Тошкент яна дунёда ҳаво ифлослиги бўйича етакчилардан бўлди
Жамият
−
20 Ноябрь 2025 2561 1 дақиқа
Бугун, 20 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича 2-ўринга чиқди. Бу ҳақда IQAir портали маълумотларида келтирилган.
Тошкент вақти билан соат 18:55 ҳолатига кўра, пойтахт ҳавосида майда PM 2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 166 мкг/метр кубни ташкил этган. Бу ҳозирда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг йиллик PM 2,5 бўйича тавсия этилган меъёридан 33,2 баравар юқори.

Маълумот учун, бундай об-ҳаво шароитида аҳолидан зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик, сурункали нафас олиш йўллари касалликларига чалинган фуқаролар тиббий ниқоблардан фойдаланиши тавсия қилинади.
Кўчадан уйга киргандан кейин яхшилаб юз-қўлларни ювиш, хонада чанг тўпланишига йўл қўймаслик, эшик ва деразаларни маҳкам ёпиш ва кунига бир неча марта яхшилаб нам латта билан тозалаш керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзгидромет ҳам Тошкент ҳавоси ифлосланганлиги тўғрисида огоҳлантириш билан чиққан эди. Мутахассислар ифлосланишнинг ортишини, кескин ҳарорат ўзгаришлари туфайли юзага келган инверсия билан боғлиқ эканини айтмоқда. Бундай шароитда зарарли зарралар ерга яқин ҳаво қатламида тўпланиб қолади.