Ўзбекистон КХШТга қайтадими?

Жамият

image

АҚШ ва НАТО қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши ушбу мамлакатда янги сиёсий муҳит юзага келтирди. Бу Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизликка таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, хорижда Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)да иштироки қайта тикланиши мумкинлигига доир турли шарҳ ва фикрлар пайдо бўлди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида КХШТга қайтиш ҳақидаги фикрларга муносабат билдирди.

“Умуман олганда, ташқи тажовуз ҳолатида қуролли кучлардан фойдаланиш ҳуқуқи инкор этиб бўлмайдиган ҳодиса ва аксарият мамлакатларнинг хавфсизлик соҳасидаги миллий концепциялари, шунингдек, ҳарбий-сиёсий блок шаклидаги турли бирлашмалар доктриналарининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Ўзбекистон эса, ҳамиша барча масалаларнинг, айниқса, узоқ ўн йилликлар мобайнида барча қўшни мамлакатларда ташвиш уйғотиб келган Афғонистондаги низонинг тинч йўл билан ҳал этилишини ёқлаган ва ёқлайди. Биз афғон муаммосини ҳал этишнинг ҳарбий йўли йўқ эканини доимо таъкидлаб келганмиз. Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятида бу нуқтаи назарга кўпчилик хайрихоҳлиқ қилмоқда. Афғонистондан халқаро коалиция қўшинлари олиб чиқилгани ҳам бизнинг ёндашувимиз тўғри эканини кўрсатди”, дейди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

Комилов Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги, жумладан, Ташқи сиёсий фаолият концепцияси ва Мудофаа доктринасига мувофиқ, мамлакат ҳарбий блокларда иштирок этмаслиги тўғрисида бир-неча бор баёнот берганини эслатган.

“Бугунги кунда мамлакатимиз ўз миллий хавфсизлигини таъминлаш учун етарли салоҳиятга эга экани ҳам амалий жиҳатдан ўта муҳимдир. Ўзбекистонда ҳарбий қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар муваффақиятли бормоқда, миллий армиянинг ҳарбий-техникавий базаси мустаҳкамланмоқда.

Бироқ хавфсизликка нисбатан таҳдидларга тўқнаш келганда фақат ҳарбий куч йўлини танлаш ҳамиша ҳам кутилган натижани бермайди. Ахир самарадорлиги кам бўлмаган ва ҳатто кўпгина ҳолатларда хавфсизликка нисбатан таҳдидларга қарши туришда лозим даражада таъсирчан бошқа воситалар ҳам бор-ку. Ана шундай воситалардан бири, бу – дипломатия”, дея таъкидлаган Комилов.

Унинг таъкидлашича, превентив дипломатия усуллари ўтган даврда ўзининг фойдали эканини кўп бор тасдиқлаган, ҳозирги пайтда ҳам амалий кучини, жумладан, Афғонистондаги янги вазиятга ёндашувларда тасдиқламоқда.

“Бу ерда гап фақат икки томонлама дипломатия ҳақида бораётгани йўқ. Халқаро миқёсда кўп томонлама даражада миллий ва минтақавий хавфсизликка нисбатан ҳар қандай кўринишдаги таҳдид ва хавф-хатарлардан огоҳ бўлишга қаратилган сиёсий-дипломатик механизмларнинг бутун бошли тизими яратилган ва у доимий равишда ривожланмоқда.

Масалан, Марказий Осиёда минтақа мамлакатлари йирик шериклар билан мулоқотининг “5+1” шаклида мувозанатлашган механизмлар тизими мавжуд. Бундай платформалар Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи, ХХР, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Япония билан муносабатларда амал қилмоқда. Шунинг билан биргаликда, минтақада КХШТдан ташқари, МДҲ ва ШҲТ сингари ташкилотлар ҳам фаолият кўрсатмоқда, уларнинг доирасида долзарб масалалар, хусусан, минтақавий хавфсизлик таъминланишига, шунингдек, Афғонистон муаммосига доир масалалар муҳокама этилмоқда.

Яқинда Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ва Афғонистондаги вазиятнинг муҳокамасига бағишланган КХШТ саммити ҳамда ШҲТ+КХШТ форматидаги учрашувда Ўзбекистон фахрий меҳмон, шунингдек, ШҲТ аъзоси сифатида иштирок этгани ҳам вазмин ва амалий дипломатиямизнинг таркибий жиҳати ҳисобланади.

Фаол ва очиқ сиёсат натижасида Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари ва жаҳондаги йирик давлатлар билан стратегик шериклик муносабатларини ўрнатди. Улар билан терроризм ва экстремизмга қарши курашдаги ҳамкорлик фаол ривожланиб, ҳарбий-техникавий алоқалар муваффақиятли илгариламоқда. Минтақадаги ҳамкорликнинг барча қирралари юзасидан шерик давлатлар билан ўрнатилган мунтазам мулоқот минтақавий барқарорлик мустаҳкамланишига кўмаклашмоқда, хавфсизликка жиддий таҳдидларнинг олдини олиш учун шароит яратмоқда.

Буларнинг барчаси хавф-хатарларнинг олдини олиш ва уларга изчиллик билан қарши туриш бўйича масалаларни самарали муҳокама этиш ва ўз вақтида ҳал этиш имконини беради”, дейди Комилов.

КХШТ қандай ташкилот?

КХШТнинг вазифаси қўшин ва ёрдамчи бўлинмаларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан шартномада иштирок этадиган мамлакатларнинг ҳудудий-иқтисодий маконини ҳар қандай ташқи ҳарбий ва сиёсий тажовузкорлардан, халқаро террорчилардан, шунингдек кенг кўламли табиий офатлардан ҳимоя қилишдан иборат. Бироқ, КХШТ ягона ҳарбий-сиёсий бирлашма сифатида ҳеч қачон ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаган. Бугунги кунда ушбу ташкилотга 6 давлат: Россия, Беларусь, Арманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо.

Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг аъзоси бўлган

Қайд этиш керакки, КХШТ асоси 1992 йили Тошкентда қўйилган. Ўшанда ушбу шартномани Ўзбекистон ҳам имзолаган. Бироқ, расмий Тошкент 1999 йилда ушбу келишувга аъзоликни давом эттиришдан бош тортган. Орадан бин қанча муддат ўтиб, 2006 йилда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги тикланган. Кейин 2012 йилда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги яна тўхтатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулазиз Комилов

Баҳолаганлар

147

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг