Ҳокимларнинг айрим масалаларда ваколатларини чеклаш таклиф этилди
Жамият
−
10 Июнь 2020
6717Ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилаш, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тугатиш бўйича уларнинг ваколатларини чеклаш таклиф этилмоқда.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради. Маълум қилинишича, ушбу қонун лойиҳаси мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйиш ваколатини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига бериш назарда тутилмоқда.
Таъкидланишича, қонунда ҳеч ким суд қарорисиз мулк ҳуқуқидан маҳрум қилишга ёки уни чеклаб қўйишга ҳақли эмаслиги мустаҳкамлаб қўйиляпти.
“Хусусийлаштирилган хусусий мулк бўлган ер участкасини олиб қўйиш, башарти у национализация қилинадиган бўлса, фақат давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ҳамда ер участкаси мулкдорининг розилиги олинганида амалга оширилади. Хусусийлаштирилган ер участкасининг шартнома қиймати ва бошқа зарарларнинг ўрнини давлат томонидан олдиндан қоплаш шарти билангина, башарти у реквизиция қилинадиган бўлса, хусусийлаштирилган ер участкасининг мулкдорига етказилган зарарлар ва бошқаларнинг ўрнини қоплаш шарти билан амалга оширилишини назарда тутиш таклиф этилмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, айни пайтда ушбу қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун масъул қўмита томонидан тайёрланмоқда.
LiveБарчаси