Ҳайдовчи ЙПХ ходимига аччиқ қилиб, автомобилини ёқиб юборди (видео)
Жамият
−
07 Январь 2020
13794Жорий йилнинг 2 январь куни ижтимоий тармоқларда ҳайдовчининг йўл-патруль хизмати ходимига аччиқ қилган ҳолда ўзига тегишли Matiz автомобилини ёқиб юборгани тасвирланган видео тарқалган эди. Хўш, ушбу воқеа қандай содир бўлганди? Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси масалага ойдинлик киритди.
Ҳодиса Тошкент вилояти, Янгийўл тумани Самарқанд кўчасида содир бўлган. Мазкур кўчада хизмат олиб бораётган йўл-патруль хизмати ходими 3.27 – тўхташ тақиқланади йўл белгисига бўйсунмасдан, автомобилини йўлнинг қатнов қисмида қолдириб кетган ҳайдовчидан қоидага биноан ҳужжатларини тақдим этишини сўрайди. Ҳайдовчи эса йўл-патруль хизмати ходимига фаол қаршилик кўрсатади.
Ушбу чигал ҳолатни ечишда жорий йилнинг 1 январидан қўлланилишини бошланган йўл-патруль хизмати ходимининг боди-камерасидаги тасвирлар ас қотган.
Ҳайдовчи йўл-патруль хизматига байрам экани, шу боис ҳужжатлари йўқлигини айтиб, қўйиб юборишини сўраган. Шундан сўнг у одамлар кўз ўнгида автомобилининг капотини очиб, унга ўт қўяди.
Айни вақтда эса йўл-патруль хизмати ходими ўз вазифани бажариб, бошқа машиналарни хавфсиз ҳудудга йўналтиради ва ёнғин хавфсизлиги ходимларига хабар беради. Воқеа жойига зудлик билан етиб келган ёнғин хавфсизлиги ходимлари алангани бартараф қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан айни вақтда Янгийўл тумани ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси