Ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик учун жарима оширилмоқда
Жамият
−
29 Июнь 2021
5864Кеча, 28 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Либерал демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси бўлиб ўтди.
Лойиҳага кўра, Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми санкциясидаги жазо чоралари кучайтирилмоқда.
Амалдаги қонунчиликда, хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш — БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Энди жарима миқдори БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача оширилиб, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш жазо чораси киритилмоқда ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси бир йилдан уч йилгача кучайтирилиши кўзда тутилмоқда.
Депутатларга кўра, жавобгарликни белгилаш орқали ҳокимият вакилларининг ҳуқуқий ҳимояси таъминланади.
LiveБарчаси