“Ҳизбуллоҳ” базаларида Россия қуроллари топилди – Нетаньяху
Олам
−
17 Октябрь
4970Исроил аскарлари “Ҳизбуллоҳ” базаларини тинтув қилиш чоғида Россиянинг “энг замонавий” қуролларини топди. Бу ҳақда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху кеча, 16 октябрь куни Франциянинг “Le Figaro” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Сиёсатчининг айтишича, БМТнинг 2006 йилдаги резолюциясига кўра, Исроил ва Ливан чегарасидан оқиб ўтувчи Летани дарёсининг жанубида фақат Ливан армиясига қурол-яроғ берилиши мумкин.
“Аммо “Ҳизбуллоҳ” бу ҳудудда юзлаб туннель ва яширин жойлар қазди, у ерда биз ҳозиргина замонавий рус қуролларининг бир нечта бирликларини топдик”, дейди Нетаньяху.
“The Washington Post”нинг Исроил расмийларига таяниб ёзишича, Ливан жанубида Исроил босқини чоғида Россия ва Хитойнинг танкка қарши қуроллари топилган.
Маълумот учун, 23 сентябрь куни Исроил Ливанда “Ҳизбуллоҳ” кучларига қарши “Шимолнинг ўқлари” операциясини бошлаб юборди ва бу операция давомида ташкилотнинг ҳарбий нишонларига катта зарбалар берди. 1 октябрга ўтар кечаси Исроил армияси Ливан жанубидаги чегара ҳудудларида қуруқликдаги операция ўтказилишини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон Вазирлар кенгашининг ёпиқ йиғилишида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху БМТ резолюцияси асосида пайдо бўлган яҳудий давлатининг вужудга келган шароитларини эслаши кераклигини айтганди.
LiveБарчаси