Cobalt, Damas ва Labo нархлари ошади – UzAuto Motors
Жамият
−
12 Март
23899Аввалроқ, UzAuto Motors оммабоп автомобилларининг нархини оширгани ҳақида хабар бергандик. Компания мазкур хабарлар юзасидан тушунтириш берди.
Маълум қилинишича, UzAuto Motors 2024 йилнинг иккинчи ярмида ишлаб чиқариладиган Damas, Labo ва Chevrolet Cobalt русумидаги автомобиллар нархи 3,5 фоиз-6,7 фоиз доирасида қимматлаяпти. Айни пайтда уларнинг нархи қуйидагича белгиланган:
- Cobalt GS-Style Plus MT: 133 598 000 сўм (124 264 000 сўм эди);
- Cobalt GX-Style Plus AT: 156 589 000 сўм (146 757 000 сўм эди);
- Damas D2 DLX Style Plus:100 325 000 сўм (96 932 000 сўм эди);
- Labo: 98 779 000 сўм (96 115 000 сўм эди).
"Ўзбекистон автомобиль бозорида таклифнинг ортиб бориши автомобилларнинг чакана сотувида янги ёндашувларни талаб қилади. Компания томонидан ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича олиб борилган узлуксиз ишлар харидорларга “воситачиларни” четлаб ўтиб, автомобилларнинг мавжудлигини оширишга имкон берди. Бунинг натижасида, иккиламчи бозорда автомобиль нархлари кескин пасайди.
Бозорда талаб ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда Damas, Labo ва Chevrolet Cobalt автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмини қўшимча равишда ошириш масаласини ишлаб чиқди. Бундан ташқари, олдинги шартнома пайтида кечиктирилган тўлов 2024 йилда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг бир қисмини чиқаришга олиб келди, бу эса компанияга қўшимча автомобилларни таклиф қилиш имконини беради. Damas, Labo ва Chevrolet Cobalt автомобиллари учун шартномалар очилиш санаси кейинроқ эълон қилинади", дейилади муносабатда.
Қайд этилишича, контрактация учун очиладиган қўшимча ҳажм 2024 йилнинг иккинчи ярмида ишлаб чиқарилиши ҳисобга олинган ҳолда, Damas, Labo ва Chevrolet Cobalt автомобилларининг нархи 3,5-6,7 фоизгача бўлган оралиқда қайта кўриб чиқилади. Бундан ташқари, UzAuto Motors ривожланган мамлакатларда қабул қилинган халқаро стандартларга мувофиқ автомобиллар сотув тизимини босқичма-босқич жорий этмоқда. Ушбу тизимга кўра, дилерликларга кейинчалик сотиш учун автомобилларни харид қилиш имконияти берилади. Шу билан бирга, дилерликларга автомобиль учун тавсия этилган чакана қиймат белгиланади.
Ушбу ёндашув нафақат дилерлик марказлари ўртасидаги рақобатни кучайтиради, балки хизмат кўрсатиш сифатини яхшилайди. Дилерлик марказлари хизмат кўрсатиш сифати ва инновацион хизматларни яхшилаш орқали қўшимча опциялар ва аксессуарларни таклиф қилиш имкониятига эга бўлади. UzAuto Motors’нинг дилерликлар билан ўзаро ҳамкорликнинг янги тизимига ўтиши янада самарали ва инновацион савдо усулларини тақдим этишга қаратилган қадам экани айтилган. Онлайн-контрактация ва савдо-сотув тизими истеъмолчилар, дилерликлар ва компаниянинг ўзи учун янада ихчам ва қулай моделни тақдим этади, бу эса автомобиль саноатида транспарентликка ва ривожланишга туртки беради.
Маълумот учун, компания 2023 йил 25 – 27 декабрь кунлари Cobalt, Damas ва Labo автомобиллари учун жами 171 минг 200 дан ортиқ онлайн шартномалар тузган. Мазкур автомобиллар 2024 йилда ишлаб чиқарилиши ва мижозларга етказилиши режалаштирилган.
LiveБарчаси