетика тизими ишида узилиш юз берганини маълум қилган.

Кўп ўтмай, Қозоғистон аварияда Қирғизистони айблаб чиқди. Қайд этилишича, Токтогул ГЭСида гидрогенераторларнинг ўчиб қолиши оқибатида юз берган, бу эса бутун Марказий Осиё энергетика тизимида узилишларга сабаб бўлган.

Энергетика вазирлигининг изоҳ беришича, энергия тизимида “қувватнинг кескин ошиши” – Марказий Осиё энергия тизими томонидан электр энергияси оқимининг бирдан ўзгариши юз берган. Шу сабабли аварияга қарши автоматика тизими ишлаб кетиб, бир нечта ҳудудлардаги истеъмолчиларнинг бир қисми вақтинча тармоқдан узилган.

Қирғизистон эса блекаут Қозоғистонда юқори кучланишли линиянинг ташқи узилиши оқибатида содир бўлган деган қатъий позицияни сақлаб қолмоқда.

Марказий Осиёнинг бирлашган энергетика тизими бир-бирига боғланган. СССР даврида 1970–1980 йилларда минтақадаги сув ҳамда энергетика ресурсларидан оқилона, ўзаро манфаатли фойдаланиш важи билан яратилган тизимни, ҳозирда айрим таҳлилчилар, Марказий Осиёни электр энергияси нуқтаи назаридан ҳам чангалда ушлаш учун қилинган лойиҳа сифатида баҳолайди.

Шу ўринда энергетика соҳасидан узоқлашмай, яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратсам. Ўзбекистон ички эҳтиёж тўлиқ қондирилганидан сўнг, ортиб қоладиган электр энергиясини Афғонистонга экспорт қилишни режалаштирмоқда. Бунинг учун Афғонистон ҳудудидаги электр тармоқларини қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича лойиҳалар амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг яп-янги Энергетика вазири Шерзод Хўжаев гапирди.

Вазирнинг айтишича, Афғонистонга электр экспорти мамлакат ичидаги истеъмолчилар эҳтиёжи тўлиқ таъминланганидан кейин ортиб қоладиган қувват ҳисобидан амалга оширилади. Айниқса, қуёш ва шамол электр станциялари юқори қувватда ишлайдиган мавсумларда ҳосил бўладиган ортиқча электр энергиясини экспорт қилиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Сурхондарё вилоятида янги қуёш электр станцияларини қуриш режалаштирилган.

Вазирга кўра, Самарқанд вилоятидаги ҳудудий электр тармоқлари бошқарувини хорижий инвесторларга бериш ҳамда “Сурхон – Пули-Хумри” юқори кучланишли электр тармоғини барпо этиш лойиҳаларини жадаллаштириш кўзда тутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев шу ҳафта энергетиклар олдига нефть-газ ресурсларини асоссиз ушлаб туриш, сунъий тақчиллик юзага келтириш ва нархларни оширишга қаратилган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатиш талабини қўйди. Дунёдаги вазиятни кўриб турибсиз. Урушлар, сиёсий низолар, гегемонлик даъволари ортидан ёнилғи тақчиллиги юзага келмоқда, нарх кўтарилмоқда.

Тугаётган ҳафтада Президент иштирокида нефть ва газ қазиб чиқариш, импорт қилиш, қайта ишлаш, захиралаш ҳамда истеъмолчиларга етказиб бериш ҳолати кўриб чиқилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ август ойида 27 та газ қудуғини ишга туширади. “Янги Култак”, “Ниёз”, “Қоратау”, “Марварид” ва “Тегирмон” конларидаги ишлар ҳисобига қўшимча 887 минг куб метр табиий газ қазиб чиқарилиши режалаштирилмоқда.

Нефть ва газни қайта ишлаш корхоналарини хомашё билан бир маромда таъминлаш, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш ҳамда ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш масаласи муҳокама қилинган.

Нархлар барқарорлигини сақлаш учун бозорда етарли таклифни таъминлаш, маҳсулотларни биржа савдоларига талабга кўра чиқариш, ишлаб чиқариш ва логистика харажатларини қисқартириш талаби қўйилган.

