Жанубий Кореяда ит гўштини ейиш тақиқланди

Олам

image

Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси депутатлари ит гўштини истеъмол қилиш мақсадида кўпайтириш ва сўйишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг “Yonhap” агентлиги хабар берди. 

“The Korea Times” газетасининг ёзишича, қонун лойиҳасини 208 депутат қўллаб-қувватлаган, яна икки парламентарий бетараф қолган. Энди Президент ҳужжатни имзолаши керак.

Итни сўйиш, кўпайтириш ва истеъмол қилиш учун сотишни тақиқлаш 2027 йилдан кучга кириши кутилмоқда.

Гўшт учун ит боқадиганлар икки йилгача қамоқ ёки 20 миллион вон (15 минг доллар) миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Итларни гўшт учун сўйганлар уч йилгача қамоқ ёки 30 миллион вон (22,8 минг доллар)гача жаримага тортилиши мумкин.

Унгача мамлакатда уч йиллик имтиёзли давр мавжуд бўлиб, унда ҳеч қандай жазо чоралари қўлланилмайди. Маҳаллий ҳокимият органларига ит гўштидан воз кечиш режаси тақдим этилса, соҳада ишлаётган одамлар ва корхоналар давлат томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин бўлади.

Ҳукумат статистикасига кўра, ит гўштидан тайёрланган маҳсулотларни сотувчи 1150 га яқин ит фермаси, 34 та гўштни қайта ишлаш заводи, 219 та дистрибютор ва 1600 га яқин ресторан мавжуд.

Сўнгги бир неча йил давомида Жанубий Кореяда ит гўштини тақиқлаш ғояси муҳокама қилинмоқда. 2023 йил декабрь ойида Сеулда жойлашган Ҳайвонлар фаровонлиги бўйича тадқиқот ва таълим-таҳлил маркази икки минг киши ўртасида сўров ўтказган.

Респондентларнинг 94 фоиздан ортиғи бир йил давомида ит гўшти емаганликларини, 93 фоизга яқини эса келажакда бундай қилиш нияти йўқлигини айтишган. Бундан ташқари, респондентларнинг 82 фоиздан ортиғи итларнинг гўштини озиқ-овқат сифатида истеъмол қилиш учун кўпайтириш ва сўйишни қонун билан тақиқлашни қўллаб-қувватлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея ит гўшти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made