Тошкентдаги 16-шифохонага коронавирусга чалинган икки бемор олиб келиндими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга ҳам коронавирус кириб келгани, бир неча вилоятда ушбу касаллик билан оғриганлар аниқлангани ҳақида турли миш-мишлар тарқалганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур хабарларга зудлик билан муносабат билдириб, улар ҳақиқатдан йироқ эканини таъкидлаганди. 

Кеча ижтимоий тармоқларда яна бир овозли ёзув тарқалди. Унда қайд этилишича, коронавирус аллақачон Тошкентга кириб келган. Халқ тилида 16-шифохона деб ном олган Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий Марказига коронавирусга чалинган икки бемор олиб келинган. Ушбу миш-мишни тарқатган аёл шундай дейди: 

“Ўртоқлар, бизга, 16 га коронавирус келди, иккита. Роса эҳтиётингларни қилинглар, икки қаватдан ниқоб тақиб, кўзларга кўзойнак тақинглар. У кўзнинг шиллиқ қаватидан юқади. Ниқобни икки қаватдан тақинглар. 

Эҳтиётингларни қилинглар, илтимос. Тошкентда кўпайиб кетибди, беркитишяпти. Одамларни огоҳлантирмай, эҳтиётини қилишмаяпти. Ўзингларни эҳтиётингларни қилинглар, жигарларим”, дейди хабар эгаси бўлган аёл. 

Мазкур овозли ёзув ортидан QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев билан боғланди. 

“Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар мутлақо ҳақиқатга зид. Вазият барқарор. Халқимиз яхши биладики, 16, яъни Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий Маркази ўз номи билан шошилинч ёрдам кўрсатиш керак бўлган беморларни қабул қилади. Юқумли касалликларга чалинган беморлар эса юқумли касалликлар шифохоналарида даволанади. Шу нуқтаи назардан ҳам тарқатилган хабарлар мутлақо нотўғри”, дейди ССВ расмийси. 

Ушбу овозли ёзувдан QALAMPIR.UZ’нинг илғаганлари шуки, айни вақтда бошқа мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ниқоблар нархини сунъий ошириш, талабни кучайтириш ва бунинг ортидан мўмай даромад топиш илинжида юрганлар талайгина. Эътибор қаратсак, овозли хабарни тарқатган аёл бир икки марта ниқоб тақиш кераклиги ва бу ниқоблар икки қаватдан бўлиши кераклигини айтади. Биринчидан, барча стандартдан ўтган ниқоблар икки қават эмас, бир қават бўлиши ҳақида маълумотлар мавжуд. Иккинчидан махсус корхоналарда фақат бир қаватли ниқоблар ишлаб чиқарилади. Икки қаватли ниқоблар эса қўлбола усулда ёки цехларда тайёрланади. Масаланинг бу жиҳатларига эътибор қаратсак, ҳақиқатан ҳам айримлар чўнтагини қаппайтириш учун одамларда ваҳима уйғотмаяптими, деган савол туғилади. 

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди. Вирус бугунгача 115 давлатга кириб борди. Ундан ҳалок бўлган 4027 нафарга, касалланганлар 114 458 нафарга етди.

Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий Маркази

Баҳолаганлар

1103

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар