Ҳукумат Ўзбекистонга коронавирус кирганини яширяптими? Вазир жавоб берди

Жамият

image

“Хабарингиз бор, жуда кўп “фейк”, аҳолини ваҳимага, паникага соладиган маълумотлар кенг тарқалмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бунга қарши жуда кучли кураш олиб боряпти”, дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов айни дақиқаларда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтаётган матбуот анжуманида. 

Вазир анжуманда коронавирус бўйича дунёдаги вазият ҳақида маълумот бериб, Ўзбекистон бу борада етарли даражада ҳимоялангани ва вазият барқарор эканини таъкидлади. 

Маълумки, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда коронавирус аллақачон Ўзбекистонга ҳам киргани, ҳатто, Фарғона ва Тошкентда беморлар вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вазирлик бу гап-сўзларни рад этди. Орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон Ҳукумати аҳоли орасида ваҳима уйғотмаслик учун коронавирус кириб келганини яшираётгани иддао қилинди. Шодмонов матбуот анжуманида бу масалага нисбатан қуйидагича муносабат билдирди:

“Бу касалликни беркитиб бўлмайди. Ҳеч бир мамлакат буни беркита олмайди. Мен тизимнинг раҳбари, олим сифатида айтаманки, бу касалликни беркитишнинг ҳеч қандай иложиси йўқ. Энг яхшиси, бу касалликка қарши эҳтиёт чоралари, профилактикани кўриб, мамлакатимизга кириб келишининг олдини олишимиз керак”.

Вазир сўзида давом этаркан, аҳолига қарата мурожаат қилди: 

“Хорижга чиқишга эҳтиёж йўқ бўлса, чеклайлик, бормайлик. Бу жуда кўп хавф-ҳатар туғдиради”. 

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди. Вирус бугунгача 115 давлатга кириб борди. Ундан ҳалок бўлган 4029 нафарга, касалланганлар 114 573 нафарга етди.

Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Шодмонов коронавирус

Баҳолаганлар

460

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг