Маҳмуд Аббос ҲАМАС етакчисининг ўлдирилишидан нима мақсад қилинганини айтди
Олам
−
06 Август
12380ҲАМАС етакчиси Исмоил Хониянинг ўлдирилиши Ғазо можаросини чўзиш мақсадида қилинган. Бу ҳақда Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Москвага ташрифидан олдин РИА Новостига берган интервьюсида сўз очди.
Қайд этилишича, Аббос узоқ кутилган ташриф билан 12-14 август кунлари Москвага боради. Аббос Хониянинг ўлдирилишини “қўрқоқлик ҳаракати ва Исроил сиёсатидаги хавфли воқеа” деб билишини айтди.
“Шубҳасиз, жаноб Xoниянинг ўлдирилишидан мақсад урушни чўзиш ва унинг кўламини кенгайтиришдир. Бу тажовузни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқиш бўйича давом этаётган музокараларга салбий таъсир кўрсатади”, дейди Президент Аббос.
Унинг айтишича, Хония уруш бошланганидан бери ҲАМАС халқаро дипломатиясининг юзи бўлган ва Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича халқаро воситачилик ҳаракатларида қатнашиб келган. Шунингдек, Маҳмуд Аббос Ғазо сектори қонуний Фаластин ҳукумати назоратига ўтказилиши кераклигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Аббос Путин билан минтақадаги тинчлик жараёнини муҳокама қилишни ва позицияларни мувофиқлаштиришни режалаштираётганини айтди.
“Бизнинг ташрифимиздан асосий мақсад Фаластин ва халқаро майдондаги сўнгги воқеалар юзасидан маслаҳатлашиш ва фикр алмашиш, позицияларни мувофиқлаштириш ва барча соҳаларда икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашдан иборат”, дея таъкидлаган Аббоснинг сўзларига асосланиб.
Эслатиб ўтамиз, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгуни қабул қилди ва улар икки томонлама келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Зебо Туробжонова