Ҳавотозалагичлар учун бож бекор бўлди
Жамият
−
25 Ноябрь 2914 2 дақиқа
Тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари (TIF TN код 8509 80) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда божхона божидан озод этилади. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 24 ноябрь куни қабул қилинган “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” фармонида белгиланган.
Президент фармонига биноан, махсус лаборатория учун ускуналар ва бошқа жиҳозлар, автоматлашган кичик станциялар (TIF TN коди 9027), ташламаларнинг автоматик мониторинг станциялари (TIF TN коди 9027), автоматик кузатув лостлари (TIF TN коди 9027), чанг-газ тозалаш ускуналари (TIF TN коди 8421), локал сув тозалаш иншоотлари (TIF TN коди 8421) ҳам бождан озод этилади.
Кеча, 24 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Администрация ҳамда алоқадор идоралар раҳбарияти иштирокида Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказганди.
Йиғилишда сўнгги кунларда кузатилаётган ҳаво ифлосланиши даражаси чуқур ташвиш уйғотаётгани, пойтахт аҳолисини ҳақли равишда хавотирга солаётгани, бу ҳолат тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб этаётгани қайд этилган.
Маълумот учун, 20 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича етакчи ўринга чиққанди. Мутахассислар ифлосланишнинг ортишини, кескин ҳарорат ўзгаришлари туфайли юзага келган инверсия билан боғлиқ эканини айтмоқда. Бундай шароитда зарарли зарралар ерга яқин ҳаво қатламида тўпланиб қолади. Ҳаво сифатини яхшилаш учун пойтахтнинг Яккасарой туманида жойлашган Тошкент иссиқлик электр марказида мазутдан воз кечилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ пойтахт Тошкентда дарахтлар сонини кўпайтириш, экологик вазиятни барқарорлаштириш ва атмосфера ҳавосини тозалаш мақсадида “Яшил белбоғ” ва “Яшил коридор” лойиҳалари амалга оширилиши маълум қилинганди.
Live
Барчаси