ҲАМАС сулҳ доирасида 34 исроилликни озод қилишга рози бўлди – ОАВ
Олам
−
06 Январь
2177Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режимини жорий этиш бўйича келишувнинг биринчи босқичи доирасида Исроил томонидан тақдим этилган рўйхатдаги 34 нафар гаровдагиларни озод қилишга рози бўлди. Бу ҳақда ташкилотдаги манбага таяниб, “Asharq” телеканали хабар берди.
Манбага кўра, Исроил томонидан тақдим этилган ва ҲАМАС томонидан тасдиқланган рўйхат сўнгги музокаралар давомида келишилган мезонларга мувофиқ бўлган. Қайд этилишича, ҳаракат ушбу гаровдагиларни озод қилишга рози бўлган, аммо уларнинг тирик ёки йўқлигини аниқлаш учун тахминан бир ҳафта вақт керак бўлади.
Кеча, 5 январь куни “Reuters” ҳам ҲАМАС вакилига таяниб, ҳаракат Ғазо сектори бўйича келишув доирасида озод қилишга тайёр бўлган 34 нафар гаровдаги шахснинг исмлари киритилган рўйхатни тасдиқлаганини хабар қилди.
Маълумот учун, 2023 йил ноябрь ойининг охирида Миср ва Қатар воситачилигида Ғазо секторида бир ҳафталик гуманитар сулҳ ўрнатилган эди. Шу вақт ичида Исроил маълумотига кўра, 110 нафар гаровдаги шахс озод қилинган. Аммо шу йилнинг 1 декабрь куни ўт очишни тўхтатиш режими бузилиб, Фаластин анклавида жанговар ҳаракатлар қайта бошланди. 2024 йилда Миср, Қатар ва АҚШ иштирокида ўтказилган бир неча музокаралар давомида томонлар келишув параметрларини муҳокама қилишда келишувга эриша олмади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҲАМАС Исроил билан Ғазо сектори бўйича сулҳга эришиш эҳтимоли ҳақида баёнот бериб, бунинг амалга ошишини “ҳар қачонгидан яқинроқ” деган эди. Бироқ Исроил Президенти Ицхак Герцог музокараларда сулҳ битимига эришиш эҳтимоли ортиб бораётгани ҳақидаги хабарларга қарамай, ҳали муҳим бурилиш рўй бермаганини маълум қилди. Билдирилишича, Исроил делегацияси Қатарда ҲАМАСнинг битим тафсилотларига жавобини кутмоқда, лекин ижобий жавоб олиш эҳтимоли кам.
LiveБарчаси
07 Январь