Танзила Норбоева БМТ Бош котиби билан юзма-юз музокара ўтказди
Жамият
−
15 Март
4266Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, учрашув мобайнида Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилган. Хусусан, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, гендер тенгликни таъминлаш, шунингдек, экологик муаммолар, жумладан Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш масалаларига эътибор қаратилган.
Унда Ўзбекистоннинг БМТ билан ўзаро алоқалари тобора кенгайиб бораётгани, иқтисодиёт, илм-фан, соғлиқни сақлаш, экология, маданият ва таълим йўналишларидаги ҳамкорликнинг самарали натижалари алоҳида қайд этилган.
"Ўзбекистон БМТ доирасида жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланган, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга амалий ҳисса қўшаётган ташаббусларни илгари суриб келаётгани қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистон ташаббуси билан сўнгги йилларда минтақавий ҳамкорлик, экология, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган БМТ Бош Ассамблеясининг 7 та махсус резолюцияси қабул қилинган", дейилади манбада.
Қолаверса, Гутерриш Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатида Ўзбекистоннинг муҳим ролига, мамлакатлар барча соҳаларда жадал ҳамкорлик қилаётганига алоҳида тўхталиб ўтган.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ташаббусларини халқаро майдонда илгари суриш, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга доир аниқ таклифларни қўллаб-қувватлашда БМТ билан конструктив ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилган. Учрашув якунида Ўзбекистон ва БМТ ўртасида барча соҳаларда ўзаро манфаатли муносабатларни янада кенгайтиришга келишиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Танзила Норбоева Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош қароргоҳида Марказий Осиё минтақаси ва Озарбайжон номидан сўзга чиққани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси