Ҳокимлик “Пахтакор”га берилган миллиардларни изоҳлади
Жамият
−
15 Июль 2023 10250 2 дақиқа
Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов маҳаллий бюджетдан “Пахтакор” футбол клуби ҳисобига 7 миллиард сўм маблағ ўтказиб бериш ҳақида қарор имзолагани айтилганди. Ҳокимлик мазкур қарор юзасидан расмий муносабат билдирди.
“Пахтакор” футбол клуби Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 апрелдаги “Футбол клублари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 261-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига бириктирилган ва ҳокимият клубнинг бош ҳомийси бўлиши белгиланган. Бу эса футбол клубининг харажатлари асосан шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджет даромадларининг орттирилган қисмидан қоплаб берилишини англатади”, дейилган ҳокимлик муносабатида.
Маълум қилинишича, ҳозирда “Пахтакор” ФК МЧЖнинг 334 нафар ходими бор ва уларнинг 200 га яқини спортчилар ҳисобланади. Улар: асосий таркиб, аёллар, ёшлар, футзал ва уларнинг турли ёшдаги жамоалари ҳамда мураббийлардир. Жамиятнинг қолган аъзолари эса ОФК ва ЎФА регламенти асосида ишловчи хизматчилар саналади.
“Клуб академиясида бугунги кунда 300 дан ортиқ ёшлар таълим олаётган бўлиб, уларнинг мураббийлари ҳам МЧЖ ходимлари ҳисобланади. Ушбу умумий жамоанинг меҳнат ҳақи, балансдаги 2 та база, 8 та стадионни сақлаш, футболчиларни витаминлар билан таъминлаш, зарур техник жиҳозлар хариди, вилоятлардаги ва чет эллардаги сафарлар харажатларининг барчаси таъсисчи, бош ва бошқа ҳомийлар зиммасига юклатилган”, дея таъкидлаган Тошкент шаҳар ҳокимлиги.
Шунингдек, “Пахтакор” ФК МЧЖ раҳбариятиннинг Тошкент шаҳар ҳокимлигига жорий йилнинг 13 июль куни юборилган хатида бир йиллик тасдиқланган харажатлар сметасига асосан 2023 йилнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, коммунал тўловлар ва ўйин ўтказиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун клубга 7 миллиард сўм маблағ ажратилиши сўралган. Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг тегишли қарори билан клуб фаолияти учун зарур маблағ ажратилган.
“Бу маблағ футболни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, уни кимгадир тегишли тизимни молиялаштириш деган талқин ноўрин”, деб якунланган муносабат.