Ички бозорда талаб ва таклиф мувозанатини сақлаш, углеводород ресурслари таъминотида узилишларга ҳамда нархларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик мақсадида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига нефть ва газ қазиб чиқариш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларини сўзсиз таъминлаш вазифаси юклатилган. Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини йил якунига қадар режадаги 520 минг тонна ўрнига 606 минг тоннага етказиш топширилган.

Масъулларга ички бозор эҳтиёжини кунлик таҳлил қилиб бориш, таъминот билан боғлиқ хавфларни олдиндан аниқлаш ва зарур чораларни ўз вақтида кўриш бўйича кўрсатмалар берилган.

Ўзбекистонликларнинг банклар олдидаги қарздорлиги тарихий рекорд даржасини қайд этди. Айримлар бурнигача қарзга ботяпти ва тўлай олиш имконияти йўқ. Тўй, жентра, телефон, орзу-ҳавас учун сарфланаётган кредитларнинг чеки йўқ. Айни вақтда ўзбекистонликлар олган кредитлари ортидан банклардан 610 трлн сўм қарздор. Ёмон жиҳати шундаки, сўнгги бир йил ичида аҳолининг кредитлари 21,2 фоизга ошган. Олти йил давомида эса аҳолининг қарзлари беш баробардан кўпроққа ортган. Бу кўрсаткич 2021 йилда 58,8 трлн сўм бўлган бўлса, 2026 йилда қарийб 231 трлн сўмга етган. Тадбиркорлик субъектларининг қарзлари эса йилига 12 фоизга ошяпти.

Одамларимизда молиявий саводхонлик етишмайди. Улар нафақат ўз маошини тўғри сарфлашни, балки банкдан олган қарзини тўғри тақсимлашни ёки олган қарзи асли неча фоизга ўсишини билмайди. Оқибатда бурнигача қарзга ботади, банк эса пулини қайтаролмай сарсон бўлади.

Марказий банк аҳолининг қарз юкини камайтириш мақсадида кредит ва микрозаймлар рекламасида молиявий хавфлар ҳақида мажбурий огоҳлантириш беришни қонун билан мустаҳкамлашни таклиф қилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов вилоятдаги жамоат транспортларига доир вазиятларни танқид қилиб, чипталар муаммосини кўтарди.

У вилоят туманларининг биридаги йиғилишда Сурхондарёдаги транспорт тизимига доир вазиятни танқид қилиб, вилоят ҳудудидан ўтган автомагистралда аҳвол аянчли эканини айтди.

Қосимов темир йўл тизимида ҳам умуман шароитлар яхши эмаслигини билдириб, поездга ўтирган одам Тошкентга боргунича касал бўлиб қолаётганини урғулаган. У транспорт прокурорига бу борада эътироз билдирган.

Қосимов авиачипталарда икки хил нарх борлигини ҳам яширмаган. У бир ҳафта ичида шаҳарлараро ва Тошкентга қатнайдиган поездларни тўлиқ жиҳозлаш ҳамда барча талаб қилинган шароитларни ташкил этиш топшириғини берган. Шунингдек, чипталарни ҳам вилоят Монополияга қарши курашиш ташкилоти томонидан тўлиқ таҳлил қилиш, компания қанча миқдорда одамларга устама қўяётганини ҳисоб-китоб қилиш кераклиги айтилган.

Ўзбекистонда поездлардаги шароитларнинг абгорлиги билан боғлиқ масала бугун кўтарилаётгани йўқ. Йилларким бу масала муҳокама қилиб келинади. Баъзи ҳолатлар, хусусан халқаро даражадаги блогерларнинг чиқишларидан кейин қандайдир ўзгариш кузатилиши мумкин, бироқ ўша ўзгариш ҳам манзилли, айнан бир поезднинг бир вагонига нисбатан бўлади, холос. Авиачипталарнинг қимматлиги, танлов имкониятларининг камлиги ёки йўқлиги, сервиснинг ҳаминқадарлиги масаласи ҳам муҳокама қилинаётгани ва натижа сезилмаганига анча бўлди. Бироқ, бугунгача ҳеч бир ҳоким айни масалаларда сўз очмаган. Кўрамиз, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва бошқа авиакоманиялар бу гаплардан қандай хулоса чиқарар экан? Қосимовнинг эътирози ва танқидидан бир ҳафта ўтиб ҳам икки ташкилот муносабат билдиргани йўқ.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг