Ҳаррис президентлик учун курашни давом эттириши мумкин
Олам
−
26 Ноябрь
8089АҚШ вице-президенти Камола Ҳаррис жорий йилги президентлик сайловларида мағлубиятга учраганига қарамай 2028 йилда яна президентлик учун курашиши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Politico” хабар берди.
Нашрга кўра, Ҳаррис ўз сиёсий фаолиятини давом эттириш ниятида ва у бу бўйича яқинлари ҳамда ёрдамчиларидан турли вариантларни ўрганишни сўраган. Бу вариантлар орасида 2028 йилги президентлик сайловларида қатнашиш ёки 2026 йилда лавозимини тарк этиши кутилаётган Калифорния губернатори Гэвин Ньюсомнинг ўрнини эгаллаш мавжуд. У оиласи билан ўз режалари ҳақида қишки таътил пайтида маслаҳатлашишни мўлжалламоқда.
Нашрнинг ёзишича, Ҳаррис сиёсий майдондаги обрўсини мустаҳкамлашга муваффақ бўлган. Хусусан, “Echelon Insights”нинг сўров натижалари агар Ҳаррис 2028 йилда президентликка номзод бўлса, унинг қўллаб-қувватлаш даражаси 41 фоизни ташкил этишини кўрсатган. Бу рақам Демократик партиядаги бошқа потенциал номзодлар – Гэвин Ньюсом, Пит Буттижич ва бошқаларнинг рейтингидан юқорироқ. Шу орқали Ҳаррис Демократик партия ичида муҳим роль ўйнашда давом этиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Камола Ҳаррис Вашингтондаги Гарвард университетида сайловдаги мағлубиятдан кейин нутқ сўзлаган эди. У нутқида Дональд Трампга қўнғироқ қилганини айтиб, ҳокимиятни бошқариш жараёнида унга ёрдам беришга ваъда берганди.