Оҳангарон шаҳрига янги ҳоким тайинланди
Жамият
−
26 Февраль
6889Тошкент вилоятидаги Оҳангарон шаҳри ҳокими лавозимига Музаффар Эркабоевич Ражаббоев тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 26 февраль куни Халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Оҳангарон шаҳар ҳокими лавозимига Музаффар Ражаббоев номзодини тавсия қилган.
Ражаббоев Халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгашининг қарори билан Оҳангарон шаҳар ҳокими этиб тайинланган.
Маълумот ўрнида, Музаффар Ражаббоев 1984 йилда Паркент туманида туғилган. Маълумоти – олий. 2007 йил Тошкент ирригация ва меллиорация институти, 2014 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси, 2019 йилда Хитой Халқ Республикаси халқаро бизнес ва иқтисодиёт университетида магистратурани тамомлаган.
У меҳнат фаолиятини Қибрай тумани ИИБ Ёнғин хавфсизлиги хизматида бошлаган. Шунингдек, Юқори Чирчиқ, Паркент тумани ҳокимликларида масъул вазифаларда ишлаган. Ражаббоев тайинловга қадар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, 24 февраль куни Кўкдала тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Шокиров Деҳқонобод туманига, Ёшлар ишлари агентлигининг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Сардор Полвонов Хива туманига ҳоким этиб тайинланганди.
LiveБарчаси