Ҳиндистонда номаълум касалликка чалинганлар сони 500 дан ошди

Олам 10153
image

Сўнгги уч кун ичида Ҳиндистон жанубидаги Андхра-Прадеш штатидаги Элуру шаҳрида номаълум касаллик туфайли шифохонага жойлаштирилганлар сони 500 нафардан ошди. 

Шаҳар шифохонасининг Бош шифокори Моҳаннинг маълум қилишича, бугун, 8 декабрь ҳолатига 140 га яқин бемор шифохоналарда қолмоқда.

“Душанба куни кечгача шифохонага жами 476 киши ётқизилди. Уларнинг 332 нафарига шу куннинг ўзидаёқ жавоб берилди. 125 бемор шифохонамизда даволанмоқда, яна 18 нафари Вижаявада ва Гунтурдаги шифохоналарга ётқизилган", дея Моҳананинг сўзларини келтирган “Times of India” газетаси. 

Маълумотларга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусолог билан бирга учта мутахассисдан иборат гуруҳни Нью-Деҳлидан Элуруга юборган. Бундан ташқари, Тиббий тадқиқотлар институти, Миллий овқатланиш институти, Ҳиндистондаги Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўзларининг эксперт гуруҳларини ва икки мутахассисдан иборат гуруҳни ҳам Элуруга жўнатишди.

Барча беморларда қусиш, бош оғриғи ва бел оғриғи аломатлари намоён бўлмоқда. Жанубий Ҳиндистоннинг “The News Minute” нашри ёзишича, олимлар безгак ва Денге иситмасини  ташувчи чивинларга қарши ишлатиладиган хлорик органик моддалар касалликнинг сабаби бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқда. Аммо, шифокорларнинг фикрига кўра, беморларнинг қон таҳлиллари натижаларини олиш учун кўпроқ вақт талаб этилади.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 453
Рейтинг: 2.9
t
×