Ҳакими зўрлаш иши бўйича суд қилинади

Спорт

image

Франция Олий суди “Пари Сен-Жермен” ҳимоячиси ва Марокаш терма жамоаси сардори Ашраф Ҳакимига нисбатан зўрлаш айблови бўйича суд жараёни ўтказилишини тасдиқлади. Бу ҳақда “Le Figaro” нашри хабар берди.

“Кассация суди Ҳакимининг апелляциясини рад этди ва ишни қабул қилиш учун жиддий асослар мавжуд эмас, деган қарорга келди”, дейди жабрланувчи томон адвокати Бертран Перрье.

Нашрга кўра, мазкур апелляция футболчининг Франция суд тизимидаги сўнгги чораси бўлган. Бундан аввал, жорий йилнинг февраль ойида Нантер прокуратураси ишни О-де-Сен департаменти жиноят ишлари судига юборган. Июнь ойи ўртасида эса Версаль апелляция суди мазкур қарорни қўллаб-қувватлаган.

Барча айбловларни рад этиб келаётган Ҳакими ўша вақтда ўз позициясини судда баён қилиш имкониятини кутаётганини айтган. Суд жараёнининг бошланиш санаси ҳозирча маълум эмас.

“Уч ярим йиллик суд жараёнларидан сўнг, ҳимоя томонининг туҳмат ва бўҳтонларига дуч келган мижозим адолат қарор топиши учун қатъий курашади ва охиригача боради”, дейди жабрланувчининг яна бир адвокати Рейчел-Флор Пардо.

Ҳодиса 2023 йил февраль ойида Париж яқинида содир бўлган. Аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга футболчи билан ижтимоий тармоқлар орқали танишгани ва кейин унинг уйига борганини айтган. Аёлнинг даъво қилишича, Ҳакими унинг рад жавобини инобатга олмай, унга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган. Ҳодисадан сўнг у футболчининг уйини тарк этиб, полицияга мурожаат қилган.

2023 йил март ойида Ҳакими ҳибсга олиниб, кейин суд назорати остига олинган. Сўроқ жараёнида футболчи барча айбловларни қатъиян рад этган. Унинг адвокатлари эса ишни товламачилик схемасининг бир қисми сифатида баҳолаган.

Маълумот учун, Ашраф Ҳакими 2021 йилдан буён ПСЖ сафида тўп суриб келади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг